№14, 31.03.2016 Мулоҳаза
КЎЧАДАГИ "МАЖЛИСЛАР"
Кўчаларда тўп-тўп ўтириб олиб, беҳуда вақт сарфлаб вақт ўтказадиган қиз-жувонларни оқламайман. Афсуски, ҳар кун тўпланиб мана шундай вақт ўтказгувчилар ҳар ерда бор.
Хўп, улар кўчада ўтириб гап сотишга вақт, имкон топибди. Бунга майли ҳам дейлик. Лекин улар кўп вақтларини кимнингдир ғийбат қилиш, кимларнингдир ўртасига совуқлик тушириши мумкин бўлган гапларни гаплашишлари ҳеч бир меъёрларга тўғри келмайди. Баъзан ана шундай "суҳбатлар" қулоғимга чалиниб қолади. Барака топгур, сенга алоқаси бўлмаган ишлар хусусида ғийбат гапларни тарқатишнинг нима кераги бор, деб фиғоним фалакка чиқади. Қани энди ана шу опа-сингилларимиз ғийбатдан, чақимчиликдан эмас, тўй-маросимларни ихчамлаштиришдан, сеп-сидирғани меъёрлаштиришдан, уришган оилаларни яраштиришдан, йиқилганни йўлашдан, маҳалланинг ўғил-қизини тартибга чақиришдан, нотинч оиланинг муаммосини аниқлаб, уларга кўмак беришдан, касалнинг ҳолидан хабар олишдан, борингки, эзгу амалларни бажаришдан гаплашганларида эди, ҳаётимиз янада мазмунли бўлишига ҳисса қўшган бўлардилар. Қолаверса, ўзлари ҳам одамлар орасида ҳурмат-эътибор топишлари Яратганнинг савобидан ҳам баҳраманд бўлар эдилар.
Уч-тўртта бўлиб гап сотувчилар тарқатаётган мажлисларидан хулоса қилиб, ҳолига қарамай, қарз олиб куёвни, қудани сийлашга мажбур бўлаётганлар, ғийбатчилардан қўрқиб, кийинишга, юриш-туришга, тилла тақинчоқлар олиб тақишга ҳаракат қилаётганлар, натижада оила тинчини, ўз соғлигини йўқотиб, ҳаттоки умрини бой бериб қўяётганларнинг борлиги бизни ташвишга солиши керак. Бундай кишиларга қарши муросасиз бўлишимиз лозим.
"Кўча мажлислари"нинг ёмон оқибатларидан яна бири, бу ёш болалар тарбиясига салбий таъсир қилишдир. Ўз оналарининг ғийбатларини эшитган болакайлар, айниқса, қизчалар ўртоқлари билан уришиб қолсалар, сенинг онангнинг тилла сирғаси йўқ-ку, даданг ароқ ичиб келиб, аянгни уради-ку, каби оналаридан эшитган нохуш миш-мишларни бир-бирига айтадилар. Бола тўғрисўз бўлади, у эшитган гапини уйига кириб айтганида оилада юзага келадиган вазиятни тасаввур қилиш қийин эмас.
Мухтасар қилиб айтганда, "гап сотиш" касалига чалинган опа-сингилларимизга инсоф тилаб, бу каби "кўча мажлислари"га барҳам беришимиз кераклиги ҳақида барчамиз мулоҳаза юритиб кўрайлик. Ахир фисқу фасод, ғийбат ҳеч қачон, ҳеч кимга фойда келтирган эмас.
Одинахон АҲМЕДОВА,
Қўрғонтепа тумани.
|