Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№6, 04.02.2016

ГУЛХУМОР АБДУЛЛАЕВА:

ТЎМАРИС СИЙМОСИНИ ЯРАТИШ - ОРЗУИМ

Театр ва кинодаги ранг-баранг роллари, дубляж санъатидаги маҳорати билан минглаб мухлисларнинг меҳр ва ҳурматини қозониб келаётган истеъдодли актриса Гулхумор Абдуллаевани бугун кўпчилик яхши танийди. У "Опа-сингиллар" сериали, "Жасур, "Забаржад", "Чашма", "Кечиккан ҳаёт" каби кинофильмлар, "Андишали келинчак", "Тун албатта ўтади", "Жийдали қаерда?", "Макр ва муҳаббат", "Увайсий" сингари спектаклллардаги ўзига хос роллари билан томошабинлар эътиборига тушган.

Айни кунда Абдулла Қаҳҳор номидаги республика сатира театрида самарали фаолият олиб бораётган актриса билан унинг ижод ва ҳаёт йўли, ижодкор маънавияти, бугунги кун аёллари ва бошқа қатор мавзуларда суҳбатда бўлдик. Қуйида ана шу суҳбатни сиз азиз муштарийлар эътиборига ҳавола этамиз.

- Гулхумор опа, санъатга кириб келишингиз ҳақида гапириб берсангиз.

- Ҳозирда пойтахтда яшаб, ижод қилсам-да, асли Андижонликман. Избоскан туманида туғилганман. Дадам узоқ йиллар Балиқчи тумани маданият бўлимида ишлаганлари боис ўша туманда яшаганмиз. Бизнинг оиламизни Тожибоевлар сулоласи дейишарди. Бобом Эргашвой Тожибоев халқ орасида "Эргаш тановар" номи билан шуҳрат қозонган. Аммам Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шарофат Тожибоева эса халқимизнинг етук актрисаларидан бири эди. Улар ижросидаги спектаклларни кўриб улғайганман. Ҳатто, болалигимда улар ижросидаги ролларни оиламиз даврасида ўйнаб берардим. Мактабда ўқиган давримда ҳам адабиёт устозимиз раҳбарлигида турли тадбирларга бағишлаб саҳна кўринишлари тайёрлар эдик. Уларда ҳам фаоллик кўрсатардим.

Раҳматли бобом "Сенда иқтидор бор-да, қизим. Изимиздан кетасан чоғи", дея кўп таъкидлардилар. Юз ёш билан юзлашаётган Ширмонхон момом ҳозир ҳам дутор чалиб лапар айтадилар. Хуллас, санъатга меҳр қонимда бор. Дадам ва аммамнинг қўллаб-қувватлаши, санъатга бўлган иштиёқ мени мана шу йўлни танлашимга, ижодга кириб келишимга асосий сабаб бўлган.

Мактабни тамомлаб, Тошкент давлат санъат институтида таҳсил олдим. Ўқиш даври ва меҳнат фаолиятимнинг дастлабки йилларида Миллий театрда чархландим, театрнинг улуғ дарғаларидан саҳна сирлари ҳақида улкан сабоқ олдим. Устозларим берган билим ва сабоқлар маҳсулини ҳар қадамда ҳис этаман.

- Кино ва театрдаги илк ролларингиз ҳақида гапириб берсангиз?

- Ҳар гал бу ҳақида ўйласам, тўлқинланиб кетаман. Ўзининг дебют ролини ким ҳам энтикиш билан эсламайди, дейсиз. Театрдаги илк ролим "Усмон Носир" асаридаги шоирнинг севгилиси Мунаввара роли бўлган. Усмон Носирни Учқун Тиллаев ва Фатхулла Масъудовлар ижро этишган. Учқун билан курсдош бўлганимиз боисми, иккимиз ҳам эркин ўйнагандик. Фатхулла ака бизга катта ёрдам берганди ўшанда.

Кинода эса илк бор Ёлқин Тўйчиевнинг "Орзу ортидан" фильмида Лобар ролини ижро этгандим. Партнёрим раҳматли Алишер Ҳамраев билан ҳам бирга ўқиганмиз, Шунинг учун ҳам бир-биримизни тўлдириб ўйнаганмиз. Фильмдаги қаҳрамонимнинг қизи ролини Алишернинг қизчаси ижро этганди ўша фильмда.

- Ўзингиз ижро этган бирор қаҳрамон таъсиридан, ана шу образ ҳиссиётларидан анча вақтгача чиқиб кета олмаган ҳолатлар ҳам бўлганми?

- Баҳром Одилов режиссёрлигидаги "Жасур" фильмини томошабинлар севиб томоша қиладилар. Террористлар қўлга олган автобусдаги йўловчилардан бирини ижро этганман. Йигирма кун давомида эрталаб соат саккиздан кеч соат саккизгача съёмка бўларди. Кинодаги воқеаларга шу қадар киришиб кетганмизки, худди чинакам ўша ҳолат ичида қолгандек ҳис қилганмиз ўзимизни. Съёмкалар якунига етиб, фильм тайёр бўлгач, маълум муддат даволаниб ҳам чиққанман.

- Турмуш ўртоғингиз билан қандай танишгансизлар, сиз санъат кишисисиз, сизни рашк қиладиларми?

- Турмуш ўртоғим Акмалжон Абдуллаев мактаб даврларидан буён мени кўз остига олиб юрарканлар. Талабалик чоғимдаёқ совчи қўйдилар. Тўйдан сўнг ҳам ишлашимга рози бўлганларининг ўзиёқ мени, танлаган касбимни тушунганларида деб биламан. Ҳозир икки нафар ўғлимиз бор.

