Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№10, 03.03.2016

2016 ЙИЛ - "СОҒЛОМ ОНА ВА БОЛА ЙИЛИ"

АЁЛ - ЖАМИЯТ КЎРКИ, ҲАЁТИМИЗ ГУЛТОЖИДИР

Манзурахон ЮНУСОВА, Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси

Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Барчамизга яхши маълумки, мамлакатимизда Юртбошимиз ташаббуси билан ҳар бир йил алоҳида ном билан аталиши ва махсус Давлат дастури қабул қилиниб, дастур доирасида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилиши анъанага айланган. Хусусан, жорий йилнинг "Соғлом она ва бола йили" деб аталиши миллатимиз давомчилари оналарга ҳамда келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодга бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.

Айни кунда вилоятимизда таълим тизимида меҳнат қилаётганларнинг 54 фоизини, соғлиқни сақлаш тизимидагиларнинг 76 фоизини, қишлоқ хўжалигида меҳнат қилаётганларнинг 53 фоизини, маданият ва спорт соҳасидагиларнинг 55 фоизини хотин-қизлар ташкил этиши хотин-қизларимизнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва роли ниҳоятда катта эканлигини кўрсатади. Хусусан, фаолият олиб бораётган бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари фаолияти самарадорлигини, опа-сингилларимиз фаоллигини ошириш, уларнинг соғлигини муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, қизларимизнинг пухта билим олишлари, касб-ҳунар эгаллашлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериш, оилавий ҳаётга тайёрлаш, хотин-қизлар жиноятчилигининг олдини олиш, умуман, опа-сингилларимиз билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган ишларни изчил олиб боришда Давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 25 майда қабул қилинган "Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони муҳим дастуруламал бўлмоқда.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, "Президентимизнинг юқоридаги фармони ижроси доирасида Андижон вилоятида кўплаб ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда вилоятда 5 мингдан зиёд раҳбар аёл, 315 нафар фермер, 2 мингдан ортиқ тадбиркор, 15 минг нафардан зиёд ҳунарманд хотин-қиз самарали фаолият юритмоқда.

Аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда туман, шаҳар хотин-қизлар қўмиталари ва уларнинг корхона, ташкилот ва муассасалардаги 3 минг 949 бошланғич хотин-қизлар ташкилоти фаол иштирок этмоқда. Жумладан, Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмаси, Андижон шаҳридаги "Уз Донг Янг Ко" қўшма корхонаси, "Ўзтелеком" АК Андижон филиали, Андижон давлат университети, Андижон тиббиёт, машинасозлик ва қишлоқ хўжалиги институтлари бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари фаолиятини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Ўтган давр мобайнида хотин-қизлар фаолиятига дахлдор 30 тадан ортиқ йўналиш бўйича алоҳида режа-дастур асосида амалга оширилган ишлар бугунга келиб ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Биргина ўтган 2015 йилда тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизларнинг ҳуқуқий, тадбиркорлик борасидаги билим ва малакасини оширишга қаратилган кўплаб давра суҳбатлари, ўқув-семинарлари ўтказилди. Турли молиявий манбаалар ҳисобидан хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини, оилавий бизнесини қўллаб-қувватлаш мақсадида 115,8 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди, 40 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Янги иш ўринларининг аксарияти кичик ва оилавий бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари, уй меҳнатини ташкил этиш ва касаначиликни ривожлантириш ҳисобига тўғри келди.

Айниқса, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан қатор ташкилотлар ҳамкорлигида касб-ҳунар коллежларини тамомлаётган қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларга кредит маблағлари ажратилиши, турли йўналишларда ташкил этилаётган янги иш ўринларига жойлаштириш бўйича махсус жадвал асосида вилоятдаги барча туман ва шаҳарларда тадбирлар ўтказилди. Ана шу тадбирларда 15 минг нафардан зиёд коллежларни битираётган қизлар иштирок этди. Тадбирлар доирасида ўтказилган меҳнат ярмаркаларида кўплаб қизлар ишга жойлашиш учун йўлланма олди. Бундан ташқари, битирувчиларнинг банклар, савдо-саноат палатаси, "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бўлими мутахассислари билан мулоқотлари ташкил этилиб, уларга зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Вилоятимизда аёллар, хусусан, оналар ва болалар саломатлигини, аёллар ва болалар тиббий муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. "Саломатлик кунлари", "Саломатлик ҳафталиги" тадбирлари доирасида болалар ва аёллар соғлиги тиббий кўриклардан ўтказилди. Хусусан, вилоятдаги 794 минг нафардан зиёд фертиль ёшидаги аёллар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик давомида турли экстрагенитал касалликлар аниқланган аёллар соғломлаштиришга тўла жалб этилди. Амалга оширилган ана шу тадбирлар хотин-қизлар ўртасида турли хасталикларга чалиниш, ногиронликни келтириб чиқарувчи ҳолатларнинг кескин камайишини таъминлади.

