№9, 25.02.2016 Ҳикоя
САБРНИНГ ТАГИ ОЛТИН
Маҳалла бошидаги чоғроққина оталар чойхонаси ёнидан ўтиб кетаётган Саттор сўрилардан бирида суҳбатлашиб ўтирган уч-тўрт қариялар билан саломлашди, бирма-бир қўш-қўллаб кўришди. Сўрининг чеккасига омонатгина ўтириб, узатилган пиёладаги чойдан хўплади.
- Ишлар қалай, Сатторвой? - сўради отахонлардан бири.
- Яхши.
- Бу тирикчилик бўп турибдими?
- Уйларни таъмирлаябмиз, қурилиш ишлари билан юрибмиз...
- Ҳа-а, барчанинг ризқини Яратганнинг ўзи беради, Худо куч-қувват берсин...
Саттор қариялар билан яна бир оз гурунглашган бўлди-ю, узр сўраб, ўрнидан турди. Уни уйи томон шошилиб бораётганини кўрган отахонлар мамнун бош силкиб қўйишди. У ҳақдаги эски хотиралар бир-бир эсланди.
Саттор ота-онасининг якка ўғли. Болалигидан эрка ўсган. Мактабни битириб, ўқишга тоби бўлмагач, уни ҳунар ўрганишга бердилар. Бинойидек устага шогирд тушиб, қўлидан анча иш келиб қолган Саттор бирдан айниди. Ичкиликка берилди. Унинг спиртли ичимлик ичиб, маст бўлмаган куни бўлмай қолди. Отаси Карим ака, онаси Моҳира ая маслаҳатлашиб, қўшни қишлоқдаги қариндошларининг қўшниси Санобар исмли қизини ўғлига унаштириб, тез орада уйлайдиган бўлишди.
Санобар олий маълумотли, ўқимишли қиз. Тиришқоқ, ўзига пишиқ, уддабурон. У Сатторни тўғри йўлга сола олади. Ахир ота-онани ҳам бир умрга боғлаб қўймагандир, куни етиб, ҳовлида ўзи қолган Сатторнинг кейинги ҳаёти қандай кечади? Шуни ўйлаб унинг ота-онаси бўлажак қудаларига тушунтиришди. Санобарнинг ота-онаси қарияларнинг ниятини англаб, йигит уйлангандан сўнг ичишни ташлар, деган фикрда фотиҳага рози бўлишди. Санобар ҳам Сатторнинг эркароқ ўсганини, ичкиликка берилганини биларди, бироқ ота-онасининг раъйига қарши бора олмади.
Тўй ҳам бўлиб ўтди. Лекин Саттор ичкиликни ташламади. Санобар топган пулини ичиб, ароққа сарфлайдиган, уст-боши чанг, баъзан лойга қоришиб келадиган эрига сабр қилди. Йиллар ўтиб, бирин-кетин уч ўғил дунёга келди. Сатторнинг жўралари ҳам ўзига ўхшаш ичкиликка берилганлардан. Одатда улар ишдан сўнг ошхоналардан бирида ўтириб, мириқиб ичар, сўнг тарқалишарди. Болалар ҳам мактабга борадиган бўлишди. Санобар бу орада уйига яқинроқ бўлган боғчада ишлай бошлади. Кунлар шу зайлда ўтиб борарди. Ҳар кеч Санобар безиллаб туради. "Бугун эри қай аҳволда кириб келаркин?" У ҳаммасига чидайди. Ўзини йўқотар даражада маст эрининг оғзидан боди кириб, шоди чиқишига, ҳақоратларига, куракда турмайдиган сўзларига, уст-бошининг чанг, тупроққа беланиб қайтишига, идиш-товоқларнинг синиши, баъзан калтак ҳам еб қолиши... ҳаммасига чидади.
"Ҳа, қайси шайтон йўлдан уриб яна ичиб келдингиз? Сизда инсофнинг ўзи йўқ, қачон одам бўласиз, рўзғорга қарайсизми ўзи?" Бу гапларни айтишга аёлнинг тили бормайди, тилини тишлайди. Болаларини олдига солиб, бир неча марта хаёлида уйига ҳам аразлаб кетиб кўрди, бироқ ота-онасининг кўнгли ранжийди. Барибир "янаям сабрлироқ бўлгин, қизим" дея ортига қайтаришади. Шунинг учун ҳам бу йўлдан қайтади, яхши кунлар келишига умид қилади.
Эрталаб ўзига келиб, қўйдек ювош тортган Саттор оппоқ уст-бошни кийиб, ҳеч нарса бўлмагандек, ишга отланади. У Санобарнинг туни билан уст-бошларини қуритиб, дазмоллаб, яна боягидек тайёрлаб қўйганини билади. Яна хижолат ҳам бўлиб индамай кўчага чиқиб кетади. "Бунинг охири бўлиши керак", - деб ўйлайди Санобар. Қачондир инсофга келса ажаб эмас. У кутиб яшайди, эрига инсоф, ўзига тоғдек сабр тилайди. Ёш ўтиб боряпти. Болалар улғайишмоқда. Туннинг зимистонидек бу кунларнинг ҳам бир куни тонглари отади... Санобар ўша кунни интизор бўлиб кутди.
"Бундай эрнинг баҳридан ўт, гулдек умрингни хазон қилган эр билан яшаб, сенга нима азоб" деб унга йўл кўрсатганлар ҳам бўлди. У узоқни ўйларди. "Кейин-чи, болаларнинг келажаги, эрининг ҳаёти нима бўлади?" Шуларни ўйлаб, у ўзига таскин изларди.
Болалар онасининг тарбиясини олиб, ўқимишли ва илмли бўлиб улға-йишди, ишга ҳам жойлашишди. Орада қайнона-қайнотаси ҳам бирин-кетин оламдан кўз юмишди.
Ёши ўтиб қолган Сатторга ҳам инсоф кириб, ичкиликни ташлади. Ниҳоят, у ўзини тўхтата олди. Бўйлари бўйидан баланд ўғилларидан уялдими ё ҳадемай келинлар тушириш арафасида нафсни тийиш ҳақида ўйладими, ҳар тугул ичиш одатлини ташлади. Уларнинг оиласини яхши билганлар Санобарнинг тоқатига, сабр-бардошига таҳсинлар ўқишди. Ҳар гал иш вақти тугаб, топган пулига рўзғор камини қилиб, маҳалладошларига салом-алик қилиб ўтадиган Сатторни кўрганларида, "Сабрнинг таги сариқ олтин", "Эрни эр қиладиган ҳам хотин..." деган ибратли гаплар ҳудди Санобарга ўхшаган аёллар ҳақида айтилгандек, эслаб қўядилар.
Умида ЭГАМБЕРДИЕВА.
|