№12, 17.03.2016 Ифтихор
ВАТАН - БЕБАҲО БОЙЛИКДИР
Ватан... У қандай сеҳрли иноятки, унинг тинчлиги, эрки учун мардлар бедор, халқлар сергак... Унинг қандай қуввати борки, ҳимоясига не-не инсонлар жонларини тикадилар, унинг озодлиги йўлида ҳаётларини қурбон қиладилар...
- Аслида Ватан - энг олий тушунча. Халқларнинг таянчи, ўтмиши, бугуни ва эртасидир. Ватан, жонажон юрт ва қадрдон замин, инсон учун энг муқаддас, бебаҳо бойликдир, - деган эди севимли шоирамиз Турсуной Содиқова.
Дарҳақиқат, дунёдаги энг гўзал сўз ва таърифлар Ватан шаънига айтилади. Инсон қалбида ҳеч бир нарсага алмашиб бўлмайдиган бир туйғу бор: у - Ватан, Ватанга муҳаббат туйғуси... Бу шундай туйғуки, фарзандингизнинг илк қадамларида, ширин кулгусида, онаизорингизнинг дуога очиб турган қўлларида, бободеҳқоннинг меҳнатдан ялтираган пешонасида, хонадонигизни ёритиб турган чироқларида яшайди. Бир-бирига боғланиб кетган ана шундай нурафшон ҳислар шодасида Ватан туйғуси намоён бўлади. Уни қалбан ҳис этиш, у билан яшаш киши ҳаётига маъно-мазмун бағишлайди.
Менинг Ватаним - Ўзбекистон! Яратган томонидан инъом этилган мўъжизакор, жаннатмоннанд гўшадир бу... У озод ва обод, бағри жаннат боғларидек файзли, одамлари содда, меҳнаткаш ва бахтлидир.
Кундан кунга юксалиб, тараққий этиб бораётган озод ва обод Ватанимизни бугун дунё танимоқда, тан олмоқда. Турли соҳаларда Ватанимиз эришаётган ютуқлар юртдошларимизнинг ҳамжиҳатлиги, халқимизнинг бунёдкорлик борасидаги меҳнатлари ва албатта, муҳтарам Юртбошимизнинг олиб бораётган одилона сиёсати маҳсулидир. Айниқса, юртимимзда ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар ҳақида ҳар қанча гапирсак камлик қилади. Ёшларимиз таълим, спорт, санъат, қўйингки, барча соҳаларда эришаётган юксак марралар ана шу эътибор ва ғамхўрликнинг самарасидир.
Дунёда турли манфаатлар, ғоялар кураши авж олган бугунги мураккаб бир даврда ватанимизни кўз қорачиғидек асраш, унинг тинчлигини сақлаш, равнақи йўлида астойдил меҳнат қилиш ҳар биримимзнинг муқаддас бурчимиздир. Зеро, ватанимиз бизнинг ғуруримиз, фахримиз, ҳаётимиз мазмунидир.
Оламга нур таратгувчи
офтобимсан,
Тунларимни ёритгувчи
тўлин ойим.
Битиклари зарҳал
бўлган китобимсан,
Таърифингни қиёслашга
лолдир тилим.
Оҳ ватаним, қалбимдаги
дурдонамсан,
Ўзбекистон, жаҳон ичра
ягонамсан.
Садоқатхон ЗОКИРОВА,
Пахтаобод туманидаги 43- умумтаълим мактаби ўқитувчиси.
|