Рашк масаласига келсак, биз бир-биримизга қаттиқ ишонамиз. У киши "Оилада ишонч биринчи ўринда туриши керак" деб ҳисоблайдилар. Партнёрни танлаб ўйнашимни истайдилар. Эсимда, "Опа-сингиллар" сериалидаги Нафисанинг қайинопаси ролини ўйнаган вақтимда бироз ранжигандилар. Негаки, мени, яъни мен ижро этган қаҳрамонни турмуш ўртоғи қаттиқ хафа қилган саҳнани кўрган Акмал акам рашк қилдиларми, "Шу ролни ўзим ўйнаб берсам бўларкан" дедилар. Умуман, уларнинг сира менга дўқ-пўписа қилганларини, мени ранжитганларини билмайман.

- Санъаткор қандай бўлиши керак, деб ҳисоблайсиз, унинг учун унвон муҳимми ёки элнинг эътирофими?

- Санъаткор эл назаридаги одам. У нафақат, ўзининг истеъдоди, балки юриш-туриши, юксак маънавияти, муомала маданияти билан кўпчиликка ибрат бўлиши керак. Ҳақиқий санъаткор камтар, у ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир мухлисни, халқимизнинг урф-одат ва қадриятларини ҳурмат қила олиши керак. Ана шу фазилатлар эгасигина одамлар ишончи ва ҳурматига сазовор бўлади.

Ҳақиқий истеъдод соҳиби жуда камдан-кам ҳоллардагина эътибордан четда қолиши мумкин. Истеъдод, меҳнат ва юқорида айтиб ўтган фазилатлар уйғунлигини ўзида мужассам эта олган санъаткорлар албатта, унвонлару эл эътирофини топа олади. Менимча, ҳар қандай ижодкор, айниқса, санъат кишиси ана шу икки нарсага эришиш учун интилсалар-да, улар барибир эл-юрт, мухлислар эътирофини баланд қўядилар.

- Фарзандларингиз санъат йўлидан кетса, уларни қўллаб-қувватлармидингиз?

- Фарзандларим санъат йўлини танлашса, албатта, уларни қўллаб-қувватлайман. Лекин уларнинг қайси йўлни танлашлари ўзларига, қизиқишларига боғлиқ. Тўнғич ўғлим Сардорбек бутунлай бошқа йўналишни танлади. Айни пайтда пойтахтдаги солиқ коллежида таҳсил олмоқда. Кенжа ўғлим Муҳаммадюсуф эса санъатга анча қизиқади. Эндигина 9- синфда ўқишига қарамай, иқтидорини кино ва дубляжда синаб кўришга улгурди. "Опа-сингиллар" сериалида ўзимнинг ўғлим бўлиб ўйнаган бўлса, "Сеҳрли қалпоқча"да Ҳошимжоннинг дўсти ролини ижро этди. Бундан ташқари, "Сардор-3" картинасидаги ижроси ҳам кўпчиликка манзур бўлди. Муҳаммадюсуфнинг дубляжлардаги муваффақиятли иштироки бизни қувонтиради.

- Бугунги ўзбек аёли қандай бўлиши керак, деб ҳисоблайсиз, улардаги қандай қусурлар сизни ташвишга солади?

- Бугун ўзбек аёлларига дунё ҳавас қилса арзийди. Улар давлат ишида, тадбиркорликда, қўйинки, жамиятимиз ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаол иштирок этмоқда. Опа-сингилларимизнинг уйда ҳам, ишда ҳам ҳамиша фаол ва жонсарак, юксак маънавиятли, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, фарзандлар тарбияси йўлида фидойи бўлишларини жуда-жуда истар эдим.

Тўғри, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, бугун орамизда аёллик шаънига доғ тушираётган баъзи бир опа-сингилларимиз ҳам йўқ эмас. Камдан-кам бўлса-да, опа-сингилларимиз томонидан жиноятга қўл уриш, манманлик, оилага хиёнат, спиртли ичимлик ичиш, чекиш сингари турли иллатлар содир этилаётгани нафақат мени, барча-барчамизни ташвишга солади. Ахир ўзбек аёли учун бу каби иллатлар бегонадир. Аёлларимиздан ҳаё-ибо, садоқат, меҳр-оқибат, фарзанд тарбияси ва камолидан ғурурланиш туйғулари асло йироқлашмасин.

- Ҳар бир актёрнинг орзусидаги роли бўлади. Сиз ўзингиз орзу қилган қандай ролни ижро этишни истар эдингиз?

- Тарихий асарларга жуда қизиқаман. Айниқса, ўзбек аёллари учун қаҳрамонлик тимсоли бўлган Тўмарис сиймосини гавдалантиришни жуда-жуда истардим. Ана шу ролни ижро этиш менинг орзуимдир.

- Суҳбатимиз сўнггида газетамиз муштарийларига, Андижон аёллари ва мухлисларингизга тилакларнигиз.

- Халқимиз, айниқса, опа-сингилларимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қилаётган "Иқбол" газетаси муштарийларига, ибратли ишлари билан ҳамиша ҳар соҳада илғор ва фаол андижонлик аёлларга тани сиҳатлик, бахт, омад, оилаларига тинчлик-хотиржамлик, дастурхонларига қут-барака тилайман.

- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Зилола РАҲМОНОВА суҳбатлашди.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди