№17, 28.04.2016 МАРҲАМАТДА АДАБИЁТ БАЙРАМИ
Куни кеча Марҳамат туманида марҳум, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд кунига бағишланган катта адабиёт байрами бўлиб ўтди.
Тадбирда қатнашган олимлар, шоир ва ёзувчилар, ижодкор ёшлар, шеърият ихлосмандлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари дастлаб шоирнинг қабрини зиёрат қилишиб, мақбараси пойига гулчамбарлар қўйдилар. Хотира маросимида сўз олган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо ва бошқалар Муҳаммад Юсуф шеърияти, унинг бой адабий мероси, инсоний фазилатлари, эзгу ишлари, шоир билан боғлиқ хотиралари ҳақида гапирдилар.
Шундан сўнг шоир туғилиб ўсган хонадон ва таълим олган мактабда адабий учрашувлар бўлиб ўтди, бадиий дастур ва турли кўргазмалар намо-йиш этилди. Республикамизнинг турли вилоятларидан келган ҳамда андижонлик ижодкор ёшлар ўзларининг ижод намуналаридан ўқидилар.
Шу куни кечга қадар давом этган тадбирлар халқимизнинг шоир хотирасига ҳурмат ва эҳтироми намунаси бўлди.
Х. СИДДИҚОВА.
|