№6, 04.02.2016 Муқаддас қадамжоларимиз
ҚОРАБОШ ОТА ЗИЁРАТГОҲИ
Андижон туманининг Бўтақора қишлоғида жойлашган ушбу муқаддас даргоҳ XVI-XVII аср бошларида яшаб ўтган улуғ аллома, сўфийлик, тариқат, тасаввуф билимдони бўлмиш Офоқ Хожа ҳазратларининг муридларидан бири Қорабош ота номи билан боғлиқ. Қорабош ота устозининг даъвати билан шу қишлоқни ўзига макон қилиб, одамларни динга, иймонга, инсофу адолатга чорлаган ҳазратлардан бири бўлган.
Бу ердаги икки минг йиллик кўҳна қабристон, унинг пойидаги зиёратгоҳ ва неча асрлар қишлоқни обиҳаёт билан таъминлаб келган ариқ Қорабош ота номи билан юритилади. Зиёратгоҳда қадимда Бўтақора ва ён атрофдаги қишлоқлар аҳли ўз диний эътиқодлари, орзу, мақсадлари ҳамда саломатликлари йўлидаги ниятларини ифода этувчи маросимларини ўтказиб келишган. Ўша даврлардан бошлаб зиёратгоҳ хушҳаво, хушманзара ва сўлим, муқаддас жой сифатида эъзозлаб келинади.
Бундан ташқари, бу муқаддас масканда "Катта булоқ" ва "Қизбулоқ" номли булоқлар мавжуд бўлиб, уни ичган киши ўзида тетиклик ва бардамликни ҳис қилади. Улар атрофидаги улуғвор дарахтлар эса бу ерда мўътадил иқлим ҳукм суришига ёрдам беради ва мусаффо ҳаво билан таъмин этади. Булоқдан жануброқда, қабристон четида ўтган аср охирлари қайта тикланган уй ва уйнинг ёнида эски қабр ўрнидан ковланган ертўла - "ғорча" бор. Ўша ердан 1960 йилларда шу маскан хизматчиси Қорашбой бува томонидан XIV асрга оид бир қабр тош ("Қайроқ тош") топилган ва "ғорча"да сақланган. Ҳозирда эса қабртош вилоят ўлкашунослик музейида сақланади. Қабртош юзида юқори савиядаги ҳаттотлик санъати билан сулс хатида битилган ёзув бор бўлиб, унинг мазмуни қуйидагича: "Ушбу мунаввар қабру муаттар жойга ҳижрийдан етти юз йигирма уч бўлганда (мелодий 1323) сафар ойининг ўн тўққизида етмиш беш ёшда вафот этган Сайид Ҳусайин бинни Муҳаммад ал-Бухорий қуйилдиким, бу шахс шариат соҳасида донишманд, ҳаким, қатор илму-фанларни Маккада бўлган чоғларида ўзлаштириб эгалланган. Муҳаммад Пайғамбар Халифа авлодидин ҳақиқий дин учун курашиб ҳаёти ва фаолияти давомида кўп қийинчиликларни бошидан кечирган, ислом аҳли ичида забардастлиги билан танилди (Аллоҳ унга ёр бўлсин)".
Икки жиҳати, яъни Қорабош ота ҳамда қабр тошда тилга олинган улуғ зот номи билан муқаддас ушбу маскан ёз мавсумида бўтақораликлар ва узоқ-яқиндан келган дам олувчилар, шунингдек, хожатталаб ва шифо истаб келувчи инсонлар билан доимо гавжум бўлади.
Қорабош ота зиёратгоҳи диққатга сазовор маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинган.
Дилшодбек ЮСУПОВ,
Андижон вилояти Адабиёт ва санъат музейи раҳбари ўринбосари.
|