№6, 04.02.2016 НАВОИЙ ИЖОДИДА ДЎСТЛИК ТАРАННУМИ
Буюк мутафаккир, олим, шоир, мусиқачи, ўзбек адабий тилининг асосчиси, серқирра ижодкор Алишер Навоий ўзининг бетакрор асарлари билан ўзбек адабиётини юқори чўққиларга олиб чиқди.
Навоий ижодида барча мавзуларга кенг ва атрофлича ўрин берилган. Одоб-аҳлоқ, инсоний фазилатлар, дўстлик ҳақидаги қарашлари ўқувчини бефарқ қолдирмайди.
Инсон фарзандига, барча ирқ ва элатларга муҳаббат, ҳурмат ғоялари Навоий асарларида қаҳрамонларнинг ўзаро муносабати орқали очиб берилади. Навоий халқлар дўстлигини амалда ҳам, ижодида ҳам фидойиларча ҳимоя қилган улуғ инсон, мутафаккир адибдир. Шунингдек, ижодкор инсонлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик, меҳр-оқибат туйғуларини ниҳоятда улуғлайди. Унинг инсоф ва адолат, халқ осойишталиги ва фаровонлиги, халқлар ўртасидаги низо ва адолатсизликни бартараф этиш учун курашган шоир сифатидаги қарашлари қуйидаги мисраларда ифода этилган:
Ҳусн чун жилва қилур, оқу
қорада йўқ фарқ,
Кишига келса бало хоҳи
хито, хоҳи хабаш.
Мен тилаб ҳусн, вале шоҳ
тилаб аслу насаб,
Менга лўли била ҳинду, анга
қўнғироту қиёт.
Навоий турли ирқ ва диний эътиқодга мансуб бўлган халқларга самимият билан муносабатда бўлади, уларни ҳурмат қилади. Асарларида турфа халқлар вакиллари образини яратган шоир лирик шеърларида ҳам халқлар дўстлиги, биродарлиги ғоясини тарғиб қилади. У халқларни бир-биридан ажратувчи ташқи белгиларига эмас, балки уларни бир-бирига яқинлаштирувчи, тенглаштирувчи белгиларига эътиборни қаратади. Инсоннинг ирқи, элати, эътиқодига қараб, унга турлича муносабатда бўлиш анъаналарига қарши курашади:
Кўнгилни асло малоҳат
била тафовут йўқ,
Хитойи ўлсину ё арманий ва
ё ҳинду.
Навоийнинг қаҳрамонлари ҳар хил миллат вакиллари, у бу билан халқлар ўртасидаги самимий дўстлик ғоясини илгари суради. Шоир ижодида ҳамиша ҳақиқий дўстлик тараннумига алоҳида эътибор қаратилганлигини унинг асарларини ўқиб-ўрганиш жараёнида яққол қўрамиз. Бир сўз билан айтганда, серқирра ижодкор инсонийликнинг ана шу кўринишини қаҳрамонлар ўртасидаги муносабат орқали ўқувчига етказа олган ҳамда инсонларни дўстлик туйғусини қадрлашга чақирган.
Моҳидил ҚУРБОНОВА,
Андижон индустриал педагогика коллежининг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.
|