Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№4, 21.01.2016

Бугуннинг гапи

ҚИРЧИЛЛАМА ЁШНИНГ МУАММОЛАРИ

ёхуд "атала" иримининг ҳикмати

Турмуш ўртоғим яқинда қирқ олти ёшга тўлади. Мен ундан 6 ёш кичикман. Авваллари у менга ҳам, фарзандларимизга ҳам жуда эътиборли эди. Охирги пайтда жиззаки ва тажанг бўлиб боряпти. Ўғил-қизимиз вояга етиб турганда, эр-хотин арзимаган нарсалар устида жанжаллашиб кетяпмиз. Бир пайтлар катта бувиларимиздан: "Айрим эркаклар қирқдан ўтгач айнийди," деган гапни эшитгандим. Агар улар тўғри айтишган бўлса, турмуш ўртоғим умрининг охиригача шундай жиззаки бўлиб қоларкан-да? Ёши улуғроқ аёллардан маслаҳат сўрасам, (бироз кулгили бўлса ҳам айтаман) шундай ирим бор, хўжайинингизга атала пишириб берсангиз, феъли юмшайди, дейишяпти. Бу масалада нима қилишга хайронман. Бундай пайтда оиламиз бошлиғи кўнглига қандай йўл топсак бўлади? Илтимос, маслаҳат беринг.

НОДИРА, Избоскан тумани.

ЭРКАК ҲАМ ЭЪТИБОРГА МУҲТОЖ

Таҳририятга келган ушбу мактубда баён этилган масала кўпчиликни қизиқтириши табиий. Шу боис ҳам ана шу мавзуда фикрлашиш, мулоҳазаларимизни баён этишни лозим топдик.

Биз аёллар ҳамма эътибор ўзимизга қаратилишига одатланиб қолганмиз. Келинликнинг серюмуш кунларида, янги оилага кўникиб олгунимизча, эркакка неча бор ҳасратимизни тўкиб солганимиз эсимиздан ҳам чиқиб кетган. Қайнонанинг қочиримли гапларидан, қайнсингилнинг инжиқ феълидан эрига арзи ҳол қилмаган келин камдан-кам топилади. Бундай пайтларда турмуш ўртоғингиз ҳамиша яхши гап билан кўнглингизни кўтарган. Агар шу ёшгача оилангизни асраб, яшаб келаётган экансиз, бунда эркакнинг ўрни, хизмати жуда катта.

Агар рўзғорда сал жиддийроқ вазият юзага келса, эркакка зардали нигоҳ ташлаймиз. "Оила бошлиғисиз, ўзингиз ҳал қилинг", деймиз иддао билан. Турмуш ўртоғимиз оғирликни сўзсиз зиммасига олади. Етишмовчиликдан қийналиб қолсак, яна унга заҳримизни сочамиз. Эркак эса қўлидан келганча муаммоларни бартараф этиб, рўзғорни бутлашга интилади. Дугонангизнинг қўша-қўша тилла тақинчоқларига ҳавасланиб гапирганингизда, имкони бўлса, ундан-да яхшироқларини сизга тортиқ этади. Иложини топа олмаса, кўзингизга термулиб: "Ҳадемай, ҳаммаси яхши бўлади", дея кўнглингизни кўтаради.

Ана энди бир ўйлаб кўринг-чи, сиз ҳам турмуш ўртоғингизнинг кўнглига қарайсизми?.. Аслида, у ҳам эътиборга муҳтож. Куни билан чарчаб, толиқиб келганда юзингиздаги ширин табассумни кўриб, баҳри дили очилади. "Яхши ишлаб келдингизми?" деган бир оғиз сўзингиз унга куч-қувват беради. Қўлингиздан чой ичаркан, чарчоқларини унутади. Эркакка кўп нарса керак эмас. У қимматбаҳо совғалар ҳадя этишингизни сўрамайди. Шунчаки, саранжом-саришта бўлиб, уни ёруғ юз, очиқ чирой билан кутишингизни истайди холос.

Бувиларимизнинг: "Қирқдан ўтган эркакка атала ичириш керак", деган гаплари замирида ҳам ҳикмат борга ўхшайди. Одатда, кўпчилик эркаклар хамирли таомларни хуш кўришади. Эҳтимол, қачонлардир атала ҳам ана шундай севимли таомлар сирасига киргандир. Пайқаганмисиз, турмуш ўртоғингизнинг севимли таомини пишириб, олдига қўйганингизда, жаҳли чиқиб турган бўлса-да, юзида табассум пайдо бўлади. Момоларимиз юқоридаги ўгити орқали: "Эркакка эътиборли бўлгин", дейишаётгандир, эҳтимол.

ЭНДИ У БЎЗ ЙИГИТ ЭМАС

Аёлларда бўлгани каби эркакларда ҳам ўзига хос ўтиш ёшлари мавжуд. Қирқдан кейин улар шундай жараённи бошдан кечиришади. Уларнинг жисмида ҳам гормонал ўзгаришлар содир бўлади. Бу ўз навбатида мия фаолиятига ва асаб тизимига таъсир этмай қолмайди. Шундай жараённи бошидан кечираркан, улғайиб қолган фарзандларнинг муаммолари ҳам унинг юрагидан ўтади. Зиммасидаги масъулиятнинг ортиб бориши натижасида айримлар мулоҳазали бўлиб борса, кимдир жиззаки бўлиб қолади.

