№2, 07.01.2016 Маслаҳатчилар ҳаётидан
МАҲАЛЛА ИШИГА КАМАРБАСТА АЁЛ
Ватан, аввало, оиладан, маҳалладан бошланади. Демак, бу муқаддас гўшанинг мустаҳкам бўлишида аёлларимизнинг ўрни беқиёс. Халқимизда "Аёл бор уйда файз-барака, ободлик бўлади", деган гап бор. Бу бежиз айтилмаган. Негаки, аёл табиатан, куюнчак, гўзалликка интилувчан, рўзғорда тежамкор, оила мустаҳкамлиги учун қайғурадиган инсондир.
Шаҳрихон туманидаги Бувайдо маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий масалалар бўйича маслаҳатчиси Момохон Қорабоева ана шундай таърифга сазовор аёллардан. Бу тиниб-тинчимас аёл ўз вазифасига фидойилик билан ёндашиши, эл-юрт ишига жонкуярлиги билан одамлар орасида ҳурмат топа олди. Ҳеч бир мурожаат унинг назаридан четда қолмайди. Шунинг учун ҳам маҳалладошлари Момохон опага ҳамиша суянадилар.
Маҳалладаги 5250 нафар аҳолидан 2780 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Маслаҳатчи уларнинг барчаси билан яхши таниш, турмуш шароитидан тортиб, касбу коригача ўрганиб чиққан. Шу боис ҳам ҳар бир оиланинг имконият ва шароитларини яхши билади.
- Турмушда, умуман, ҳаётда жуда кўп нарсалар биз - аёлларга боғлиқ. Оила ташвишларидан тортиб жамоат ишлари, тўй-маърака, расм-русумларгача аёллар зиммасида. Шунинг учун ҳам маҳалладаги аёлларни қўллаб- қувватлашга алоҳида эътибор қаратаман, улар билан ҳамжиҳатликда ишлашга ҳаракат қиламан, - дейди Момохон опа.
Маслаҳатчи отинойи Муқаддасхон Солиева, дастурхончилар Дилоромхон Тожибоева, Ўринхон Рўзиева ҳамда фаоллар Дилоромхон Мадаминова, Ботиржон Аҳмедов, Эргашали Маликовлар билан ҳамкорликда маҳалладаги турли маросимларнинг камчиқим, ортиқча дабдабасиз ўтказилишига эришмоқда. Кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотганлар, якка-ёлғизлар, кексалар ҳолидан хабар олиш каби хайрли ишларга ҳам маслаҳатчининг ўзи бош-қош.
Шунингдек, ёшларнинг, айниқса, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашда Момохон опа маҳалладаги ҳунарманд-касаначилар Фаридахон Раҳимова, Шоирахон Исомиддинова, Дилнозахон Ҳасановалар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган. Қувонарлиси, жорий йилда ҳудуддаги "XAIT INVEST TEKST" масъулияти чекланган жамияти фаолияти кенгаши ҳисобига маҳалладаги 30 нафар қиз-ёллар иш билан таъминланди.
Бувайдо маҳалласи тумандаги энг илғор маҳаллалардан бири. Маҳалла фаолиятининг барча йўналишлари бўйича ишлар намунали ташкил этилган. 2014 йилда маҳалладаги милиция таянч пункти "Энг намунали милиция таянч пункти" кўрик-танловида муваффақиятли иштирок этиб, республика босқичида ҳам ғолибликни қўлга киритган. Ўтган йили эса "Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи" кўрик-танловининг туман босқичида ғолиб бўлган маҳалла вилоят босқичида ҳам фаол қатнашди. Шубҳасиз, бу каби ютуқлар замирида маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муҳаббатхон Маҳкамова ҳамда фидойи маслаҳатчи Момохон Қорабоеваларнинг муносиб хизматлари бор.
Маҳалла ишига камарбаста бу аёл, аввало, оилада меҳрибон она, суюкли бувижон ва рисоладаги уй бекаси, хонадон сариштаси. Турмуш ўртоғи Абдупатто Қорабоев билан беш фарзандни тарбиялаб, элга қўшдилар. Бугун икки ўғил, икки келин, уч қиз, ўн уч набиранинг қувончи, ширин ташвишлари билан ишидаги машаққатларни унутадиган Момохон опа каби фидойи, жонкуяр маслаҳатчилар бор экан, маҳаллаларимиз, юртимиз обод бўлаверади.
Зилола РАҲМОНОВА.
Суратда: маслаҳатчи М. Қорабоева.
|