№2, 07.01.2016 Турмуш чорраҳаларида
САБР АЁЛНИНГ ЗИЙНАТИДИР
...Хонага тортинибгина кирган йигит ўзини Азизбек (исми ўзгартирилган) дея таништирди. Баланд бўйли, озғин бу йигитнинг кўзлари кишига маъюс боқарди. Бироз тараддудланиб тургач, ҳасратини бошлади.
- Йигитлик пайтимда ҳамма ҳавас қиладиган бахтли оила қураман, деб орзу қилардим. Отам - зиёли, онам ҳам маънавиятли, зукко аёл эди. Ҳар иккаласини ҳам Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.
Ажойиб кунларнинг бирида Зуҳра исмли қизга уйландим. У келишган, чиройли эди. Кўзлари кулиб турарди. Мен ҳудди ўзим орзу қилгандек оила қурдим, дея тақдиримдан рози бўлиб, ғурурланиб яшардим. Онам келинини яхши кўриб, еру-кўкка ишонмасди. Хотиним иккимиз ҳам ишлардик. Менинг ишим шаҳарда, бунинг устига, ҳамкасбларимнинг кўпчилиги аёллар эди. Улар билан яхши муносабатда эдим, мени ҳам ҳурмат қилишарди. Хотиним буни билиб, бошқача хаёлга борди, шекилли, мени тергайдиган, рашк қиладиган одат чиқарди. Унинг шубҳаларини ошириб, баъзан иш юзасидан уйга кеч қайтардим.
Хуллас, хотиним менга аччиқ қилдими ёки ўзи азалдан енгилроқмиди, ҳарқалай унинг "ишқ ўйинлари" ҳақидаги нохуш гаплар қулоғимга чалина бошлади. Кейин-кейин ҳаммаси ошкор бўлди: пулдор, савдогар бир йигит билан "дон олишаркан". Йигитнинг ҳам оиласи, фарзандлари бор экан. Бизнинг фарзандларимиз иккита бўлганди. Эркак киши учун бу каби хиёнат юки қанчалар залворли эканлигини бошидан ўтганларгина ҳис қилади...
Кўча-кўйда, дўст-ёрлар ичида айтилган гап-сўзлардан бош кўтариб юролмай қолдим. Бир ўзим эмас, бечора онам, ака -укаларимнинг ҳам бошлари эгилди.
Аввалига хотинимни йўлдан урган ўша бойвачча билан "ҳисоб-китоб " қилмоқчи бўлдим. Аммо ўйлаб туриб, фикримдан қайтдим. Ахир агар аёл киши ўзи рози бўлмаса, ҳеч қайси эркак уни мажбур қила олмайди. Айб - хотинимнинг ўзида... Бир-биридан ширин мунчоқдек фарзандларим ҳам кўзимга кўринмади. Ажрашиб кетдик.
Собиқ хотиним бир неча йил қўшни туманда яшаб юрди. Кейин яна ўзимизнинг туманга қайтди. Эшитишимча, бойвачча унга уй олиб берган экан. Бу орада бойваччанинг хотини оғир дардга чалиниб оламдан ўтди. Аёлнинг ўлими у учун байрам бўлди. Кўп ўтмай ундан ўғил кўрган бойвачча мардлик қилди: ҳар қанча қаршилик ва гап-сўзларга қарамай, болаларимни ҳам қўшиб ўз уйига олиб кетди. Ўз оналарининг кўзига чўп суқиб, тириклигидаёқ ҳаётини зимистонга айлантирган енгилтабиат аёлни ҳеч қайси фарзанд ўз онаси ўрнида қабул қилолмайди, албатта. Бойваччанинг фарзандлари ҳам собиқ хотинимни яхши кутиб олишмади. Аммо унинг юриш-туриши, ўзини тутишидан "ўгай болалари"нинг кўнгил изтиробларига парво ҳам қилмаётганлиги сезилиб турарди. Ахир онасини менсимаган юзсиз аёл бечора болаларга эътибор берармиди?!
Бу орада мен ҳам қайта оила қурдим. Ҳозир қизим бор. Умр йўлдошим яхши аёл, энг муҳими, мени тўғри тушунади.
Бир қарашда иккимизнинг ҳаётимиз яна ўз изига тушиб кетгандек эди. Аммо ўртадаги болаларимизнинг тақдири не кечади? Жонимдан ҳам азиз бўлган фарзандларим ўзга одамнинг қўлида, унинг нонини еб, тарбиясини олиб улғайишмоқда. Мен ота бўлиб уларга тарбия беролмадим. Дунёда пулдан, мол-дунёдан ҳам қимматлироқ эзгу амаллар, инсоний фазилатлар борлигини, инсон маънавияти, айниқса, аёллик шаъни, оила муқаддаслиги ҳақида уларга уқтиролмаганим алам қилади.
Тўғри, фарзандларим билан кўришиб тураман. Лекин кўнглимдаги гапларни айтгани ботина олмайман. Ўртамизда қандайдир кўзга кўринмас тўсиқ бордек туюлади назаримда.
Баъзан ўйлаб қоламан: ҳадемай ўғлим уйланиб, қизим турмушга узатилса, уларнинг тўйларида қандай аҳволга тушаркинман? Ота бўлиб ўз фарзандларимнинг тўйларида бош бўлиб, оқ фотиҳа бера олмасам, бунга қандай чидаш мумкин? Шуларни ўйласам, ич-ичимдан нафратим қўзиб, собиқ турмуш ўртоғимни янаям ёмон кўриб кетаман.
Яна бир нарса мени ташвишга солади. Хиёнат йўлига кириб, кўнгил майлига эрк берган аёл тарбиясини олган қизни яхши, бамаъни оилалар ўзларига келинликка раво кўришармикин? Ўғлимни-чи? Айбсиз айбдор бўлган бечора болаларимнинг келажагига болта урган, фақат ўз маишатини ўйлайдиган бундай нобакор аёлни ҳеч кимга, ҳатто душманимга ҳам раво кўрмайман.
Бир нарса менга таскин беради. Вақтлар келиб фарзандларим ҳаммасини тушуниб етишади. Фақат уларнинг тақдири бизникига асло ўхшамасин. Айниқса, қизимнинг онасига ўхшамай, оғир табиатли, мулоҳазали, сабр-қаноатли, оқила қиз бўлишини хоҳлайман. Чунки сабр-қаноат, ҳаё-номус ҳар қандай аёлнинг зийнатидир. Бошимдан ўтганларни айтиш мен учун осон эмас. Ҳаётим мисолида аёлларга, қизларимизга сабр-қаноат аёл учун энг яхши фазилат эканлигини, ва бу билан ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлишлигини унутмасликларини айтишдир.
Оққа кўчирувчи
Раҳима АБДУРАҲМОНОВА.
|