№4, 21.01.2016 Қишлоқ тарихи
МЕНИНГ БАЛИҚЧИМ
Қишлоғимизга келган кўпчилик меҳмонлар қишлоғингиз нима учун "Балиқчи" деб аталади, деб савол беришади. Ёки сизларда балиқ кўпми, дея мийиғида кулиб ҳам қўйишади.
Келинг, қуйида мен ўз қишлоғим - Балиқчи тарихи хақида қисқача маълумот бериб ўтаман. Қадим туркий халқлар тилида "Балуғ" сўзи "шаҳар" деган маънони англатган бўлиб, VII-X асрларга оид қадимги туркий ёзма манбааларда, хусусан, "Тонюқуқ Моний" ёдгорлиги битикларида қайд этилган. "Балиқчи" атамаси XI-XII асрларга келиб инсонлар орасида балиқ овловчи кишига нисбатан қўлланила бошлаган.
Ўша пайтларда ҳозирги Балиқчи ҳудуди тўқайзор, кўп қисми ботқоқлик бўлиб, хон одамлари бу ерларга ов қилиш учун келиб кетишган. Бу жойга илк бор Қўқон хонининг солиқ сиёсатидан зада бўлган бир гуруҳ камбағал одамлар кўчиб келиб, ўзларига ватан қилган. Бу ерда яшовчилар асосан балиқчилик билан шуғулланиб, тирикчилик ўтказишган. Шундан келиб чиқиб, қишлоқ Балиқчи деб ном олган.
"Балиқчиликлар" деб номланган китобда ёзилишича, илк бор одамлар келиб яшаган ўша жойнинг ҳозирги номи "Якка том" экан. Балиқчи қишлоғи ҳудудида шундай аталувчи маҳалла ҳозир ҳам бор. Бугунги кунда Андижон вилоятининг катта туманларидан бири ва унинг маркази, яъни менинг қишлоғим Балиқчи деб аталади. Бундан ташқари, Ўзбекистондаги бир қанча жойлар номлари ҳам шу атама билан айтилади. Жумладан, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида ҳам Балиқчи деб аталувчи қишлоқлар бор.
Мадинабону АСЛИДДИНОВА,
Балиқчи индустриал-педагогика касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.
|