№1, 01.01.2016 Шеърият гулшани
ҚАСАМ
Эрта тонгда ҳур фаришталар,
Дуо ўқиб турар қарасам.
Ҳаётимни издан чиқарди,
Ўша куни мен ичган қасам.
Оёғимга йиқилиб ғурур,
Шу қасамни ичасан деди.
Таҳир эди шарбатнинг таъми,
Муҳаббатдан кечасан деди.
Мен-ку кечиб кетдим ҳислардан,
Лек иккига бўлинди юрак.
Танамдаги оғу захридан,
Қайларгадир беркинди тилак.
Энди у ҳам қасамлар ичиб,
Ўтинчим бор мени унутсин.
Ғуруримдан беркиниб бир кун,
Соғинганда бораман, кутсин.
Нурхон ТУРҒУНБОЕВА,
Шаҳрихон тумани.
СОҒИНЧ ВА ЮРАК
Соғинч ҳар кун келиб ёнимга,
Хонам узра айлайди парвоз.
Жўшқин юрак чиқиб жонимдан,
Ҳароратга беради овоз.
Юрагимнинг дарвозаси - ишқ,
Хаёллардан олади таскин.
Ҳажр ўтида айлабон нолиш,
Изҳор турар ийманиб, мискин.
Соғинч мендан бўлади хафа,
Дард-аламга ўртоқсан-да деб.
Юрак гўё рашкка бир қафас,
Адо қилар ўз-ўзини еб.
Охири жанг бошлади соғинч,
Юрак мендан ёрдам сўради.
Иккисига бойлаб бир боғич,
Меҳр деган нурга ўрадим.
Феруза МАТКАРИМОВА,
Улуғнор тумани.
ҚОР ЁҒМОҚДА
Туташганда ер-осмон,
Бир элак қор ёғмоқда.
Ўйнаб-учиб ҳар томон,
Капалак қор ёғмоқда.
Ҳар бирини улгуриб,
Тутиб олгим келади.
Ҳовучимни тўлдириб,
Тутиб қолгим келади.
Кимнинг дили бўлса ғаш,
Бўшатайин кафтимни.
Қалбимда севинч-оташ,
Улашайин тафтимни.
Ҳовуч-ҳовуч момиқ қор,
Шодлик солсин кўнглимга.
Ўзидан соф, беғубор,
Оқлик солсин йўлимга.
Умида ЭГАМБЕРДИЕВА,
Булоқбоши тумани.
ЯНГИ ЙИЛ
Янги йил - ҳаётнинг янги кунлари,
Янги орзуларга берайлик қанот.
Унутинг, барча араз ва гинани,
Ёмонлик, зулматдан қалб бўлсин йироқ.
Янги йил янги ўй, янги мақсадлар,
Орзулар бағрига етайлик тезроқ.
Соат ўн иккига етмоқда дўстлар,
Эзгу ниятларни тилайлик кўпроқ.
Қор остида қолиб кетсин армонлар,
Юраклар самимий севгига тўлсин.
Меҳр-муҳаббатга чўмилсин дунё,
Янги йил барчага муборак бўлсин.
Сарвиноз СУЛТОНОВА.
|