№23, 02.06.2016 1 ИЮНЬ - ХАЛҚАРО БОЛАЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ КУНИ
БОЛАЖОНЛАРНИНГ ҚУВОНЧИ ЧЕКСИЗ
Андижон шаҳрида вилоят қўғирчоқ театрининг янги биноси қурилиб фойдаланишга топширилди.
Озод ва обод юртимизнинг барча жойларида бўлгани каби Андижон вилоятининг шаҳар ва қишлоқларида ҳам қурилиш, бунёдкорлик, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, келажагимиз эгалари бўлган болажонларни халқимизнинг қадим ва бой маънавий меросидан баҳраманд этиш, уларни миллий қадриятларимизга ҳурмат, она Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш мақсадида олиб борилаётган ибратли ишлар кўлами йилдан йилга ортиб бормоқда. Андижон шаҳрининг Амир Умархон кўчасида вилоят қўғирчоқ театрининг биноси янгитдан барпо этилиб, фойдаланишга топширилганлиги ана шундай хайрли ишларнинг, болажонларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.
Мамлакатимиз мустақилигиниг 25 йиллик байрами арафасида ишга туширилган қўғирчоқ театрининг янги биноси болажонларнинг қувончига қувонч қўшди. Шаҳар хуснига ўзгача кўрк бағишлаган муҳташам, икки қаватли театр биноси Андижон шаҳридаги "Бунёдгарандсервис" масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан замонавий меъморчилик услубида бунёд этилди.
Дарҳақиқат, бинонинг биринчи қаватида кафе, 300 ўринли тамоша зали, шунингдек, репититция зали, санъаткорлар учун хизмат хоналари, гримхона, қўғирчоқлар тайёрлашга мўлжалланган махсус устахона, тикув цехи, кийиниш, ювиниш хоналари, музей, ахборот-ресурс маркази, иккинчи қаватда эса маъмурий хоналар мавжуд бўлиб, иш олиб бориш учун зарур барча шарт-шароитлар яратилган. Қўғирчоқ театри хиёбони ҳудуди 1 гектар майдонни ташкил этади, бинонинг олди томонида байрам тантаналари ўтказишга мўлжалланган кенг майдон, болалар учун турли туман аттракционлар ўрнатилди.
Вилоят қўғирчоқ театрининг янги биносида Ўзбекистон қўғирчоқ театрларининг Х анъанавий республика кўрик-фестивали ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазириги, "Ўзбектеатр" ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур кўрик-фестивалда республикамизнинг турли вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан келган профессионал қўғирчоқ театрлари жамоалари турли мавзу ва жанрлардаги энг сара спектаклларини 5 кун давомида мутахассислар ва томошабинлар эътиборига ҳавола этади.
Қўғирчоқ театрининг янги биноси ва кўрик-фестиваль очилишига бағишланган тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазири Б. Аҳмедов иштирок этди.
Ф. ИБАЙДУЛЛАЕВ.
|