№6, 04.02.2016 АЛИШЕР НАВОИЙ ТАВАЛЛУДИНИНГ 575 ЙИЛЛИГИ ОЛДИДАН
Алишер Навоий
МУБТАЛО БЎЛДИМ САНГА
Кўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санга,
Не балолиғ кун эдиким, ошно бўлдум санга.
Ҳар неча дедимки кун-кундин узай сендин кўнгул,
Ваҳки, кун-кундин батаррак мубтало бўлдум санга.
Мен қачон дедим: "Вафо қилғил манга" зулм айладинг,
Сен қачон дединг: "Фидо бўлғил манга" бўлдим санга.
Қай пари пайкарга дерсен телба бўлдунг бу сифат,
Эй пари пайкар, не қилсанг қил манга, бўлдум санга.
Эй кўнгул, тарки насиҳат айладинг овора бўл,
Юз бало етмаски, мен ҳам бир бало бўлдум санга.
Жоми Жам бирла Ҳизр суйи насибимдур мудом,
Соқиё, то тарки жоҳ айлаб гадо бўлдум санга.
Ғусса чангидин навое топмадим ушшоқ аро,
То Навоийдек асиру бенаво бўлдум санга.
ЁРИ ЖОНОДИН ЖАФО
Навоий ғазалига иқтибос
"Онча даврон бирла кўрдим аҳли даврондин жафо",
Аҳли даврондин дема ки ёри жонондин жафо!..
Бу жафолар эзди жисмим, неки жисмим, ҳам дилим,
Барчасидан ортиғ ўлди улки ҳижрондин жафо.
Гул узатсам олмади ҳеч ерда қолди гулларим,
Деди оҳир: "Гул керакмас . Сенга эҳсондин жафо!"
Ўзгаларни қилди меҳмон хуш такаллуфлар билан,
Менга етди таъна-дашном ҳамда меҳмондин жафо.
Дилларимни қилди маҳзун бир боқиб қўйса кўзим,
"Кет ёнимдин, эй гадо" деб берди фармондин жафо!
Кечалар ҳеч келмас уйқу: дилда оғриқ, нолалар,
Айлар эрдим мен қаноат келса осмондин жафо.
Эй, Раҳимий, ўйланиб кўр: ким вафодор - хор азал!
Деди тарих: "Кўрмади ким ушбу достондин жафо".
Олимжон РАҲИМОВ.
|