№7, 11.02.2016 Огоҳлик
МАЪНАВИЯТ КУШАНДАСИ
Бугун ҳаётимизга шиддат билан кириб келган интернет ва алоқа воситалари тараққиёт омиллари бўлиши билан бир қаторда ёшларимиз тарбиясидаги айрим қусурларни келтириб чиқаришга ҳам хизмат қилмоқда. Улар орқали тарқалаётган баъзи беҳаёлик ва шафқатсизликни тарғиб этувчи видеолавҳалар фарзандларимиз тарбиясига, уларнинг одоб-аҳлоқи, маънавиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Миллий маънавиятимизга қарши ана шундай мазмундаги материалларни республикамиз ҳудудига кириб келишининг олдини олиш мақсадида Андижон вилояти божхона бошқамаси ходимлари томонидан амалдаги қонунлар доирасида тегишли божхона назорати ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, юртимизга кириб келаётган фуқароларнинг уяли телефон аппаратлари, флешка, компьютер хотиралари божхона текширувидан ўтказилмоқда.
Биргина 2015 йил сарҳисоб этилганда, 272 та ҳолатда жами 5942 та беҳаёликни тарғиб қилувчи видео ва фото маҳсулотлари, 7 ҳолатда 11 та шафқатсизликни тарғиб этувчи видео лавҳаларни юртимиз ҳудудига олиб киришга уриниш ҳолатлари аниқланган. Улар бўйича 3 ҳолатда жиноий иш қўзғатилган бўлса, 269 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.
Афсуски, бундай шахслар орасида аёллар ҳам бор. Масалан, Андижон вилояти божхона бошқармасининг "Дўстлик" чегара божхона комплекси томонидан Қирғизистон Республикасидан кириб келган Замирахон (исми ўзгартирилган) исмли аёлнинг "SAMSUNG GALAXY Tab4 SM-T231" номли планшети хотирасида 57 та беҳаёликни тарғиб қилувчи видеолавҳалар борлиги аниқланган.
Шунингдек, "Андижон аэропорти" чегара божхона пости ходимлари томонидан "Москва-Андижон" йўналиши бўйича Андижонга учиб келган юртимиз фуқароси Шоирахон (исми ўзгартирилган) исмли аёлнинг қўл телефони текширилганда, унинг хотирасида беҳаёликни тарғиб этувчи видеороликлар мавжудлиги аниқланган.
Юқоридаги ҳолатлар бўйича суриштирув ишлари ўтказилиб, тегишли чоралар кўрилган.
Бу каби ҳуқуқбузарликларга қарши божхона тизими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, кенг жамоатчилик томонидан кескин курашлар олиб борилмоқда. Шундай бўлса-да, бу борада айниқса, ёшларимизни ана шундай иллатлар, "оммавий маданият" таҳдидлари таъсирларидан сақлашга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Бугун дунёда рўй бераётган глобаллашув жараёнида кенг тараққий этган ахборот-коммуникация технологиялари воситаларидан тўғри ва оқилона фойдаланишни тақозо этади. Фарзандларимиз тарбияси ҳар биримизни ҳушёрликка чорлаши керак. Бу масаладаги бепарволик тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкинлигини унутмайлик.
Акрамжон АҲЛИМИРЗАЕВ,
Андижон вилояти божхона бошқармаси бўлими бошлиғи.
|