№26, 23.06.2016 Ҳикоя
ФАРИШТАСИЗ ХОНАДОН
Онаси дорилбақога рихлат қилди-ю, Низомжон аканинг уйидан барака кетди. Ўтган ойда боқувдаги қўйи бўкиб, ҳаром ўлгани етмагандай, кеча ўнта товуғини ўғирлаб кетишибди. Бўлар-бўлмасга акиллайверадиган ити ҳам сезмай қолибди-я!
Низомжон ака шуларни хаёлидан ўтказиб ўтирган эди, кичкинтойи Нафиса ўрнидан туриб олдига келди. Кампирнинг ўлганига икки ой бўлибди-ки, Нафиса бир кун соғ турса, уч кун иситмалаб ётади. Шифокорлар ҳам бирор ташҳис қўйиша олмади. Эргаш кампирга олиб чиқиб эскича қилдиришган эди, қизча бир оз соғайгандек бўлди. Бувисига ичикканмиш. Уч кун аввал Низомжон ака ҳам, Хонзода опа ҳам мижжа қоқишмади Нафисани истима аралаш алаҳлаб, бувисини чақириши уларнинг юрак-бағрини эзиб юборди. Яна Эргаш кампирга югуришди. Кампир ҳам бало экан. "Муолажа" қилиб бўлгач, "Бувисини кроватига ётқизинглар" дея маслаҳат берди. Хонзода опа ижирғаниб афтини буриштирди. Аммо иложсиз эди.
Етти ёшли Нафиса кун бўйи бувисининг ёнидан жилмас, ўз ўртоғидек яхши кўрарди. Ойниса хола раҳматлик ёш боладек беозор эди. У Нафисага эртаклар, ўтган-кетгандан ҳикоялар айтиб берарди. Хонзода опа эса бундан жаҳли чиқар, "Мияси айниган кампир болани ўз йўлига солади" деб Нафисани боғчага судрар эди. Қизча эса боғчага боришдан бош тортар, йиғлаб инжиқлик қиларди .
Қизча Ойниса холага қуйиб қўйгандек ўхшарди. Низомжон ака Нафисани пешонасидан ўпаркан: "Ҳа, она қизим-а!" деб хўрсиниб қўйди.
Низомжон ака нимагадир врачнинг гапини эслади: "Кампир нимадандир қаттиқ сиқилган".
"Тавба, нимага сиқилди экан?" деди ўзига - ўзи Низомжон ака.
Худди шу пайт дадасининг гапларини англагандек, Нафиса кетма-кет савол ёғдира бошлади:
- Дадажон, бувим қачон келадилар? Аям бувимни жуда узоққа кетганлар, деяпти, шу ростми?"
- Ҳа, рост қизим!
- Дадажон, аям ёмонми?
- Нега ундай дейсан, қизим аянг яхши-ку?!
- Бўлмаса нега бувим билан уришди?
- Қачон уришди бувинг билан?! Нега менга айтмадинг?
-...
- Қани бир бошидан гапир-чи?
Ёши еттига яқинлашган қизчанинг хотирасига аясининг кўзлари ола-кула бўлиб бувисига айтган гаплари ўрнашиб қолганди.
Ўша куни Хонзода опа қизалоққа деб анчагина егулик кўтариб келган эди. Кампир эса уларни набирасига едирмади. Келинига "Боғча болаларининг ҳаққидан қўрқишни, мудира эканман деб боғчадан топганини кўтариб келмаслиги кераклигини" айтиб балога қолди .
- Ҳа, ўша сиздақа виждонлидан ўргулдим. Ана, ҳалоллаб енг бўлмаса! Ўғлингизнинг уч-тўрт сўм топиб қўйганига бошимни ёряпсизми? Шунчадан буён ким боқаётган эди?! Ўша "Дамас"ни мен гаплашиб бермаганимда, ўғлингиз ўтирган эди лаллайи-и-б.
Кампир бир оғиз гапирса жанжал кўтарилишини, қўшнилар олдида шарманда бўлишини ўйлаб тилини тийди. Бундай жанжаллар биринчи марта бўлаётгани йўқ. Кўп азият чеккан кампирнинг қалб иморати ич-ичидан емирилиб, нураб борарди. Ўғлига айтай деса у ҳам сиқилади. Ўзи шундоқ ҳам иши юришмай турибди. Яқинда бир "Дамас"ни ижара олиб мина бошлади. Қолаверса, келинининг феъли тайин.
Низомжон ака Нафисанинг саволларига тайинли бир жавоб бераолмади. Қизча онасидан қўрқдими, бошлаб қўйган гапини охирига етказолмай жойига ўтиб ётиб олди. Низомжон ака ҳам "Бола-да, оғзига келганини айтаверади, ёш болаларнинг ақли нимага етарди" деб қўя қолди. Хотини айбдор бўлганда ҳам энди фойдаси йўқ, ўлган онаси тирилиб келармиди? "Ҳозир хотинига ҳам қийин. У ҳам уйим-жойим, болам-чақам дейди-да".
