Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№14, 31.03.2016

Мутахассис минбари

СИЛ ҚАНДАЙ КАСАЛЛИК

ВА У ҲАҚДА НИМАЛАРНИ БИЛИШ КЕРАК?

Тиббиёт фанининг ютуқлари, дунё миқёсида силга қарши кураш дастурининг жорий қилиниши туфайли ўтган асрнинг 80- йилларига келиб сил билан касалланиш кескин камайди.

Лекин ушбу хасталик глобал муаммо сифатида инсониятга хавф солмоқда. Касалликдан ёки унинг асоратларидан дунё бўйича бир йилда 1,8 миллион нафар бемор ҳаётдан кўз юммоқда. Ушбу хасталикка чалинганларнинг 80 фоизини 15 - 55 ёшдаги кишилар ташкил этади. Ана шундай нохуш ҳолатларни ўзгартириш ёки касалликнинг олдини олиш мумкинми? Бунинг учун нималарни билиш керак?

Сил - юқумли касаллик бўлиб, инфекциянинг асосий манбаи - сил билан хасталанган бемор ҳисобланади. Сил таёқчаси бемор йўталганда, акса урганда, гапирганда балғамнинг майда заррачалари билан атрофга кўп миқдорда ажрайди. Таёқча ташқи муҳитда 14 - 16 соат давомида ҳавода сақланади. Бундай ҳаво билан нафас олиш сил билан зарарланишга олиб келади. Балғам заррачалари ерга, полларга, мебелга, деворга чўкиб қурийди, аммо таёқчалар узоқ вақт тирик қолади. Супириш, тозалаш пайтида улар чанг билан ҳавога кўтарилади. Бундай вазиятда ҳам нафас олиш сил билан зарарланишга олиб келади.

Одам организимида нафас йўлларига тушган микробларни шилимшиққа қоплаб ташқи муҳитга қайтариб чиқариб юборувчи мураккаб иммун реакциялардан иборат бўлган ҳимоя воситалари мавжуд. Аммо айрим ҳолатларда ҳимоя механизмларнинг сустланиши, бузилиши туфайли касаллик ривожланиб кетиши мумкин.

Аксарият ҳолларда сил ўпкада ривожланади, лекин суяклар, бўғинлар, буйрак, мия пардаларида ҳам сил хасталиги кузатилиши мумкин. Касаллик вақтида аниқланмаса, тўқималар емирилиши, аъзоларнинг тўла бузулиши ва бошқа асоратлар кузатилади.

Касалликнинг атрофдагилар учун энг зарарли кўриниши ўпка сили бўлиб, тумов, бронхит ёки зотилжамга ўхшаб бошланиши мумкин. Ўпка силига хос бўлган асосий белги икки ҳафта ва ундан ортиқ давом этаётган йўталдир. Йўтал қуруқ бўлиши ёки балғам ажралиши мумкин. Бундан ташқари, иштаҳанинг йўқолиши, озиш, тана ҳароратининг кўтарилиши, қувватсизлик, кўкрак қафасида оғриқ ҳамда қон туфлаш каби белгилар кузатилади. Шунинг учун узоқ вақт йўталаётганлар бошқа белгиларни кутмасдан тиббий кўрикдан ўтишлари мақсадга мувофиқ. Касалликни аниқлаш учун балғам суртмаси текширилади ва кўкрак қафаси рентген текшируви ўтказилади.

Юртимизда сил хасталигини даволаш учун зарур барча шароитлар яратилган, дори-дармонлар етарли ва бепулдир. Сил бедаво эмас. Буни ҳамма билиши керак. Касаллик аниқланганида даволаш икки босқичда қисқа муддатларда олиб борилади. Бемор дастлаб 2 - 4 ой давомида сил шифохонасида, сўнг яшаш жойига яқин поликлиника ёки қишлоқ врачлик пунктида даволанади. Касалликни яширган билан у ўз-ўзидан тузалиб кетмайди, оғир асоратларга олиб келади. Бемор аниқланганидан сўнг унинг яқинлари, оила - аъзолари баъзида эса касбдошлари ҳам текширилиши керак. Контакт шахсларда касаллик ривожланмаслиги учун уларда махсус текширув ўтказилади. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, касаллик қанча эрта аниқланса, даволаш шунча самарали бўлади.

Касаллик ҳаво орқали тарқалиши сабабли ҳар бир киши зарарланиши мумкин. Шунинг учун айрим аҳоли гуруҳлари орасида профилактик флюоретекширувлар олиб борилади. "Хавфли" гуруҳларга қандли диабед, ошқозон яраси, нафас аъзоларининг сурункали касалликлари билан хасталанганлар, ОИВ инфекцияси билан зарарланганлар киради. Гиёҳвандлар, тамаки чекувчилар ва спиртли ичимликлар ичишга ружу қўйганганлар ҳам хавфли гуруҳга киритилган. Мавжуд касаллиги ёки зарарли одатлари иммунитет сустлигига олиб келади ва сил ривожланиш хавфини оширади.

Ҳомиладор, туғруқдан кейинги даврда ва эмизикли аёллар саломатлигига ҳам алоҳида эътибор берилиши керак. Камқувватлик, озиш, иштаҳа бўғилиши, чарчаш каби силнинг бошланиш белгиларини бу аёллар ўзини ҳолати билан боғлаши ва кеч мурожаат қилиши мумкин.

Чет давлатларда ишлаб келган меҳнат мигрантларини ҳам алоҳида эслашимиз зарур. Оиладан узоқ муддатга узилиш, оғир яшаш ва ишлаш шароити - сил билан касалланиш хавфини орттиради. Айрим ҳолатларда бундай беморларда касалликнинг дориларга чидамли - резистент шакллари кузатилади. Шунинг учун четдан касалланиб келганларда касаллик оғирроқ кечади, даволаш узоқроқ давом этади.

Мамлакатимизда силга қарши кураш масаласи доимо давлатимиз эътиборида турибди. Ўзбекистон Республикасида аҳолини силдан муҳофаза қилиш бўйича алоҳида қонун қабул қилинганлиги, республикамиз худудида ДОТС дастурининг жорий этилганлиги, беморлар учун қатор имтиёзлар берилаётганлиги фикримизга мисолдир. Хусусан, вилоятимизда ҳам айни кунда иккита йирик, замонавий жиҳозланган силга қарши кураш диспансерлари самарали фаолият кўрсатмоқда.

Н.ЖАББОРОВ,

Андижон вилояти силга қарши кураш диспансери ДОТС маркази директори.

У.БОБОЕВ,

Андижон вилоят силга қарши кураш диспансери врач физиатри.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди