№11, 10.03.2016 Иқтидорли ёшларимиз
ИСТЕЪДОДНИНГ ПАРВОЗИ
Юртимизда иқтидорли, салоҳиятли, интилувчан ёшлар кўп. Улар ўзлари учун яратиб берилган кенг имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда орзулари томон дадил интилиб яшамоқдалар.
Ана шундай ёшлардан бири Мушарраф Зокировадир. У 1994 йилда Андижон тумани, Бўтақора қишлоғида туғилган. Болалигидан турли ашулаларни хиргойи қилишга иштиёқи баланд бўлган бу қиз мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ ширали овози билан устозлари, мутахассислар эътиборига тушди. Ундаги истеъдод, қизиқиш ва интилишни қўллаб-қувватлаган ота-онаси тумандаги 7- болалар мусиқа ва санъат мактабига ўқишга бердилар. Мушарраф ўзи танлаган фортепиано бўлимида қунт билан сабоқ олди. Мактабда, тумандаги турли тадбирларда, байрам дастурларида ўзининг чиройли қўшиқлари билан иштирок этиб, маҳорат ва тажрибасини ошириб борди. Айни кунда у Андижон санъат коллежининг академик вокаль артисти бўлимида ўқишни давом эттирмоқда.
- Ҳаваскор борки, катта санъаткорларга эргашиб яшайди,- дейди Мушарраф Зокирова. - Муяссар Раззоқованинг қўшиқларини севиб тинглайман. Уларга ўхшашга интиламан.
Айни кунда ёш иқтидор соҳибаси устози Холмурод Хоруновдан вокаль сирларини, опера айтиш маҳоратларини қунт билан ўрганиб бормоқда.
- Устозим жуда талабчан. Овоз созлиги, оҳангга тушиши ва диапазонига алоҳида эътибор билан қарайдилар. Маҳоратли қўшиқчи бўлиш осон эмаслиги, бу йўлдаги машаққатлар биз учун чархланиш эканини уларнинг дарс жараёнларида яна-да теранроқ ҳис қиламиз.
Мушарраф туман, вилоят, республика миқёсидаги кўрик-танловларда фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, 2015 йилда "Ёш ижрочилар" кўрик-танловининг республика босқичида қатнашиб, устоз санъаткорлар эътиборига тушди. Шунингдек, "Юксак маънавиятли авлод" кўрик-танловининг вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритиб, республика босқичида муваффақиятли иштирок этди.
Мушарраф бугун ўз иқтидорини тинимсиз ўқиш ва ўрганиш билан яна-да чархлаб бормоқда. Вилоятимизда ўтказилаётган турли байрам тантаналарида қўшиқлари билан қатнашиб келмоқда. Унинг ижросидаги "Лейтенант", "Гўзал Тошкент", "Дугоналар", "Ҳур ўзбек қизиман!" қўшиқлари ҳамда жаҳон операси дурдоналаридан "Травиата", "Вигалетта" операларидан дуетлар ёш санъаткорнинг интилиши, изланишини кўрсатади.
Саҳна - бу маҳорат майдони. Унга эл нигоҳлари қадалади, ижро этилаётган қўшиқлар кўнгил билан тингланади. Мушарраф дилтортар қўшиқлари билан ана шу кўнгилларга завқ-шавқ улашади. У қўшиқчиликда ўзининг иқтидори билан бугун эл эътирофига сазовор бўлмоқда. Биз ёш, истеъдодли Мушарраф Зокировага келгуси ишларида омадлар тилаб қоламиз.
Зилола РАҲМОНОВА.
|