Энди у ҳаётга енгил-елпи нигоҳ ташлайдиган бўз йигит эмас. Оиласи, қариндош-уруғлари ва дўстлари олдидаги бурчларини яхши билади. Фарзандлари тарбиясига масъулликни юракдан ҳис этади. Бўйи чўзилиб бораётган ўғлининг, вояга етиб турган қизининг келажагини ўйлайди. Хуллас, зиммасида ташвишлари кўп. Бу муаммолар ечимини қидираркан, сиқилмайди, деб ўйлайсизми? Устига-устак: "Болаларнинг бўйи чўзилиб қолди, ҳадемай, уларни уйлаб-жойлаш керак," деб ҳар куни фақат ташвишлардан гапириб турган бўлсангиз... Албатта, унинг ҳам асаблари чарчайди.

Авваллари турмуш ўртоғингиз биргина сизнинг кўнглингизга қараган бўлса, энди бўйи чўзилиб қолган ўғил-қизингиз ҳам отанинг меҳр-эътиборига муҳтож эканини унутманг. Демак, сизга қаратилган эътибор маълум маънода парчалана бошлабди.

ХИЁНАТНИНГ ҲИДИ СЕЗИЛЯПТИМИ?..

Бу ёшдаги эркакларнинг аксарияти моддий тарафдан тўла мустақилликка эришиб улгурган. Ҳаётнинг оғир-енгил тарафларини бошидан кечирган. Қийинчиликларни юрагидан ўтказган. Шу боис бошига ташвиш тушган ака-укаларига, опа-сингилларига ва ҳатто бегоналарга ҳам ёрдам қўлини чўзишга интилади. Бундай вазиятларда гоҳо сиз билан маслаҳатлашиб ўтирмайди. Чунки у оиладаги муаммолар ечимини ҳам ўйлаб олган бўлади. Унинг очиққўллиги эса ўз навбатида сизга ёқмайди. Ишдан чарчаб келганида, уни тергай бошлайсиз. Аммо бефойда уринаётганингизни англамайсиз. Бундай гап-сўзларингиз билан зиммасидаги ташвишлар юкидан толиқиб турган эркакнинг назарида майдагап бўлиб бораётган хотинга айланишингиз мумкин. Бундай вазиятларда, табиатидаги зийракликни ишга солиб, турмуш ўртоғининг нимадан ташвишланаётганини аниқлашга уриниб, унга елкадош бўла олган аёллар эъзоз топадилар.

Гоҳида эркак ночорликдан қийналаётган бегона аёлларни ҳам ўз ҳимоясига олишга чоғланади. Аммо буни рафиқасига сездирмасликка интилади. Кўнглига шубҳа оралашидан, дили оғриб қолишидан чўчийди.

Зийрак нигоҳингиз билан турмуш ўртоғингизнинг сиздан ниманидир сир тутаётганини илғаб қоласиз-у, бунинг тагига етишга уринасиз. Юрагингизга шубҳа-гумонлар оралайди. Одатда, аёллар бундай вазиятларда узоқ вақт жим туришолмайди. Қўлингизда асосингиз бўлмаса ҳам, эрингизнинг хиёнат қилаётганини исботлашга ҳаракат қиласиз. Ҳар куни кечқурун турли қочиримли ва кесатиқли гаплар билан кутиб оласиз. Сизнинг эътиборингизга интилиб, эшикдан кириб келган эркак нигоҳингиздаги совуқ шубҳани илғаркан, секин-аста сиздан узоқлашиб боради. Агар фарзандлар олдида бундай илмоқли гапларни бошласангиз, эркак орият қилади. Ўғил-қизлари олдида унинг обрўсини тўкаётганингиз учун сизни ёмон кўриб қолиши ҳам мумкин. Вақтида унинг кўнглига йўл топиб, юрагидан ўтаётганларини тўғри тушуниб етсангиз, яна аввалгидек эътиборга эга бўласиз.

ЗИЙРАК БЎЛИНГ

Айрим аёллар бу ёшдаги эркакнинг эътиборига эга бўлиш учун ташқи қиёфаларига янада зеб беришади. Спорт залларига чопишади. Кимдир озишга ҳаракат қилса, бошқа биров ёшроқ кўринишга уринади. Аммо бундай нарсаларга шароити бўлмаганлар нима қиладилар?.. Кимдир ўз ёғига ўзи қовурилса, бошқаси эркакни оилага боғлаш учун фолбинларга чопади. Ишқилиб, ҳар бир аёл нима қилиб бўлса-да, эрининг эътиборидан тушмасликка уринади.

Лекин шундай тоифа аёллар борки, улар эркакнинг ҳар бир ташвишини, кўнглидан ўтаётган изтироблари ва қувончларини ҳис эта олишади. Турмуш ўртоғига қачон қандай гап айтишни, қайси пайтда оила муаммоларини унга етказишни билишади. Бундай хонадонларда камдан-кам ҳоллардагина тушунмовчиликлар юз беради.

Оиланинг фаровон, хонадоннинг обод бўлиши учун, энг аввало, ҳар қандай ёшда ҳам эр-хотин бир-бирини тушуниши, бир-бирига суяна олиши керак. Агар ишдан қайтган турмуш ўртоғингизнинг авзойи бузуқ бўлса, унга бугун айтмоқчи бўлган муаммоларингизни етказмай туринг. Кўнглига қўл солиб кўринг-чи, нимадан ташвишланаётган экан. Агар буни сизга билдиришни истамаса, ундан хафа бўлиб, зарда қилишга шошилманг, демак, у юрагидан ўтказаётган дардни сизга раво кўрмоқчи эмас.

Ҳамрохон МУСУРМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди