№8, 18.02.2016 Орамиздаги аёллар
ЭЪЗОЗ ТОПГАН ҲАМШИРА
Эъзозхон ўқувчилик даврларидаёқ ҳамшираликка меҳр қўйди. Шу боис тиббиёт билим юртига ҳужжатларини топширди. Биринчи йили омади чопмади. Лекин бундан руҳини туширмади.
Тиббиёт муассасасига бирор вазифага ишга кириб, ҳамширалик касби сирларини ўрганишни мақсад қилди. Ўша вақтларда туман марказий шифохонасининг болалар бўлимида Раиса опа Мўминова мудир бўлиб ишларди. Ёшгина қизчанинг шижоатга тўла нигоҳларини, ундаги ишонч ва интилишини кўрган, самимиятга тўла сўзларини эшитган мудира келажакда ундан яхши мутахассис чиқишига ишонч ҳосил қилди. Уни ишга олди.
Шу тариқа Эъзозхон тенгдошлари орасида биринчилардан бўлиб ишга жойлашиб, ўз меҳнат фаолиятини бошлади. Ўзига берилган топшириқларни аъло даражада уддалашга ҳаракат қилди. Билимини ошириш мақсадида Андижон тиббиёт билим юртининг кечки бўлимида ўқиди. Ҳамширалик дипломини қўлга олгач, астойдил ишга киришди. Устозлари, тажрибали ҳамшираларнинг маслаҳатларига қулоқ тутди. Касбининг нозик жиҳатларини пухта ўрганди. Фаолиятида муолажаларни тез ва сифатли бажарар, беморлар билан хушмуомалада бўларди.
Шифокорлар Раиса опа Мўминова ҳамда Насиба опа Ашуроваларни илк устозлари деб билган қаҳрамонимиз Эъзозхон Болтабоева йиллар давомида изланиб, олға интилиб фидойилик билан меҳнат қилди. Иш жараёнида ҳамиша ташаббускорлик кўрсатди. Етук мутахассис сифатида, қолаверса, инсоний фазилатлари билан ҳамкасблари, эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топди. Анча тажриба орртирган Эъзозхонни бош ҳамширалик вазифасига лойиқ кўришди. У энди икки ҳисса кўпроқ масъулият билан ишлай бошлади.
Ўз касбини ардоқлаган, ҳамиша масъулият билан ишлаган Эъзозхон Болтабоева фаолияти жараёнида касб машаққатларини осонлик билан енгиб ўтди. Ўтган ана шу йиллар уни ҳам устозлик мартабасига кўтарди. Бугун Мунаввархон Дармонова, Барнохон Ҳалилова, Ҳавасхон Ривожиддинова, Муқаддасхон Турдиева, Асалхон Турғунова, Иродахон Тўйчиева сингари шогирдларининг кўпчилиги тажрибали ҳамширалар, ўз ишининг усталари бўлиб етишган.
- Эъзозхон опа онамиздай меҳрибон бўлиб қолганлар, - дейди биз билан суҳбатда шогирдларидан бири Малоҳатхон Ҳалилова. - Ўзларининг оқилона фикр ва маслаҳатлари билан ёшларга доимо кўмак берадилар.
Ҳалол ва самарали меҳнат рағбатсиз бўлмайди, албатта. Узоқ йиллардан буён туман марказий шифохонаси болалар бўлимида меҳнат қилаётган Эъзозхон опанинг самарали фаолияти учун Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 15 йиллиги ва 20 йиллиги эсдалик нишонлари, Ўзбекистон касаба уюшмаси федерациясининг соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшма қўмитасининг, шунингдек, туман ҳамда вилоят ҳокимликларининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.
Эъзозхон опа шахсий ҳаётда ҳам бахт топган аёллардан. У кўплар ҳавас қилса арзийдиган катта бир оиланинг бахтли бекаси. Турмуш ўртоғи Яминжон ака билан уч нафар фарзандни вояга етказиб, эл-юрт ишига камарбаста инсонлар қилиб тарбияладилар. Бугун улар ўн набиранинг бобо ва бувиси бўлиш бахтидан ва уларнинг камолидан сармастлар.
Бу файзли оила Олтинкўл тумани, Маслаҳат қишлоғининг Эркин маҳалласидаги энг намунали хонадонлардан бири саналади. Оила соҳибу соҳибаси мазмунли ва ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтаётган инсонлардир.
Беморнинг дардига шифо бўла олиш, бир оғиз ширин сўз билан кўнглини кўтариш ҳам эзгуликдир. Қаҳрамонимиз ана шундай эзгу ва яхши амаллари билан ҳамкасблари, эл-юрт орасида катта ҳурмат-эътибор топа олган инсонлардан биридир. Эъзозхон опа сингари фаол, фидойи аёлларимиз ҳамиша жамиятимиз кўркидир.
Гулноз АБДУЛЛАЕВА.
Суратда: Э. Болтабоева жамоадошлари билан.
|