Дунёда эркак кишининг аёли олдида тили қисиқ бўлмасин экан. Кичик бўлса-да, бир ташкилотда раҳбар бўлиб юрган Низомжон ака ишдан бўшагандан кейин анча вақт бекор юрди. Бундайроқ ишга кирай деса, ғурури йўл қўймади. Бу орада Хонзода опа анча ўзгарди. "Катта рўзғор ташвишидан тўйиб кетганини" айтиб, тез-тез "сиҳатгоҳ"ларга борадиган, казо-казо дугоналари билан "гап"ларга юрадиган одат чиқарди. Эри ҳам унинг бу юришларига кўникди.
Кампирнинг барча маъракалари тугади. Хонзода опа яна ўзи истаганча юришда давом этарди. Кунларнинг бирида уйига қизи Наиманинг университетдан ҳайдалганлиги ҳақида қоғоз келди. Опа даҳшатдан қотиб қолди. Нима қилишини билмай дарди ичида ўтирган эдики, дарвоза қўнғироғи жиринглади. Чиқса, дарвозаси олдида икки милиционер турибди.
- Ўғлингизни олиб кетгани келдик, - деди улардан бири совуққина қилиб.
- Нима учун? - капалаги учди онанинг.
- Уч-тўрт ўртоқлари билан Тўлқин аканинг қўйини ўғирлашибди.
- Туҳмат қилаяпсиз, ҳали жавоб берасиз! - дағдаға қилди аёл.
- Балки туҳматдир, ҳаммаси суриштирувлардан кейин аниқ бўлади! Ўғлингизни чақиринг!
Шунда Хонзода опа ўғлининг хонасига кирди. Ўғли уйда йўқ эди. Стол устида бир парча қоғоз турар, унда: "Ая, мендан хавотир олманглар, Тошкентга кетдим, бир ойда қайтаман" деб ёзилган эди. Тезда ўғлининг қўл телефонига қўнғироқ қилди. Телефондан "мавжуд бўлмаган рақам..." деган товуш эшитилди. Унинг кўз ўнги қоронғилашиб оёқларидан мадор кетди. Зўрға стулга ўтириб қолди.
Қачон, фарзандлари қачондан буён тарбиясиз бўлиб кетишди? Бу тизгини йўқ саволларга жавоб топишга у ожизлик қилар, гарчи жавоб топилса-да, тан олгиси келмасди. Кўп ўтмай Хонзода опа ўзини касалхонада кўрди, шу ерда у бутун ҳаётини кўз ўнгидан ўтказди.
Хонзода опа қайнонасини болалари тарбиясига аралаштиргиси келмас, гўё уларнинг онгини заҳарлайдигандек бувисининг ёнига йўлатмасди. Кампир эса бунга чидаб туролмас, гўё ўғлини оиласи барбод бўлиб кетаётгандек куйинаверарди.
Бир куни кампир келинига:
- Она қизим, ёнимга ўтиринг, гапим бор, - деб қолди. Хонзода опа ўтирмади, "Нима гап бор?" дегандек, қайнонасининг қаршисида қовоғини солиб тураверди.
- Шу Наимани тезроқ узатиб, эгасига топширсакми, дейман-да. Қиз тушмагур анча ўзгариб кетди. Сочини кестирди. Енгсиз, калта кўйлак кийгани етмагандек, энди шим кийиб йигитлардан фарқи қолмаяпти...
- Ҳа, хавотир олманг, ҳозир мода шунақа.
- Майли-куя, қўл телефонида гаплашгани етмагандек, уй телефонда ҳам гаплашишдан бўшамайди. Уни сўраб нуқул йигитлар телефон қилишади. Наима ҳам улар билан соатлаб гаплашади. Қиз боланинг шаъни...
Холанинг гапи оғзида қолди. Хонзода опа унга бобиллаб берди.
Бир куни почтальон холанинг нафақа пулини олиб келди. Кампир пулни ёстиғи остига қўйиб қўйди. Уни Бунёд кўрган эди. Орадан уч кун ўтиб, холага пул керак бўлиб қолди. Пулни ёстиқ остидан топа олмади. Минг андиша билан бу ҳолдан келинини хабардор қилди. Хонзода опага "Худо берди". У бир дақиқада кампирнинг "қизлари битта нон кўтариб келишни билмаганидан тортиб, бу уйда егани олдида, емагани кетида бўлиб ўтирганини-ю, бир ками ўз набирасини ўғрига чиқариши қолгани"ни айтиб жаврай бошлади...
Хонзода опа шуларни кўнглидан ўтказаркан, ичидан отилиб кетаётган йиғидан ўзини тўхтата олмади. Беихтиёр "Эҳ, онажон, қайнонам эмас, чин онам экансиз, билмабман! Сиз билан бирга уйимнинг фариштаси ҳам кетиб қолибди, онажонгинам" деб юборганини ўзи ҳам билмай қолди. Шу пайт у кампир ўтгандан буён унинг руҳига бирор марта қуръон тиловат қилмаганини эслаб ўзидан нафратланиб кетди.
Барнохон ҲАЙДАРОВА.
|