№10, 03.03.2016 Дил номалари
Муҳаррамхон РАҲМОНОВА - Андижон шаҳридаги 3- оилавий поликлиникаси
бош шифокори, шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раиси.
Мен бахтли аёлман. Севган касбим, меҳрибон оилам билан бу бахтни яна-да теранроқ ҳис қиламан. Халқимнинг ишончи, меҳри эса шу вақтга қадар эришган ютуқларимга доя бўлмоқда, десам муболаға бўлмайди.
Аёл соғлом, фарзандлари баркамол бўлсагина, унинг кўнглига ёруғлик инади, чинакам бахтиёрликни ҳис қила олади. Юртимизда "Соғлом она ва бола йили" деб номланган жорий йилда вилоятимиз аҳолисининг репродуктив саломатлигини сақлаш, айниқса, хотин-қизлар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, умуман, жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси саломатлигини сақлаш биз, шифокорлар зиммасига янада улкан вазифалар ва масъулият юклайди.
Соғлом онадан соғлом фарзанд дунёга келади. Келажагимиз эса ҳар жиҳатдан етук ва баркамол авлод қўлидадир. Шу маънода оналар ва болалар саломатлигини сақлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз.
Кўкламнинг илк байрами - Халқаро хотин-қизлар куни арафасида аёлларимизга, энг аввало, тани сиҳатлик, бахти бекамлик тилайман. Ўз назокати, нафосати, оқилалиги, саришталиги билан ҳаётимизни яна ҳам нурафшон этгувчи опа-сингилларимиз ҳамиша омон бўлсинлар.
Моҳигул АЗИЗОВА - "Ўзтелеком" АК Андижон филиали ходимлар бўлими бошлиғи, бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раиси.
Ўзбекнинг ҳар бир аёли бахтли. Мен эса ана шу аёлларнинг сафдоши эканимдан фахрланаман. Баҳор ташрифидан шод кўнгилларни яна-да яшнатгувчи 8 март байрами арафасида бир нарсани ифтихор билан таъкидламоқни истардим: меҳр ва гўзаллик дунёни ҳар қандай ҳалокатдан қутқаришга қодир. Бу икки иноят эса аёл юрагида туғилади, у билан яшайди. Демакки, аёли эъзозланган замин мусибатдан йироқдир. Биз мана шундай юртда яшаётган аёллар эканимизнинг ўзиёқ ғурур беради қалбга.
Филиалимиз ишчи-ходимларининг кўпчилигини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг ижтимоий фаоллигини, ҳуқуқий, маънавий саводхонлигини ошириш, саломатликларини муҳофаза қилиш масалаларига бағишланган тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказиб, улар орасида соғлом маънавий муҳитни шакллантиришга ҳаракат қиламан.
Аёлларимиз соғлом, оилалари, фарзандлари тинч, кайфиятлари яхши бўлсагина, олиб бораётган ишлари унумли бўлади, жамият ишида фаол иштирок эта олади. Аёллар билан иш олиб боришда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратаман. Бу жамоадошларимнинг ишга бўлган меҳрини оширишга, фаол бўлишларига яқиндан ёрдам беради.
Яқинлашиб келаётган нафосат ва назокат айёми билан барча аёлларимизни муборакбод этаман.
Барно РАҲИМОВА, Асака туманидаги 35- мактабгача таълим муассасаси мудираси, хотин-қизлар бошланғич ташкилоти раиси.
Масканимизда 40 нафар хотин-қиз меҳнат қилади. Уларнинг самарали ишлашлари учун барча шароитлар яратилган. Бундан ташқари, ходимларимиз саломатлигиини мустаҳкамлаш мақсадида уларга ҳар йили навбат билан республикамизнинг турли сиҳатгоҳларига йўлланмалар берилади.
Муассасамизда 300 нафар болажон тарбияланади. Келажагимиз эгалари бўлган болажонларимизни соғлом ва баркамол вояга етказиш учун ёруғ ва шинам хоналар, ўқув машғулоти хоналари, ўйин майдончаси ҳамда барча шароитга эга ошхона мавжуд бўлиб, таълим-тарбия ишлари намунали йўлга қўйилган
Ушбу масканда 3 йилдан бери фаолият юритиб келаман. Шукрки, ҳалол меҳнатим орқали жамоада обрў-эътибор топдим. Оилам тинч, фарзандларим - бир ўғил ва бир қизимнинг камоли, қолаверса, оилада ҳам, жамиятда ҳам ўз ўрнимга эга эканлигимдан қувонаман. Фаолиятим давомида жамоамиз кўплаб ютуқларни қўлга киритди. Жумладан, 2015 йили "Энг обод таълим муассасаси" кўрик-танловининг республика босқичида 1- ўринни эгалладик, шунингдек, ўз йўналишимиз бўйича "Энг намунали бошлан-ғич хотин-қизлар ташкилоти" танловининг республика босқичида ҳам ғолиблар қаторидан жой олганлигимиз меҳнатларимизнинг самарасидир. Ана шу муваффақиятлар нафақат менга, балки бутун жамоамизга куч бағишлайди, янада шижоат билан ундайди.
Мен Халқаро хотин-қизлар куни билан юртимизнинг барча аёлларига бахт ва омад, оилаларига тинчлик-хотиржамлик тилайман.
|