Вилоятда оилавий спортни ривожлантириш, хотин-қизларни, айниқса, уй бекаларини спортга жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоятда 25 мингдан зиёд аёл спорт билан мунтазам шуғулланаётган бўлса, 100 мингдан ортиқ опа-сингилларимиз оммавий спорт турларига жалб этилган. Бу ўз навбатида, оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмонан баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Қизларимизни оилавий ҳаётга тайёрлаш, маънавиятини юксалтириш масалалари ҳам доимий эътибор марказимизда бўлмоқда. "Мактаб - оила - маҳалла" ҳамкорлиги самарали йўлга қўйилган. Таълим муассасаларида юқори синф ўқувчиларига шу мавзуга бағишланган махсус фанлар ўқитилмоқда. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларида ташкил этилган "Оила дорилфунуни"да йигит-қизларга оила ҳақида кенг тушунча берилаётир. Шу билан бирга, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари ҳамда маҳаллаларда самарали фаолият юритаётган "Зумрадойлар давраси", "Ораста қизлар", "Ораста қизлар давраси" тўгараклари томонидан халқимизнинг қадим анъана ва урф-одатларини кенг тарғиб этиш, ёш қизларимизнинг оилавий ҳаёт, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларнинг фаоллигини, пазандалик, орасталик, шунингдек, гиёҳванд-лик, одам савдоси, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари хусусидаги билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган ишлар изчил олиб борилмоқда.

Вилоятимиздаги ҳар бир маҳаллада маънавий муҳит барқарорлигини, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси борасида фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари фаолияти муҳим аҳамиятга эга. Маслаҳатчиларнинг ички ишлар бўлимлари профилактика инспекторлари, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати, тиббиёт бирлашмаси, қатор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари билан ўрнатилган ҳамкорлиги маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар кўлами ва самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада Андижон шаҳридаги Шўрбулоқ, Шаҳрихон туманидаги Бувайдо, Хўжаобод туманидаги Юқори Шаҳрихон, Жалақудуқ туманидаги Бойчеки, Асака туманидаги Шодлик, Улуғнор туманидаги Овулмат маҳаллалари маслаҳатчилари фаолияти намунали йўлга қўйилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Жорий - "Соғлом она ва бола йили" хотин-қизлар қўмиталари, бошланғич ташкилотларимиз, фаол ва ташаббускор опа-сингилларимиз олдига улкан вазифалар қўяди. Давлат дастури ижросини таъминлаш учун ҳар биримиз, айниқса, фаолларимиз янада шижоат, куч-ғайрат билан ишлашлари керак бўлади. Вилоят, туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмиталари бу борада, албатта, энг аввало, ана шу фаол аёлларимизга, кўпни кўрган онахонларимиз, уларнинг тажриба ва маслаҳатларига суяниши, улар билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориши лозим. Шу билан бирга, қўмитамиз қошида фаолият кўрсатаётган "Раҳбар аёл", "Сиёсатчи аёл", "Қайноналар мактаби", "Маслаҳатчи мактаби", "Тадбиркор аёл", "Олима" уюшмалари ишини янада такомиллаштиришимиз, уларнинг фаоллигини оширишимиз муҳимдир.

Белгиланган йўналишлар бўйича маҳалла, меҳнат жамоалари ҳамда таълим муассасаларида ишларни изчил ва самарали ташкил этиш учун кенг жамоатчилик ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратишимиз даркор. Айниқса, ҳар бир оилага кириб бориш бу борадаги ишлар самарадорлигини ооширишда муҳим аҳамият касб этади. Чунки қайси соҳада фаолият юритмасин жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси энг аввало, бир оиланинг вакилидир. Шу маънода ҳозирда вилоятимизда 730 мингдан зиёд оила мавжудлигини, улардан 30 мингга яқинини ёш оилалар ташкил этиши, ҳар қандай мамлакат тараққиёти ўша юртнинг оилалари мустаҳкамлиги, барқарорлиги ва манфаатлари билан чамбарчас боғлиқ эканлигини ҳисобга олиб, оилалар билан иш олиб бориш масаласига, шу билан бирга, оилани кўз қорачиғидек асраш, оилага тааллуқли тарихий, ўзига хос миллий анъана ва урф-одатларни асраб-авайлаш, уларни умумбашарий қадриятлар билан уйғунлаштириш, оила ва никоҳнинг муқаддаслигини ёш авлод онгига сингдириш борасидаги ишларга ҳам жиддий эътибор қаратишимиз зарур.

Мухтасар қилиб айтганда, ана шу хайрли ва эзгу саъйи ҳаракатлар хотин-қизларнинг жамиятдаги нуфузини юксалтириш, уларни қўллаб-қувватлаш, турмуш фаровонлигини ошириш, сиёсий, маънавий, ҳуқуқий, тиббий билимларини бойитиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Аёл - жамият кўрки, ҳаётимиз гултожи десак, асло муболаға бўлмайди. Қайсики юртда аёл бахтли бўлсагина, ўша юрт барқарор ривожланади, юксалади. Шу маънода айтишим мумкинки, Ўзбекистон аёллари ҳамиша эъзозланадиган юрт эканлиги билан дунёга машҳур бўлган. Айниқса, бугунги кунга келиб, опа-сингилларимизга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳар қачонгидан ҳам юксак даражага кўтарилгани жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганлигини баралла айтишимиз мумкин.

Сўзимнинг якунида вилоятимиз хотин-қизларини, азиз ва лобар опа-сингилларимизни, қадрли онахонларимизни яқинлашиб келаётган 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Азиз аёлларимиз эъзозланадиган қутлуғ байрам арафасида барчаларига, энг аввало, тани сиҳатлик, узоқ умр, бахт-саодат, оилаларига тинчлик-хотиржамлик, дастурхонларига қут-барака, юртимиз равнақи, фарзандларимиз тарбияси йўлида олиб бораётган ишларида улкан ютуқлар тилайман.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди