№22, 26.05.2016 Кечинма
СЎНГГИ ҚЎНҒИРОҚНИНГ ЖАРАНГИ ЎЗГА...
Кечагина мактабга катта қизиқиш, ширин орзиқиш билан қадам қўйгандим. Ойлар йилларни қувалаб бир зумда ўтиб кетганини сезмай ҳам қолибман. Эсимда, илк бор синф хонасига кирганимда ҳали болаларча шўхликларим тарк этмаганди. Дарс, танаффус ҳақидаги тасаввурларим жуда ғўр бўлганини кейинроқ тушуниб етдим. Бола эдим ўшанда... Синфда 45 дақиқа бир одамнинг гапини тинглаш, савол берса, жавоб бериш, тан оламан, илк ойларда тенгдошларим каби мен учун ҳам жуда қийин синов бўлган. Бироқ ўқишга қизиқиш шўхликлардан устун келди.
Мактабга келишни қанчалик орзиқиб кутсам, ёзги таътил тугашини ҳам шу қадар интизорлик билан кутардим. Бизни мустақил ҳаётга тайёрлаган, ўз вақтида оталик, оналик маслаҳатларини аямаган, талабчан ва қаттиққўлликлари ортига сарҳад билмас меҳру муҳаббатларини жо этган устозларимни соғинаман...
Ўша қайноқ лаҳзаларни, билимга ташналик уфуриб турган дарсларни ҳануз қўмсайман...
Синфдошларнинг беғубор тўполонлари, гоҳи аразлашиб, бир зумда гинасини ҳам унутадиган синфдошларнинг ҳазилларию ёрдамларини хотирадан ўчириб бўлармиди?!
Сўнгги қўнғироқ, сен буларнинг барига нуқта қўйдинг...
Сен бир зумда ҳали болалик шўхликларидан йироқлашиб улгурмаган ўғил-қизларни мустақил ҳаётга кузатдингу, гўёки бир онда улғайтирдинг. Ўшанда қайси биримиз қайси олийгоҳга киришимиз, қачон яна бирга учрашишимиз, эски хотираларни уйғотишимиз ҳақида келишиб олдик. Бироқ катта ҳаёт ҳаммамизни ҳар томонга учирма қилиб ташлади. Бир синфда таҳсил олган дўсту ўртоқларнинг мактаб давридагидек бехато жам бўлишлари қийин экан.
Ҳар гал сўнгги қўнғироқ яқинлашганда, юраклар орзиқади. Кўнгилларда ажиб соғинч бош кўтаради, ширин хотиралар жонланади...
Сўнгги қўнғироқ барибир сўнгги эмасдай туюлаверади. У ҳар гал чалинганда илк устозни, илк дарсни, илк дўстни, илк муҳаббатни эслатаверади...
Олтиной ЮНУСОВА,
АДТИ қошидаги 2- сон академик лицей ўқитувчиси.
|