№10, 03.03.2016 Қатра
ЛОЛАҚИЗҒАЛДОҚ
Эрта баҳорда қирларда лолақизғалдоқлар қийғос очилади. Мен бу гўзалликдан баҳраманд бўлиш ниятида ўша қирлар томон йўл олдим, ёлғиз ўзим эмас, албатта. У билан. Қир- этакларига қизил, алвон гилам тўшалгандай гўё. Бу гиламни босгани кўз қиймайди. Уларни тера бошлайман, бир даста бўлгандан кейин унга тутаман. У хурсанд бўлганича, лолақизғалдоқларни кўксига меҳр билан босади. Сўнгра менга узоқ тикилади-да, жилмаяди. Лолақиз-ғалдоқлар эса аллақачон унинг кўксида сўлиб, япроқларини тўккан бўлади. Қиз ўзини айбдор сезиб, йиғлай бошлайди.
... Лолақизғалдоқлар эса ерда жонсиз ётардилар. Мен қизнинг қалби шунчалик қайноқлигидан ҳайратда эдим. Унинг қалби шундай гўзал гулни куйдириб юборса? Бу синоатни тушунишга ақлим етмади. Лекин аниқ биламанки, Унинг қалб гўзаллиги ҳам худди ҳусни жамолидай гўзал ва бир умр унга ҳамроҳ эди.
У доимо мен билан бўлишини, унинг қайноқ қалби ҳамиша мени иситиб туришини чин дилдан истайман.
Равшан Нур МУҲАММАД.
|