№17, 21.04.2016 Ёшлар фикри
ЭРТАНГИ КУН БИЗ - ЁШЛАРНИКИДИР
Қадимда Турон, ўрта асрларда Туркистон ва Мовароуннаҳр номлари билан шуҳрат топган юртимиз ҳозирда мустақил - Ўзбекистондир. Аждодларимиз йиллар давомида душманларга қарши курашиш билан бирга, ажойиб иншоотлар, чўлу биёбонлар ўрнига қишлоқ ва шаҳарларни бунёд этдилар. Уларнинг заҳматли меҳнатлари туфайли ўлкамизда деҳқончилик майдонлари кенгайтирилди, боғу-роғлар яратилди. Шунингдек, улуғ алломаларимиз, мутафаккирларимиз, олиму фузалоларимиз дунё ривожига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар.
Шундай вақтлар ҳам бўлдики, адолат йўқолиб, зулм кучайди. Бу даврларда эл-юртда нотинчлик, хунрезлик юзага келди. Душманлар Ватанимизнинг географик ўрнига, бебаҳо бойликларига, оқкўнгил халқига эга чиқмоқчи бўлдилар. Бунга кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин. Айниқса, миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз, тилимиз ва динимизни буткул йўқ қилиб ташлаш, юртимизни эса бир умрга қарам давлатга айлантириш пайида бўлдилар. Аммо, бу режа амалга ошмади. 1991 йили 31 август куни тарих саҳифасига зарҳал ҳарфлар ила Мустақиллик, Озодлик ва Хурлик сўзлари муҳрланди. Шу кундан бошлаб Президентимиз Ислом Каримовнинг ҳаракатлари туфайли Ватанимиз бутунлай эркин диёрга айланди.
Мустақил она юртимизнинг ҳар бир қарич ери азиз ва кўзга тўтиё. Иқлими мўътадил, тўрт фасли, табиати ўзгача. Қад кўтарган бинолар озодлигимиз рамзидир. Бугунги кунда бўлаётган ўзгаришлар, фуқаролар, айниқса, ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар бизга катта марраларни забт этишимизга замин яратади. Шундай шонли ўтмишнинг келажаги бўлган биз ёшлар кечаги кунимизни унутмоққа ҳаққимиз йўқ. Зеро, тарихсиз келажак ҳам бўлмайди. Мана шу тарих, мана шу юрт бизники. Унинг эртаси биз ёшлар қўлида экан, биз шунга муносиб бўлайлик, ўзлигимизни асло унутмайлик ва улкан мақсадлар сари олға интилиб бораётган Ватанимиз тараққиёти учун астойдил хизмат қилайлик.
Хуршида АЪЗАМЖОНОВА,
АДУ хорижий тиллар факултетининг инглиз тили йўналиши 2-босқич талабаси.
|