№7, 11.02.2016 Мулоҳаза
КЎП ГАПИРГАН КЎП АДАШАДИ
Болалигимизда катталарга кўп савол бериб юборсак "Кўп гапирма, кўп гапирган кўп адашади" деб танбеҳ беришарди. Табиийки бола фахмимиз билан ўшанда катталарнинг танбеҳи остидаги ўгитни англамаганмиз.
Улғайганимиз сари ўз-ўзидан ҳаёт бобо-бувиларимизнинг ҳар сўзи ҳикмат эканини англатиб бораверади. Қолаверса, ҳаёт кўрсатган ибратнинг ўзи бизни янада мулоҳазали бўлишга ундайди. "Кўп гапирган - кўп адашар" деган нақл замиридаги залворли ҳикматни кўпчилигимиз ҳаёт йўлларимизда гувоҳи бўлганимиз турли воқеалар орқали ҳам янада теранроқ англаб етамиз.
Очиғи, эзма, кўп ва маънисиз гапларни гапирадиган кишилар билиб-билмай ғийбатга, чақимчиликка аралашиб қоладилар. Қолаверса, киши кўп гапиргани сари ўз-ўзидан сирларини очиб юборади. Сирларини ўз оғзи билан ошкор қилган кишини ҳеч ким ҳурмат қилмайди ва бундай одам ўз-ўзидан жамиятдаги мавқеи, обрў-ҳурматидан ҳам айрилади. Кўп ҳолларда ана шундай тоифадаги кишиларнинг шахсий ҳаётида ҳам омади юришмайди.
Яқин бир танишим бор. Шалдир-шулдир бу аёлни биринчи марта кўрганлар, кўнгли очиқ, киришимли деб ўйлайди. У билан мулоқотда бўлганингиз сари бемаъни гап-сўзлари, вайсақилиги жонингизга тегади. Ўзидан шунчалик бездириб юборадики, ўша аёл бор даврадан имкон қадар узоқлашишга, уни кўрмасликка уринасиз. Сўнг унинг рафторини, аҳволини мулоҳаза қиласиз; шахсий ҳаёти кўнгилдагидек эмас. Турмуш қурмаган. Ёши бир жойга бориб қолган аёлга яқинлари ҳам, кўча-кўйда учраган таниш-бегоналар ҳам, жамоасидагилар ҳам худди ёш болага қарагандек муомала қилади. У эса атрофдагиларнинг бундай муомаласидан хафа бўлмайди, ранжимайди. Аксинча, устидан кулаётганларга қўшилиб ўзининг устидан кулади. Кап-катта аёлга қараб, унинг ўтётган умрига ачиниб кетасан. Ва беихтиёр хаёлга ёзувчи Асқад Мухторнинг ҳикматомуз сўзлари келади: "Ёшимиз улғайгани сари айримларимиз ақллироқ бўлиб борамиз, айримларимиз эса каттароқ" ...
Кичкиналигимиздан онам бизни маънисиз, ортиқча гапиришга қўймасдилар. Бола бўлиб ўринсиз савол берганимизни ёки ўз-ўзимизча болалик хаёллари билан бирор нимани ғулдираб гапирганимизни эслолмайман. Онам биз - фарзандлари билан бўладиган суҳбатларида камгап бўлиш, сергаплик кўп бахтсизликларга, фожиаларга сабаб бўлиши ҳақидаги ибратли ўгитларни айтиб берарди. Улғайганимиз сари онамнинг ана шу суҳбатлари залвори ҳам ортиб бораверди. Шундай суҳбатларимизнинг бирида онам шундай дедилар:
- Болаларим, камгап бўлинг! Қанчалик кўп гапирсангиз, одамлар наздида ҳурмат-эътиборингиздан шунчалик кўп айриласиз. Сергап, вайсақи кишилардан одамлар қочади. Баъзи кишилар бор қўлидан келмайдиган иш йўқ ҳисоби. Ерга қўл урса, тупроқдан зар унади. Деворга қўл теккизса, лой девор ойнадай ялтирайди. Лекин на шахсий ҳаёти кўнгилдагидек, на бирор жойда қўним топиб ишлайди ва на одамлар орасида ҳурмат-обрўси бор. Сабаби - улар ҳаддан ортиқ кўп гапирадиган, билиб-билмай ёлғон сўзлаб юборадиганлардир.
Ҳаётда ҳеч бир ҳолат шунчаки юз бермайди. Ҳаётнинг ҳар дақиқаси инсонни улғайтиради, сабоқ беради. Албатта, мулоҳазали, фаросатли инсонгина ҳаёт лаҳзаларидан дарс олиб ҳам жисман, ҳам руҳан улғайиб бораверади. Ҳатто кичкина болачанинг бир оғиз гапи ҳам йиллар давомида биз билмаган ёки эътибор бермаган ҳаёт ҳақиқатининг бир шаклини англатиши мумкин.
Аёллар кўп гапирса, "ҳа, энди аёл-да, гапиришдан бошқасини билмайди", дейишади. Ваҳоланки, кўп гапиришда аёлларни ҳам ортда қолдирадиган эркакларнинг борлигидан таажжубланамиз. Афсуски, атрофимизда оз бўлса-да, ундай одамлар бор. Уларни муҳокама қилган, танбеҳ берганингиз билан ўзгармайди. Демоқчи бўлганим, фарзандларимизни, ёшларни болаликдан мулоҳаза билан, керак жойда керак гапни гапиришга ўргатишимиз лозим. Дунёқараши шаклланган одамни ўзгартириш, қайта тарбиялаш осон кечмаслиги аниқ.
Луқмони Ҳакимдан "Сиз қулликдан юксак аллома мартабасига қандай эришдингиз" деб сўралганида, шундай жавоб берган эканлар: "Сукут билан". Қиссадан ҳисса шуки, камсуқум, камгаплик, ўрнида, мулоҳаза билан, етти ўлчаб бир кесиб гапириш кишининг мартабасини кўтаради. Яна элнинг пурмаъно ҳикматларига юзланамиз: "Сиҳат тиласанг, кўп ема, иззат тиласанг кўп дема"... Бу ҳикматни ҳеч биримиз асло унутмайлик.
Умида АДИЗОВА.
|