№27, 30.06.2016 Ўзбекистон республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги олдидан
АНДИЖОН: КУНДАН-КУН ЧИРОЙ ОЧАЁТГАН ШАҲАР
Шукроналик туйғуси билан йўғрилган ҳар бир кун бизни энг улуғ, энг азиз айём - мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрамига яқинлаштирмоқда. Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорини Андижон шаҳри аҳолиси ҳам катта хурсандчилик билан кутиб олди.
Истиқлол шарофати билан юртимизнинг барча жойларида бўлгани каби Андижон шаҳрида ҳам кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бугун Андижонда бўлаётган улкан ўзгаришлар ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Айтиш жоизки, кейинги ўн - ўн беш йил ичида шаҳарнинг аввалги кўриниши бутунлай ўзгариб кетди. Кўплаб янги-янги корхоналар, турар-жой бинолари фойдаланишга топширилди, кенг ва равон йўллар, таълим, тиббиёт муассасалари, спорт мажмуалари, стадионлар, боғ ва ҳиёбонлар бунёд этилиб, шаҳар қиёфасига ўзгача кўрк бағишламоқда.
- Бугун "Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!" деган эзгу ғоя асосида истиқлол байрами тантаналарига тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган, - дейди Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Наргизахон Қосимова. - Истиқлол биз учун энг улуғ қадрият, дилларимизга ёруғлик олиб кирган сўнмас нурдир. Айниқса, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, тўкин ва фаровон ҳаёт бизни Ватан равнақи йўлида янада фидойи бўлишга, фаол меҳнат қилишга ундайди.
Андижон шаҳрининг қиёфаси кундан-кунга гўзал, ўзига хос кўринишга эга бўлиб бораётганлиги, қад ростлаган бир-биридан чиройли бинолар, кенг ва обод кўчалар, гулзорлар кўзни қувонтиради. Андижоннинг бугунги жамоли, кўркига ҳар қанча ҳавас қилса арзийди. Бу каби ободонлаштириш ишлари ҳар бир юртдошимиз қалбига шубҳасиз, шукроналик, фахр-ифтихор туйғуларини муҳрлайди.
- Шаҳримизнинг ободонлигига, айниқса, унинг бугунги кўркига ҳавасим келади, - дейди меҳнат фахрийси Маҳбубахон ая Музаффарова. - Очиғи, шаҳардаги ўзгаришлардан, бунёдкорлик ишларидан ақлим шошиб қолмоқда. Ҳар қадамда ўзгариш, янги қурилиш. Қисқа муддатда барпо этилаётган бир-биридан чиройли биноларни кўриб, беихтиёр ғурурланиб кетаман. Шундай озод ва обод юртда яшаётганлигимга шукроналар келтираман. Бу каби улуғвор ишлар ташаббускори юртбошимизга, қолаверса, шижоатли, меҳнаткаш халқимизга раҳматлар айтаман.
Дарҳақиқат, жорий йилда Амир Умархон кўчасида барпо этилган вилоят қўғирчоқ театрининг 300 ўринли муҳташам биноси, Навоий шоҳкўчасидаги "Китоб олами" дўконининг фойдаланишга топширилиши, Андижон темир йўл вакзалида амалга оширилган катта ҳажмдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари юқоридаги фикрнинг тасдиғидир. Боғишамолда барпо этилган улкан ҳайвонот боғи юртимиз мустақиллигининг 25 йиллиги нишонланадиган йилда болаларга ажойиб совға бўлди. Истиқлол айёмига атаб барпо этилаётган иншоотлар хусусида сўз борар экан, Андижон шаҳрининг Қўшариқ даҳасида қад ростлаётган спорт саройини алоҳида қайд этиш жоиз.
Таъкидлаш жоизки, Андижон шаҳри кейинги йилларда ҳақиқатдан ҳам улкан қурилиш майдонига айланган. Биргина кейинги икки йил ичида кўплаб замонавий тураржой бинолари, савдо, ишлаб чиқариш ҳамда маданий-маиший объектлар барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.
- Айни кунда Андижон шаҳрининг А. Навоий, Бобуршоҳ, Чўлпон шоҳкўчалари, Ўзбекистон, Миллий тикланиш, Амир Темур, Амир Умархон кўчаларида катта ҳажмдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда, - дейди Андижон шаҳар ҳокимлиги қурилиш бўлими бошлиғи Қодиржон Шарипов. - Айниқса, Эски шаҳарда барпо этилаётган "Мустақиллик хиёбони" қурилиши жадал олиб борилмоқда. Муҳими, шаҳар ҳудудида қад ростлаётган биноларни замонавий архитектура лойиҳалари асосида миллийлик ва замонавийлик уйғунлигида қуришга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Айниқса, шаҳарнинг асосий йўллари кенгайтирилиб, ўртасига ажратиш тўсиқлари ўрнатилганлиги, олтита ҳаракатланиш йўлаклари барпо этилганлиги автомобиллар тирбандлигининг олдини олиш ва эркин ҳаракатланишини, шунингдек, ҳаракат хавфсизлигини тўла таъминламоқда. Шунингдек, бу йил 27,1 км. узунликдаги ички йўллар таъмирланиши белгиланган бўлиб, бу борадаги ишлар режа асосида олиб борилмоқда. Бу ишларнинг амалга оширилиши нафақат автомобилларнинг эркин ҳаракатланиши, балки аҳоли учун ҳам қатор қулайликлар яратди.
Жорий йилда шаҳардаги мавжуд 716 та кўп қаватли уйларнинг 93 тасида капитал, 22 тасида жорий таъмирлаш ишлари бажарилиши режалаштирилган. Таъкидлаш жоизки, мукаммал ва жорий таъмирланиши режалаштирилган 115 та уйга турли манбаалар ҳисобидан 9 миллиард 235 миллион сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Белгиланган ишлар қурилиш-таъмирлаш соҳасида муайян тажрибага эга 11 та пудратчи ташкилотлар томонидан олиб борилмоқда. Бажарилаётган ишлар сифати эса маҳалла фаоллари, мутахассислар, жамоатчилик гуруҳлари томонидан доимий назорат қилинмоқда.
Шахсан вилоят ҳокими бу борадаги ишларнинг боришига алоҳида эътибор қаратмоқда. Маҳалла фуқаролар йиғинларида суҳбат ва учрашувлар ўтказиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, белгиланган ишларни сифатли ва ўз муддатида амалга оширилиши бўйича зарур тавсия ва маслаҳатлар бермоқда.
- Мен Андижон шаҳри, 2-кичик даҳадаги 22-уйда истиқомат қиламан, - дейди Азизахон Аҳмедова. - Уйимиз Ойбек Дадамирзаев раҳбарлигидаги "Йўлдош" хусусий уй-жой мулкдорлар ширкати томонидан таъмирдан чиқарилди, олди қисмдаги йўлакчаларга брусчаткалар ётқизилди, боғ яратилди, томи тунука билан қопланди. Бу ишлардан сўнг уйимиз янада чирой очди. Бу каби хайрли ишларни амалга оширилишига бош бўлаётган вилоят ва шаҳар ҳокимларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Бугунги кунга қадар кўп қаватли уйларни жорий ва капитал таъмирлаш бўйича белгиланган ишлар режа асосида олиб борилмоқда. Ҳозирда аксарият уйларнинг том қисми, кириш йўлаклари, фасадлари, подъездлар, томларга чиқиш эшиклари, ичимлик ва оқава сув тармоқлари, электр тармоқлари таъмирдан чиқарилди. Жумладан, 19 та уйнинг томига тунука шифер қопланди. Бу каби ишларни бажариш учун 3 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди. Шу ўринда таъкидлаш керакки, кўп қаватли уйлар орасида мевали боғлар барпо этилаётганлиги кўпчиликка манзур бўлмоқда. Айниқса, 18 та замонавий болалар майдончаси, мини футбол ва баскетбол майдонларининг ташкил этилганлиги болаларнинг қувончига қувонч қўшмоқда.
Ижтимоий соҳа объектларида ҳам бу борадаги ишлар режа асосида олиб борилмоқда. Жорий йилда 1-, 25- умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилади, 28-умумтаълим мактабида эса спорт зали барпо этилади. Шунингдек, тиббиёт, маиший хизмат коллежлари, АДУ қошидаги 3-сон академик лицейи, "Саховат уйи" ҳамда қатор тиббиёт муассасаларида ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
Аҳоли ҳамда ижтимоий соҳа объектларини ичимлик сув билан таъминлаш борасида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳар ҳудудида 51,7 км. узунликда ичимлик суви тармоқларини реконструкция қилиш белгиланган бўлиб, ҳозирга қадар режалаштирилган ишларнинг 95 фоизи бажарилди. Бундан ташқари 10,4 км. узунликдаги оқова сув коллеторлари тортилди.
Муҳтасар айтганда, истиқлол шарофати билан шундай гўзал ва замонавий бинолар барпо этилмоқда, аҳоли учун яратилатган кенг имконият ва қулайликлар халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Дарҳақиқат, юртимиз ободлиги, халқимиз турмушини янада яхшилаш мақсадида яратилаётган кенг имконият ва қулайликлардан барча андижонликлар беҳад мамнун. Бугун қайси бир юртдошимиз билан суҳбатлашмайлик, у тадбиркор бўладими ёки бошқа соҳа кишисими, ким бўлишидан қатъи назар уларнинг қалбида шижоат, улуғвор ишларга камарбасталик, озод ва обод юртга бўлган меҳр, унинг юксалиб, янада тараққий этиб бораётганлигидан фахр-ифтихор туйғулари жўш ураётганлигини кўриш мумкин. Ана шундай шижоат, ишонч, кўтаринки кайфият билан яшаб, меҳнат қилаётган халқи бор юртимиз, унинг ҳар бир гўшаси бундан-да обод бўлишига асло шубҳа йўқ.
Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.
|