№21, 19.05.2016 Адабиётимиз дурдоналари
АЁЛ - ДУНЁ МЎЪЖИЗАСИ
Аёл дунё мўжизасидир. Аёл қуёшдек оламга меҳр нурини таратади. Кўнгилларни илиқ меҳри ила мафтун этади. Оламни қуёш ёритса, инсонлар қалбини меҳр ёритади. Аёлга Оллоҳ томонидан жамийки энг яхши фазилатлар берилгандек гўё. Сабр-матонат, муҳаббат, садоқат, гўзаллик, иффат барча ижобий фазилатлар бир бўлиб аёлда жамланган. Бу фазилатлар ичида энг улуғ ва қадрлиси садоқат, вафо туйғусидир. Бу туйғулар ҳақида гап кетар экан, ўзбек мумтоз адабиётининг ёрқин намоёндаларидан бири Моҳларойимга тўхталмаслик мумкин эмас.
Фироқ, Комила, кўнглумға доғлар қўйди,
Амири сафшиканимни тушумда кўрсам эдим.
Нодира шеъриятида пок ва самимий муҳаббат, вафо, садоқат ғоялари етакчи ўринда туради. Нодиранинг ижоди бевосита унинг ҳаётидаги воқеликлар билан чамбарчас боғлиқ. Сабаби, шоира турмуш ўртоғи, шоҳ ва шоир Амирий билан ўтказган қисқа турмушидаги ширин дамлар, аччиқ ва аламли айрилиқ, ажойиб хотиралар ва соғинч изтироблари юқоридаги байтда ўзининг нафис кўринишини гавдалантиради. У ўз байтларида шунчаки ишқ, садоқат туйғуларини куйлабгина қолмасдан, шу туйғулар эгаси ҳамдир. У қувончли, бахтиёр онларида ҳам, ғам-аламга тўла кунларида ҳам ижодий фаолиятини тўхтатмади.
Ўтти бу жаҳон гулшанидин неча гули бор,
Ул гул ғамидин мен каби ҳар хор бўлурму.
Бошига тушган оғир мусибатларни енгишда ўзида катта куч топа олди. Бу борадаги матонати, сабр-тоқати ва иродасини тақдирнинг қийин синовларидан дадил ўтказа олди. Гарчи кучли бўлса-да айрилиқ азобларига дош бера олишига, ҳаёт ва ижод оқимида тўхтаб қолмасликка уринди ва натижада бунга ўзининг соф қалби, кучли шижоати ҳамда мардлиги билан эришди.
Нодирабегимни нафақат садоқат, вафо тимсолида, балки камтарлик, ҳокисорлик каби юксак инсоний фазилатлар соҳибаси бўлган аёл сифатида ҳам кўрамиз. Фикримиз далили сифатида унинг устози бўлган ўз даврининг машҳур шоираси Увайсий билан муносабатларини олайлик. Уларда устозни қадрлаш, эъзозлаш, ҳамиша унга ҳурмат ва эътиборда бўлишлик намоён бўлади. Нодира фақат оиладаги бурчи, ижодий фаолияти билангина чекланиб қолган эмас, у давлат бошқарувида турмуш ўртоғи, фарзандларига маслаҳатчи ва маслакдош бўлган. У халқ дарди билан бирга яшаган. Ҳозирги кунда ҳам Нодирадан ўрнак олган, Нодирабегим йўлидан кетиб, оила юмушлари, иш-ташвишлари ва жамият ривожига ўз ҳиссасини қўшаётган фидокор аёлларимиз бисёр. Шундай экан, вафо, садоқат, меҳр-муҳаббат ва гўзаллик тимсоли бўлган биз аёллар Нодирабегимга муносиб авлод бўлайлик.
Валия СУЛТОНОВА,
Андижон давлат университети талабаси.
ДИЛ ТУҒЁНИ
ҚАЛБИМДА ҚОЛГАН ҚЎШИҚ
Анбар сочларинг, шаҳло кўзларинг, табассум ила боқиб турган нурли юзинг мендан қўшиқ куйлаб беришни сўраб тургандай...
Сендек париваш нозаниннинг покиза қадамларига завқли қўшиқдан пояндоз тўшаса арзийди.
Юрагим тубидан булоқ сувидек отилиб чиқаётган мисраларга мусиқий садо ҳам оҳанг бўлади.
Тингла, Дилбарим!
Табиат гулларга ранг танлаганда,
Камалак чиройин сендан олганму?
Ошиқлар ёрига гул жамлаганда,
Гўзаллик сирларин сендан сўрганму?
О, Раъно, о, Раъно, кўнглимга ҳамроз,
Гулмисан, ё юрак, ё ишқ риштаси?
Бироқ сен ҳақингда куйласамда, сени янги очилган раъно гулидай оромли, ёқимли қўшиқ билан сенинг нафис кўнглинга йўл топа олишдан умидворман.
Йўл топиш ҳам бир бахт-ку, ҳолбуки, сенинг мафтункорлигинг олдида мен шоир ҳам, қўшиқчи ҳам бўла олмаслигимни англадим. Аммо эҳтирослар вужудимни жунбушга келтирди.
Яна сўз сеҳридан баҳраманд бўлиб, оҳанглар уммонига сингаман. Эшитгил, гўзалим...
Наргиз боғ, сафсар боғ, о, нақадар соз,
Намозшом гулларнинг тун фариштаси.
О, Раъно, кўнглимга ҳамроз,
Гулмисан, ё юрак, ё ишқ риштаси...?
Баҳорим, соф ҳаво беғубор оламнинг нашидаси, ажиб ифорли гуллари борки, ранг-баранглиги, бетакрорки, у кунни ҳам, тунни ҳам гўзалликка буркайди.
Дарвоқе, мен сен ҳақингда қўшиқ куйладим....
Сенинг нурли чеҳранга қараб, қалбимни забт этган қўшиқдан чиройли гулчамбар ясаб, сенга тақдим этаман...
Шамсиддин ИСМОН.
|