Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№11, 10.03.2016

Одам савдоси

ОЙНИНГ ОРҚА ТОМОНИ

ЁХУД МЎМАЙ ДАРОМАД ОРТИДАГИ ҲАҚИҚАТЛАР МУҚАДДИМА

Юқори қисмига катта-катта ҳарфлар билан "КАТТА ДАРОМАД КЕЛТИРАДИГАН ИШГА ТАКЛИФ ЭТАМИЗ" деб ёзилган, ҳақиқатдан ҳам катта миқдордаги даромаднинг кафолатланиши ваъда қилинган кичкина қоғоз қўлига тушиб қолган киши дастлаб "Наҳотки, шундай катта пул топиш шунчалик осон бўлса?" - деган хаёлга бориши, иккиланиши, аммо уч-тўрт бор шундай ҳолат такрорлангач, бу таклифга қизиқиб қолиши, табиий. Лекин унинг ортида нима яширингани ҳақида ҳамма вақт ҳам мулоҳаза қилиб ўтирмаслиги мумкин.

Аслида ёлғон - инсон қизиқишини кучайтиришнинг асосий "унсури". Шунинг учун ҳам аксарият ҳолларда айрим "учар тадбиркор"лар ушбу воситадан самарали фойдаланишга интиладилар. Унинг жабри эса шу ишга умид кўзини тикканлар гарданига тушади.

ТАНИШ ҚИЗНИНГ ҲИКОЯСИ

Яқинда ана шундай қоғозлардан бири қўлимга тушиб қолди. Албатта, унда ваъда қилинган кафолатли иш, бепул ўқиш, энг муҳими, юқори даромад истаган кишининг хаёлини ўғирлаши мумкин эди. Шунинг учун ҳам бир дугонам билан келишиб, биргаликда қоғозда кўрсатилган манзилга бордик. У шаҳар марказидаги кўп қаватли уйлардан бирининг учинчи қаватидаги хонадон эди.

Эшик қўнғироғини минг ҳадик билан босдик, аммо эшикни ҳеч ким очмади. Ҳайрон бўлиб пастга тушаётсак, ёнимиздан ўтиб кетган икки киши - ўрта ёшлардаги эркак ва ажабтовур либослари билан кишини ҳайратга солувчи ёшгина қиз - ўша хонадонга кириб кетишди.

Биз яна қайтиб чиқдик. Бу сафар бизни бояги киши кутиб олди. Мақсадимизни эшитгач, мижози борлигини айтиб, бизни ярим соатдан сўнг қабул қилишини билдирди.

Айтилган вақтда яна келдик. Бояги киши билан суҳбатлашдик. У қаерда туришимиз, оилавий шароитимиз, ота-онамизнинг топиш-тутиши қандайлиги, хуллас, барча-барчасини икир-чикиригача суриштирди. Сўнг бизга таклиф этилаётган ишнинг юқори даромад келтириши, ҳатто маош АҚШ долларида тўланиши мумкинлиги ҳақида гапирди. Унинг сўзлари ҳам, хонадаги жиҳозлар ҳам мени шубҳага солди. Чунки хонада бор-йўғи битта эски диван, эски стул ва тўртта стул бор эди, холос. "Иш берувчи" бизни яхши ўйлаб кўришга даъват этар, аммо унинг гап-сўзлари иккиланмай рози бўлишимизни талаб қилиш оҳангига ўхшаб кетарди. Бунинг устига у бизни тонгги соат 5 га таклиф қилгани шубҳани яна ҳам кучайтирди.

Қисқаси у ерга қайтиб боришни хаёлимизга ҳам келтирмадик. Энг асосийси, бу каби таклифларга умуман ишонмай қўйдик.

МУЛОҲАЗА

Қизнинг шубҳалари асоссиз эмас, албатта. Дарҳақиқат, юқори даромад келтирувчи фирманинг офиси у айтган кўринишда бўлса, иш берувчи талабгорнинг салоҳиятига эмас, балки унинг шароити-ю, оила аъзоларининг топиш-тутишига қизиқса, шубҳасиз, юқори даромадли иш ҳақидаги ваъдаларнинг замирида қандайдир айёрлик бўлиши турган гап. Бундай дейиш учун бизда маълум маънода асос мавжуд. Зеро, шундай ваъдаларга ишониш оқибатида кўнгилсиз, ҳатто эслаш ҳам оғир бўлган вазиятларга дучор бўлганлар анчагина учрайди...

ХОРИЖДАН ҚАЙТГАН АЁЛ ҲИКОЯСИ

Анча вақт иш қидирдим. Бир дугонамнинг таниши Москвада сердаромад иш борлиги, агар истаса, танишлари орқали уни ҳам ишга жойлаб қўйиши мумкинлигини айтди. Янги танишимнинг юмшоқ муомаласи, лозим бўлганда истаганча пул бера олиши, табиийки мени ҳавасимни келтирди ва унга ишониб, таклифга рози бўлдим. Иш таклиф қилган менга Москвага билет олиб берди ва у ерда кутиб оладиганлар билан келишиб қўйилганини айтди.

Москвада кутиб олган одам мени бир квартирага олиб борди. У ерда мендан ташқари бошқа республикалардан келган яна тўртта қиз бор эди. Биз билан суҳбатлашган киши қизлар, яъни биз фоҳишалик билан шуғулланишимиз кераклигини айтади. Бу гапни эшитиб ўзимни йўқотиб қўйдим. Бу иш билан шуғулланмаслигимни, оилали аёл эканлигимни айтиб, қўйиб юборишларини илтимос қилдим. Аммо мезбон мен учун анча пул тўлаганини, у ҳеч қаёққа кета олмаслигимни, керак бўлса, мажбурлаб ишлатиши мумкинлигини таъкидлаб, бошқалар қатори менинг ҳам паспортимни олиб қўйди. Эртасига бизни Мисрга олиб кетишди.

Қоҳирада бир кун яшадик. Эртасига Хурчада деган шаҳрига жўнадик. Бу ерда бизга яна бешта қиз қўшилди. Кечқурун биз турган хонага бир эркак кириб, Москвадан бирга келган одам уларни ўзига топшириб кетганини, энди биз унинг ихтиёрида эканлигимизни айтади.

Бизни бўлиб-бўлиб шаҳардаги турли жойларга, меҳмонхоналарга жойлашди. Бу ердаги назоратчилар биз билан жуда ёмон муомалада бўлишар, жеркишар, ҳақорат қилишар, ҳатто зўрлашарди ҳам.

Биз фоҳишалик қилиб, кунига ўн-ўн бешта эркакни қабул қилишимиз лозим эди. "Иш"дан бўйин товлаганлар қаттиқ жазоланарди; уларни қийнашар, уришар, зўрлашарди.

Бир куни мен уйимга қўнғироқ қилишга имконият топдим, қизим мактабда экан, онам билан гаплашдим. Онамнинг: "Қизинг яхши, бизга пул юбормасанг ҳам ўзингни эҳтиёт қил, қизим", деган гапларидан гўё юрагим ёрилиб кетди. Хўрлигим келиб йиғидан ўзимни тўхтатолмадим. Шундан сўнг қандай бўлмасин, бу ердан қочиш, юртимга қайтиш ҳаракатига тушдим.

Бу ерда ўтаётган бир кун гўё бир йилдай эди, ҳаётим тушдай ўтарди. Бошимга тушган бу кўргилукларга фақат ўзим айбдор эдим. Сўраб-суриштирмадим, тезда бойиб кетаман, деган хом хаёллар гирдобида қолиб, хатто сўз билан таърифлашга тил ожиз, жирканадиган мана шундай ҳолатга тушиб қолгандим. Кунлардан бирида бир имконият туғилди. Мижоз билан ўтирганимда хона ойнасининг очиқлигига кўзим тушди. Бундай имконият камдан-кам юзага келишини ҳис этиб, мижозни итариб юбордим, у ҳушидан кетди. Ҳеч иккиланмай иккинчи қаватдан сакраб тушдим. Бутун танам зирқираб оғриётганига ҳам эътибор бермай, дарҳол бу ердан узоқроққа қочишга ҳаракат қилдим.

...Менга омад кулиб боқди: йўлда яхши инсонларни учратдим, уларнинг кўмагида элчихонамизни топиб бордим. Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгач, уйимга қайтдим. Саробга ишониб, осон пул топаман деб, бошимдан не-не уқибатларни ўтказганим учун ўзимни кечира олмаяпман. Қолмишига кучли руҳий зўриқиш туфайли юрак хасталигини ошириб олдим. Бундай ҳолга ҳеч ким тушмасин.

Мен йўл қўйган хато қиз-аёлларимизга ибрат бўлсин. Азиз сингилжонлар, билиб-билмасдан ўзга юртларга боришни орзу қилманг. Осонлик билан мўмай даромад топиш бу хом хаёл. Фақат аёллик шаънингиз, қадр-қимматингиз топталиши, хўрлик, азоб-уқубатлар ҳисобигагина пул топишингиз мумкинлигини унутманг.

МУЛОҲАЗА

Халқимизда: "Хазинани осон йўл билан фақат эртакдагина қўлга киритиш мумкин", - деган гап бор. Моҳиятан олиб қараганда, хазинани қўлга киритиш учун эртак қаҳрамони ҳам бир талай азоб-уқубатларни бошидан кечиради. Шундай экан, нима учун биз кўпинча осонлик билан катта даромад топишга интиламиз? Инсон табиатидаги ожизликлардан бири бўлган нафс балосининг чангалидан қачон қутиламиз?

Ҳа, биз бундай вазиятда аксарият ҳолда фирибгарларни айбласак-да, аслида энг асосий айбдор ўзимиздир. Айбимиз шуки, биз ўзимизнинг соддалигимиз ва нафс қурбонига айланишимиз билан фирибгарларга имконият яратиб берамиз, улар эса бундан усталик билан фойдаланмоқдалар. Демак, бундай ҳолнинг юз бермаслиги учун энг муҳим омил бизнинг ҳушёрлигимиздир.

ХОТИМА

Ойнинг орқа томони - бизга кўринмайди, демак, унинг орқа томони бизга номаълум. Бир қарашда сердаромад ишга таклиф этишнинг замири ҳам қайсидир маънода ойнинг орқа томони каби кўпчиликка номаълумдир. Қолаверса, таклифларнинг ноқонунийлиги бизни огоҳ ва ҳушёр бўлишга чақириши керак.

Юқорида икки аёлнинг сўзларини тингладик, таг-туги номаълум, ноқонуний иш ҳар қандай кишини улар сингари разолат ботқоғига ботириши муқаррар. Шундай экан, бу масалада ортиқча хою ҳавасларга, қуруқ ваъдаларга учмайлик.

Умида АДИЗОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди