№10, 03.03.2016 Спортимиз юлдузлари
МАҚСАДИМ: ОЛИМПИАДА ЧЕМПИОНИ БЎЛИШ,
- дейди оғир атлетика бўйича беш карра Ўзбекистон чемпиони Муаттар Набиева.
Эндигина ўзининг ўн тўққиз ёшини қаршилаётган Муаттар Набиева мамлакатимиз спортининг ёрқин юлдузларидан бирига айланган. Асли Балиқчининг Балиқчи қишлоғида туғилган Муаттар 2012 йилдан буён спортнинг оғир атлетика тури билан шуғулланади. Ёш бўлса-да, кўплаб ютуқларни қўлга киритаётган иқтидорли спортчи ўзбек қизлари нималарга қодир эканлигини амалда кўрсатиб, мухлису мутахассислар эътиборига тушди.
- Илк бор тўгаракка келганимда устозим Ҳамидқул Мадазимов "Спортчида кучли ирода, сабр-матонат бўлиши керак. Қийинчиликлардан қўрқмай доимо олға ҳаракат қил, шунда омад кулиб боқаверади деган эди", - дейди иқтидорли ёш спортчи Муаттар биз билан суҳбатда. - Устозимнинг ўгитларига амал қилиб кам бўлмадим. Доимо ўз устимда ишладим, устозларим ва тажрибали спортчилардан оғир атлетиканинг техникаси, ўзига хос нозик жиҳатларини пухта ўрганишга астойдил ҳаракат қилдим.
Тинимсиз меҳнат ва машқлар ўз самарасини берди. Тез орада Муаттар нуфузли мусобақаларда қатнашиб, ота-онаси, устозлари ишончини оқлади. Шу кунгача Ўзбекистон чемпионатларида 5 та олтин, 3 та кумуш медални қўлга киритди. Ўз вазн тоифасида ёшлар ва катталар ўртасида беш карра Ўзбекистон чемпиони деган юксак шарафга сазовор бўлди.
- 2015 йил мен учун, айниқса, омадли келди, - дейди Муаттар суҳбат чоғида. - Ўтган йили Чирчиқ шаҳрида катталар ўртасида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионати баҳсларида ғолиб чиқдим. Ушбу ютуқ менга олий ўқув юртига кириш имтиёзини берувчи йўлланмани ҳам ҳадя этди. Айни пайтда Андижон давлат университетида таҳсил оляпман.
Дарҳақиқат, ёш спортчимизнинг ўтган йили эришган ютуқлари салмоқли бўлди. Мамлакат терма жамоаси сафига қабул қилиниб, кўплаб халқаро турнирларда иштирок этди. Ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олиб, юртимиз спорти шуҳратини кўкларга кўтарди. Яқинда эса АҚШнинг Хьюстон шаҳрида олимпиада квалификациясига кирувчи жаҳон чемпионати ўйинлари бўлиб ўтди. Жаҳондаги 98 та давлатдан 870 нафар спортчи иштирок этган ушбу беллашувларда 197 килограмм натижа кўрсатган Муаттар 19- ўринга сазовор бўлди. Эришган натижалари билан терма жамоамизга жорий йилда Бразилияда бўлиб ўтадиган ХХХI ёзги олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритиш учун муҳим очколар олиб берди.
Жаҳон чемпионатидаги муваффақиятли иштироки учун Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси томонидан махсус диплом ва 2 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди. Айни кунда Муаттар терма жамоа таркибида апрель ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига жиддий ҳозирлик кўрмоқда. Ўтказилаётган йиғин машғулотларида ўз тажриба ва маҳоратини оширмоқда.
Олимпия квалификациясига кирувчи Осиё чемпионати ўйинларида ҳам муваффақиятли иштирок этиб, терма жамоамизнинг олимпиада йўлланмасини қўлга киритишига муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қилади.
- Баъзи одамлар қизлар учун оғир атлетика жуда қийин дейишади, - дейди Муаттар. - Отам Абдуллажон Исмонов ҳам спорт мураббийси бўлганлиги менга катта куч ва руҳий мадад беради. Оиламизда ҳамма спортга қизиқади. Менинг муваффақиятларимда яқинларимнинг кўмаги, қўллаб-қувватлаши ва устозларимнинг ишончи катта омил бўлаётир. Мақсадим, олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш ва олимпиада чемпиони бўлиш, жаҳон спорт ареналарида Ўзбекистон байроғини баланд кўтариш.
Эзгу ният ва улуғ мақсадларга эришишни ўз олдига қўйган Муаттарга биз ҳам спортда, ҳаётида фақат омадлар тилаб қоламиз.
Барно ҲАЙДАРОВА.
Суратда: беш карра Ўзбекистон чемпиони
М. Набиева.
|