Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№19, 05.05.2016

Ҳикоя

БИР ДОНА ПОЙАБЗАЛ

Эндер Холиқ ДЕРИНЖЕ.

Пойафзал сотувчи янги келтирган молларини пештахтага жойлаштираётганди. Кўчадаги бир болакай уни кузатиб турарди. Таътил пайти бўлгани учун ҳозир спорт пойабзалларига эҳтиёж кўп эди. Моллар олий сифатли, кенг ассортиментда бўлмаса-да, кичкина дўкон учун етарли эди. Сотувчи моллар орасидан бежиримларини ойна томонга қўяркан, болакай пештахтага яқинлашди.

Болакай қўлтиқтаёққа суяниб юрса-да, кўриниши тетик эди. Сотувчи унга бир қур кўз ташлади. Шимининг чап почаси тиззасидан пасти шалвираб турарди. Шунинг учун ўзини ўнгга-чапга ташлаб, гўё нуқсонидан уялаётганди. Болакай кўргазмада турган пойабзалларга маҳлиё бўлиб қараб турарди. Бир муддат шундай турди. Дўкондан узоқлашганди, сотувчи ташқарига бош чиқариб:

- Болакай! - дея овоз берди. - Пойабзал олишни мўлжаллаганмидинг? Сенга мос келадиган ажойиб оёқ кийимлар бор.

Болакай унга қайрилиб:

- Ҳақиқатдан ҳам пойабзаллар чиройли экан, - дея табассум қилди. - Лекин менинг оёғим туғма чўлоқ.

- Менимча бу аҳамиятли эмас! - Сотувчи ташқарига отилиб чиқди. - Бу дунёда ҳамма нарсаси тугал одамнинг ўзи йўқ. Кимнингдир қўли йўқ, кимнингдир оёғи. Яна кимнингдир ақли, бировнинг эса виждони бўлмайди...

Болакай жим тураверди. Сотувчи эса гапида давом этди:

- Кошки виждонимиз бўлмагунча, оёғимиз бўлмасайди.

Болакай ҳайрон қолди. Сотувчига яқинлашиб:

- Тушунмадим? - деди.

- Шундай, болажон! - деди сотувчи. - Виждонимиз бўлмаса инсон бўлолмаймиз. Оёқларимиз бўлмаса, инсон бўлишимиз муаммо бўлмайди. Зотан инсонни жисми эмас феъл-атвори тўкис кўрсатади. Виждонсизлар жаннатга киролмайдилар. Оёғи йўқлар учун эса жаннатда бу нуқсондан фориғ бўладилар. Ҳатто жисмидан нуқсони бор инсонлар соғлом инсонлардан кўра кўпроқ мукофотга муносиб бўлишлари эҳтимол.

Болакай яна бир бор табассум қилди. Шу бугунга қадар чеккан изтироблари аригандай бўлди. Сотувчи эркак пештахтага ишора этиб:

- Ҳозир кўрганинг пойабзал сенга ярашади. Кийиб кўрасанми? -деди.

Болакай боши билан "йўқ" ишорасини берди:

- Устига ўттиз лира деб ёзилган экан. Уни ололмайман.

- Ҳозир мавсум тушган пайт, шунинг учун бироз арзонлаштираман. Йигирма лирага туширишим мумкин. Сен унинг бир пойини оласан. Демак, бир пой оёқ кийими учун ўн лира берсанг кифоя қилади.

Болакай бироз ўйланиб турди-да:

- Нариги пойи бирор ишга ярамайди. Ким олади уни?- деди.

- Оббо, роса гапни чўздинг, - дея кулди сотувчи.

- Уни ҳам ўнг оёғи бўлмаган бирор болага сотарман.

Болакайнинг кўнгли бироз тинчлангандай бўлди. Сотувчи ундан: - Мактабга борасанми?- дея сўради.

- Иккинчи синфни тамомладим. Учинчига ўтдим!

- Унда яна ҳам яхши, - деди сотувчи. - Ўқувчи бўлганинг учун беш лирага арзонлаштирамиз. Беш лира қолди. Буёғи савдолашиш ҳисобига ўтди. Демак, пойафзал сеники бўлди! Сотдим уни!

Сотувчи боланинг ҳайрат тўла боқишлари орасида дўконга кирди. Пештахталар болакайга ёққан пойабзал билан тўла эди. Аммо сотувчи кўргазмада турган пойабзални олди. Болакайни ўриндиққа ўтирғизиб, янги оёқ кийимини кийдирди. Эски пойабзалини болакайга кўрсатиб:

- Мен маҳсулотимни сотдим, - деди. - Сен ҳам бу пойабзалингни менга сотсанг мамнун бўлардим.

- Ҳазиллашяпсизми? - қиқирлаб кулди болакай. - Унинг тагчарми ейилиб кетган, эски бир пойабзал бўлса. Шу туришида пулга арзийдими у?!

- Сен қолоқ экансан-ку, кичик дўстим, - деб кулди сотувчи. - Антиквар нарсалардан хабаринг йўқ эканда. Антиквар нарсалар қанча эски бўлса, шунча нархи ошади. Шунинг учун ҳам менимча оёқ кийиминг ўттиз-қирқ лира турса керак.

Болакай шок ҳолатга тушган каби эди. Гўё туш кўраётганди у. Сотувчининг ҳаяжондан титраётган қўлларидаги қоғоз пулларга кўз югуртирар экан, ўн лиралик банкнотни нари сурди:

- Менимча йигирма лира ҳам етарли. Ҳозир мавсум тушган пайт-ку!

Сотувчи унинг гапини рад этмай ўн лирани қайтиб олди ва болакайнинг ёноғидан ўпди. Қувончи ичига сиғмасди сотувчининг. Агар бутун дўкондаги молларини бир кунда сотиб юборса ҳам ҳозиргидек бахтиёр бўлолмасди. Болакай секин ўрнидан қўзғалди. Гўё қўлтиқ таёққа ҳам эҳтиёжи йўқ эди унинг. Маҳзун табассум билан шундай деди:

- Отам ҳақ эканлар! "Жисмингдаги нуқсон учун ҳеч қачон ўкинма!" - дейдилар. Бугун биринчи марта нуқсонимдан ўксинмадим!..

Турк тилидан Умида АДИЗОВА таржимаси


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди