№5, 28.01.2016 Сиз нима дейсиз?
МАКТАБГА МУЗЕЙ КЕРАКМИ?
Юртбошимиз Ислом Каримовнинг "Тарихий ўтмишсиз келажак йўқ" деган сўзлари бор. Дарҳақиқат, кечмишни билмасдан туриб эртанги кун сари дадил қадам ташлаб бўлмайди. Токи тарихдан сабоқ олиш, унинг ибратли томонларидан хулосалар чиқариш инсонни тўғри йўлдан адаштирмайди. Бу борада музейлар чинакам ибрат мактаби вазифасини ўтайди.
Бугун юртимизнинг қатор туман ва шаҳарларида, ҳатто айрим қишлоқларимизда ҳам музейлар ташкил этилган. Ана шу мозийгоҳларга ўқувчи ва талаба ёшларни кенгроқ жалб қилиш, фаолияти билан яқиндан таништириш уларда тарихимизга ҳурмат, қадим тарихимиз, халқимизнинг маънавий мероси, бебаҳо осори-атиқларидан фахрланиш туйғуларини мустаҳкамлашда, юксак маънавиятли инсонни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Шундан келиб чиқиб, айниқса, тарих дарсларини ўтишда "экскурсия соати", "хотира маш-қи" сингари янги педагогик технологиялардан унумли фойдаланиш ҳам ўқувчиларнинг тарих ҳақидаги билим ва тушунчаларини бойитишга яқиндан ёрдам беради. Туманимиздаги умумтаълим мактабларида юқори синф ўқувчиларини вилоят ўлкашунослик музейига тез-тез саёҳатга олиб бориш анъанага айланган. Саёҳатлар жараёнида ёшларга Фарғона водийсининг минглаб йиллар олдинги ҳолатини акс эттирувчи экспонатлар, айниқса, ўлкамиз ҳайвонот дунёсига оид тасвирлар, II Жаҳон урушидан ҳикоя қилувчи тарихий ҳужжатлар катта таассуротлар қолдиради.
Ёдимда, нафақага чиқишимдан аввал аълочи ўқувчиларимизни рағбатлантириш мақсадида вилоят ўлкашунослик музейига саёҳатга олиб боргандим. Экскурсиядан қайтганимиздан сўнг ўқувчиларим "Биз ҳам мактабда музей ташкил қилсак бўлмайдими? Музей бизга тарих, география, биология, тасвирий санъат ва бошқа фанларни пухта ўзлаштиришларимизга, қолаверса, мактабимиз тарихини чуқур билишимизга яқиндан ёрдам берарди" деган таклифни айтишганда, очиғи, уларнинг таклифи менга жуда маъқул тушганди. Ўйлаб қарасак, ҳақиқатан ҳам ҳар бир зиё масканининг алоҳида ўз музейи бўлса, фойдадан холи бўлмасди. Музейга мактаб, мактаб жойлашган қишлоқ тарихи, ота-боболаримиз ишлатган меҳнат қуроллари, идиш-товоқлар, уй-рўзғор буюмлари, миллий кийимлардан намуналар, уруш ва меҳнат фахрийларининг фотосуратлари, ҳужжатлари нусхалари, улар ҳақидаги маълумотлар қўйилса, бу шубҳасиз, ўғил-қизларимизнинг билимли, маънавиятли бўлишларига хизмат қилади.
Ана шундан келиб чиқиб, Мингбулоқ қишлоғидаги мактабда директор вазифасида ишлаган чоғимда ўқувчилар ҳамда педагогик жамоа ташаббуси билан ёзги таътилда икки хонадан иборат музей ташкил этгандик. Бу ишда ўқувчиларимиз жонбозлик кўрсатишиб, ўз хонадонларида сақланаётган тарихимизга оид уй-рўзғор буюмлари, иш қуроллари, уст-бошлар, эски китоблар олиб келишганди. Хуллас, мактаб музейи ўшанда қисқа муддатда, қийинчиликсиз ташкил этилганди.
Шу ўринда Россия, Франция, Германия сингари давлатларда бўлган яқин бир танишимнинг гапларини эслатиб ўтишим ўринлидир. У ана шу давлатлардаги аксарият таълим муассасаларида алоҳида музейлар ташкил этилганлиги, ана шу музейлар таълим сифатини оширишда, ёш авлодни Ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим роль ўйнаётганлигини ҳавас билан гапириб юради. Дарҳақиқат, мактабда музей бўлса, у ердаги тарихни акс эттирувчи маълумотлар, фотосуратлар билан танишиш ўйлайманки, ҳар қандай кишига фақат ижобий таъсир кўрсатади.
Демак, ҳар бир олийгоҳ, лицей, коллеж ва мактабларда музейлар ташкил этилса, ундан энг аввало, ўқувчиларимиз баҳраманд бўлишади. Президентимизнинг "Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш - энг олий саодатдир" номли асарида "...ўтган кунларни унутиб бўлмайди, ўша дамлардан қолган ҳужжатларни эҳтиётлаш керак, ёшларимиз, аввало, ўзбек халқининг олис ва яқин тарихини, керак бўлса, иккинчи Жаҳон уруши жанггоҳларида жасорат кўрсатиб, бутун инсоният душмани бўлган фашизм балосини енгишга катта ҳиссалари қўшилган ота-боболаримиз номларини, кўрсатган қаҳрамонликларини билсинлар", деган фикрларидан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, биз ташкил этишни таклиф этаётган мактаб музейлари ана шу вазифани бажаришга ҳамда ёш авлод тарбияси ва маънавиятининг юксалишига яқиндан ёрдам беради.
Тўғри, ҳозир баъзи таълим муассасаларида музейлар ташкил этилган. Бироқ мен бундай музей ҳар бир зиё масканида бўлиши керак, деган фикрни илгари сурардим. Балки ушбу таклифга юртдошларимиз фикр билдирар, кимлардир ўз тажрибалари билан ўртоқлашар. Нима бўлганда ҳам бу каби ибратли иш амалга ошса, фойдадан ҳоли бўлмасди.
Гулчеҳра БОБОЖОНОВА,
фахрий педагог, "Шуҳрат"медали ва "Меҳнат шуҳрати"ордени соҳибаси.
Улуғнор тумани.
|