Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№15, 07.04.2016

Мушоҳада

ОТАМИЗГА ҲАМИША ҲУРМАТДА БЎЛАЙЛИК...

Ўзбек оиласига хос хусусиятлар ичида энг эътиборли жиҳатлардан бири ота ва фарзандлар ўртасидаги ҳурмат асосига қурилган муносабатдир. Албатта, халқимизда отанинг ҳурмати доим юқори даражада бўлган. Анъаналарга кўра, отанинг олдида қаттиқ гапирмаслик, беўхшов кулмаслик, бақирмаслик барча оила аъзолари учун хос бўлган тарбия мезонига айланган.

Ўзбек оилаларининг бошқа халқлар оила турмуш тарзидан тубдан фарқ қилувчи сифат ва фазилатлари талайгина. Миллий урф-одатлар, расм-русум ва анъанавий кўринишдаги тарбия омиллари фикримизга далилдир. Ҳатто турмуш қуриш асносида ҳам, аввало, отадан розилик олиниши, у рози бўлгачгина, келин-куёвга оқ фотиҳа берилиши замирида ҳам жуда катта ҳаётий ҳақиқат ётганини кўриш мумкин. "Ота - рози Худо рози" мақоли ҳам бежиз шаклланмаган.

Ота уйбоши сифатида рўзғорнинг кам-кўстини тўлдириши, оиланинг иқтисодий аҳволини яхшилаши, бундан ташқари, фарзандларнинг тарбиясига жиддий эътибор қаратиши зарур. Шунингдек, оилада ички тартиб-интизомга ниҳоятда қаттиқ амал қилиши керак. Чунки болалар ҳаётни, турли тутимларни энг аввало, отадан ўрганади.

Отага бўлган ҳурмат оиладаги энг олий мезонлардан бири саналади. Бу ўзбек халқининг азалий, бебаҳо удумларидандир. Бунинг тасдиғини кўпгина анъаналаримиз мисолида кўришимиз мумкин. Масалан, агар ота уй ичкарисида ўтирса, фарзанд ўша уйнинг томига чиқмайди. Ёки ота фарзандига сўзлаётганда, унинг сўзини икки қилмаслик, отанинг гапи охирига етмасдан туриб, бола ўз фикрини билдирмаслик, отага тик қарамаслик, отадан олдин эшикдан ташқарига чиқмаслик, отанинг маслаҳатисиз бирор ишни бошламаслик каби одатлар ҳаётимизга сингиб кетган. Бу отанинг оиладаги мавқеини таъминлайдиган миллий, ахлоқий анъаналаримиздир. Оилада ота фарзандлар томонидан ҳурмат қилиниши, унинг муборак номига доғ туширмаслиги катта тарбиявий аҳамиятга эга. Шу ўринда бир ривоятни келтириб ўтмоқчимиз.

Бир сартарош ўтган экан, у шу даражада ўз ишининг устаси эканки, етти иқлимдан унинг ҳузурига соч олдирувчилар келаркан. Аммо шундай бўлса-да, у ўз отасининг сочини олмас экан. Кунларнинг бирида бир киши бунинг маъносини сўрабди. У эса: "Мен ўз ишимни бажара туриб, отамдан баланд бўлмайман. Фарзанд олдида ота ҳеч қачон эгилмайди", - деб жавоб берган экан.

Мухтасар айтганда, бизнинг эртамизни ўйлаб қайғурувчи ва бизнинг камолимиз учун барча шарт-шароитларни яратувчи инсон - оталаримизни доим қадрлайлик. Уларнинг ҳурматини баланд тутайлик, токи улар биздан рози бўлсин!

Наврўзбек ЮСУПОВ,

Хайрулло ВАСИЕВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди