Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№22, 26.05.2016

Ҳикоя

КЕКСА АЁЛНИНГ ЖАСОРАТИ

Назира холанинг чоли Акрам отанинг оламдан ўтганига ҳам икки ой бўлди. Бу орада чолининг маъракаси, қирқи ва шу сингари яна бир нечта маросимлари тугади. Келди-кетди ҳам бироз камайиб қолди. Назира хола шу кунларда анча толиққаниданми ёки чоли ўтиб ёлғиз қолганиданми ўзини анча олдириб қўйди.

Бугун қайинсинглиси Ойша опа ҳам ўз уйига жўнаб кетмоқчи. У кечгача ташқи, ички ҳовлини супуриб, йиғиштириб, ёғ тушса ялагудай ҳолга келтириб қўйди. Хола чолининг ҳаққига узундан узун дуо қилди. Қайинсинглисининг кетишини ўйлаб, юраги сиқилиб қолди. Ойша тез-тез келиб хабар олиб туришини, ҳадеб хафа бўлавермаслигини тайинлар, мана набирангиз ҳам катта йигитча бўлиб қолди, энди доим ёнингизда бўлади, деб кўнглини кўтариб, тасалли берган бўларди.

Назира хола набирасига:

- Тезда кийин, Ойша аммангнинг тугунини кўтаришиб, уйига қўйиб келасан, - деди.

Ҳовлида зерикиб қолган Муроджон "Ур-р-ре" деганича кийингани уйга кириб кетди. Ойша опа бир ўзи кетишини айтиб қайтарса-да, набирасини унга қўшиб қўшни қишлоққа жўнатиб юборди.

Назира хола улар кетгандан кейин ёғоч сўрида ётиб, бироз дам олмоқчи бўлди. Негадир унниг хаёлига ўтган кунлари кино тасмасидай бирин-кетин кўз ўнгида намоён бўлаверди. У ўрта бўйдан тикроқ, қадди-қомати ўзига ярашиб турган, сочлари узун, юзидаги нозик холи ўзига ярашиб турарди.

Унга кўп жойлардан совчилар келса-да, ҳеч бирига кўнмади. Унинг хаёлини Акрам ака ром қилган эди. Улар бир-бирларига севги изҳор этмаган бўлсалар-да, пинхона бир-бирларига интилиб яшардилар. Шунинг учун Акрам аканинг совчилари келишига рози бўла қолди. Акрам ака баланд бўйли, қош-кўзи қоп-қора, келишган, истарали йигит эди.

"Пешонамизга биргина қиз битса-да, ўғли йўқлигини билдирмай ўтди раҳматлик. Бугун набирам ҳам ота-онасининг ёнига кириб қолди". Хола бироз ўзини юпатгандай бўлди.

Назира хола аста ўрнидан туриб, тахорат олиб, аср намозини ўқиди. Энди овқатга уринмоқчи бўлиб турганида, қўшнисининг қизи Лобар косада овқат олиб чиқиб қолди.

Хола Лобарни эркалатиб:

- Бугун мен билан бирга ётиб тургин. Муроджон Ойша холангни қўйиб келгани кетди, - деди.

Лобар:

- Албатта чиқаман, -деганича чопқиллаб чиқиб кетди.

У жуда ажойиб. Ўн уч ёшларда. Сочи узун, нозикроқ, буғдой ранг. Унинг кулиб туриши ҳам соддагина қилиб тикилган кўйлаги ҳам ўзига ярашиб турадиган ёқимтой қизалоқ.

Назира хола унинг ортидан меҳр тўла кўзлари билан боқиб қоларкан, "Илойим, умрингни берсин, бахтли бўл", деб қўйди. Сўнг сўрига ўтириб Лобар олиб чиққан қайноқ маставани ичиб, қўшнисининг ҳаққига дуо қилди. Кечки шомда уйга Лобар кириб келди. Хола севинганидан унинг қўлига ширинлик бериб, бошини меҳр билан силаб қўйди. Улар анча пайтгача суҳбатлашиб ўтиришди. Лобарнинг уйқуси келганини пайқаган хола уй ичкарисига жой солиб, пашшахона тутди.

Хола кўча дарвозани, дарча эшикни маҳкам беркитди. Уйга кириб, эшик халқасини илиб, аста жойига бориб ётди. Лекин ҳадеганда уйқуси келмас, ҳар хил ўй-хаёллар уни толиқтирарди.

... Акрам отанинг хонадони бой бўлмаса-да, ўзларига тўқ яшаган, қишлоқдаги обрў-эътиборли оилалардан бири. Аксига олиб кунора қишлоқда миш-миш гаплар кўпайиб, "Фалончиникига ўғри кириб, кимнингдир қўйини, омборхонада сақланаётган ғалласини ўғирлабди" деган гап-сўзлар эшитилиб қоларди. Шунинг учун хола безовта бўлиб алламаҳалгача ухлай олмади. Ахийри чарчоқ ғолиб келиб, кўзи уйқуга кетди.

Тун... Ҳаммаёқни зулмат пардаси қоплаган. Узоқ-яқиндан итларнинг хуриши, чигирткаларнинг бир маромдаги ёқимсиз чириллаши эшитиларди. Назира хола ётишдан аввал чироқ лапмасини бироз пасайтириб ётган бўлса ҳам, унинг шуъласи атрофни ёритиб, барча нарса кўзга яққол ташланиб турарди.

Ярим кеча. Уй эшигининг аста ғичирлашидан чўчиб уйғонган хола уйқусираб "уйга мушук кириб олди" деган хаёл билан "пишт, ҳа мушук бўлмай ўлгур" деди. Овоз тинчиб, бирор соатга етмай бу овоз яна такрорланди. Бундан сергак тортган хола пашшахонадан аста бошини чиқарди. Кимнингдир эшикни очишга уриниб, икки бармоғи эшик халқасини қидираётганини кўрди. Хола секин ўрнидан турди. Унда ҳудди шу пайтда шундайин бир жасорат пайдо бўлдики, у шолча тагига яшириб қўйган ўткир болтасини қўлига олди. Яқин келиб ҳамон эшик халқасини қидираётган бир жуфт бармоқ устига болтасини туширди.

Тунги "меҳмон"нинг қаттиқ "оҳ" деган овозидан ухлаб ётган Лобар ҳам уйғониб кетди.

- Нима бўлди, хола? - деди чўчиб.

- Ётавер, қизим. Ҳеч гап йўқ. Бир ўғри мушук адашиб уйга кирмоқчи бўлибди, - деб қўя қолди.

Назира хола тонгда туриб таҳорат олиб шошилибгина бомдод номозини ўқиди. Кейин эса атрофни бир-бир кузатди. Уйга кириб, болта зарбидан узилиб, ерда ётган, қип-қизил қонга бўялган икки бармоқ учини латтага ўраб, олиб қўйди. Қон томган жойларни тозалаб бўлгач, худди ҳеч нарса бўлмагандай ўз ишлари билан андармон бўлди. У тунда бўлиб ўтган воқеа ҳақида ҳеч кимга оғиз очмади. Ҳатто набирасига ҳам лом-мим демади.

Орадан бир ҳафта ўтиб, одамлардан Қобил полвон ўтин ёраман, деб қўлини "чопиб олгани"ни эшитди. Эртасига шомдан кейин Қобил полвоннинг уйига борди. Эшикни унинг онаси Карима опа очди. У кўзлари ичига ботган, ориқдан келган, юзини ажин қоплаган, олтмиш ёшлардаги аёл эди. Ҳаётнинг синовлари уни шу кўйга солганлиги сезилиб турарди. У Назира холанинг "Ўғлингизни йўқлаб келувдим" деганидан сўнг Қобилни чақиргани кетди. Бироздан сўнг тўладан келган, ўрта бўйли, калласи катта, сочлари сийрак, оқ-сариқдан келган Қобилвой холанинг қаршисида пайдо бўлди. У ҳамиша ўзини эл-юртдан панага олиб юрадиган ўттиз-ўттиз беш ёшлар орасидаги кимса. Онаси Карима опа ўғлини жуда эҳтиёт қилар, ўзи емай унга едириб, катта қилди. Рўзғорнинг бор оғирлигини ўз гарданида кўтариб келди. Қобил эса аксинча. Ўта худбин, дангаса, ишёқмас бўлиб вояга етди. Болалик чоғлариданоқ қўли эгриликка ўрганиб, қўни-қўшниларидан бирор нарса ўғирлаб юрди. Оқибатда ёмон номи унга тамға бўлди.

- Эшитишимга қараганда, ўтин ёраман деб қўлингни чопиб олибсан. Ўтинни эшигингда ёриб, бармоғингни бизникида қолдирибсан-да?! - деди хола ўзини босишга ҳаракат қилиб.

Шу пайтда иложи бўлса, полвон холани бурда-бурда қилиб юборгиси келарди-ю, аммо иложи йўқлигидан тишини-тишига қўйиб, кампирнинг гапларини тинглашга мажбур бўларди. Полвон ўз нафратини яширолмас, холага еб қўйгудек бўлиб тикилиб турарди. Аммо унинг бу важоҳатини хола қоронғулик қаърида унчалик англаёлмасди.

- Билиб қўй, - деди хола қатъийлик билан. - Икки ўғри бармоғинг менинг уйимда қолиб кетди. Агар сир-сирлигича қолсин десанг, бундан кейин ўғирлик қилмай, тўғри яшайсан. Эл-юрт, маҳалла аҳлининг тинчини бузмайсан. Қолган умрингни ҳалолу покликда ўтказасан. Акс холда қишлоғимиз одамлари олдида шарманда қиламан, сирларингни фош қиламан. Икки бармоғинг қилган қабиҳ ишларингга гувоҳлик беради.

Қобил полвон ғудранганича уйга кириб кетар экан, "бу ёғи энди ўзингга боғлиқ", деди хола.

Назира хола анча енгил тортиб уйига қайтар чоғида "Тангрим, полвонга ўзинг инсоф бер", деб қўйди ичида.

Иброҳимжон АҲМЕДОВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди