№6, 04.02.2016 "МИЛЛИЙ ЛИБОСЛАР - АЁЛЛАР КЎРКИ"
Андижон шаҳридаги Бахт уйида "Миллий либослар - аёллар кўрки" деб номланган миллий ва замонавий либослар кўргазмаси бўлиб ўтди.
Вилоят ҳамда Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмиталари, вилоят халқ ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда модельер-дизайнерлар, ҳунармандлар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таҳсил олаётган иқтидорли ёшлар ўзлари тайёрлаган миллий ва замонавий кўринишдаги либослари билан иштирок этдилар.
Дизайнерлик, чеварлик йўналишида фаолият олиб бораётган мутахассислар ҳамда таълим муассасаларида билим, касб ўрганаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, миллий либосларимизга замонавий кўриниш бериш, ёшларда миллий либосларимизга нисбатан ҳурмат туйғуларини кучайтириш ҳамда уларнинг кийиниш маданиятини юксалтириш мақсадида ўтказилган мазкур кўргазмада намойиш этилган либослар кўпчиликнинг эътиборини тортди. Айниқса, атлас, адрас, беқасам сингари матолардан тикилган миллий либосларимизнинг кўркам ва хушбичимлиги, ўзига хослиги, гўзал қизларимизга янада кўрк бағишлаганлиги алоҳида эътироф этилди.
Мутахассислар намойиш этилган либосларда миллийлик ва замонавийлик уйғунлашганлигини юқори баҳоладилар. Тадбир доирасида бадиий жамоалар томонидан намойиш этилган бадиий дастур иштирокчиларга хуш кайфият улашди.
Юксак савияда ўтган мазкур кўргазма аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кийиниш маданиятини юксалтириш, миллий либосларимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини кучайтиришга хизмат қилди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова иштирок этди.
Нигора ЎРМОНЖОНОВА,
Жамоатчи мухбир.
|