№27, 30.06.2016 Мутахассис минбари
ЎҚИТУВЧИ ФИДОЙИ БЎЛСИН...
Ўқитувчилик шарафли, аммо жуда машаққатли касбдир. Ўқитувчининг кўп қиррали ва мураккаб фаолияти замирида ёш авлодни аҳлоқли қилиб тарбиялаш, уларни мукаммал билимлар билан қуроллантириш масаласи мужассам.
Бугунги кун ўқитувчидан ўз устида кўпроқ ишлашни, янгиликлар билан ҳамнафас бўлишни, ижодкорлик, изланувчанлик, ўз мутахассислиги методикасини чуқур ўзлаштиришни талаб этмоқда. Мамлакатимизда фуқаролик жамиятини барпо этиш учун қўйилаётган қадамларнинг асосий мақсади ҳар жиҳатдан етук, юксак салоҳиятли, комил инсонни тарбиялаш масаласидир. Бу борада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар фикримизнинг далилидир.
2012 йилнинг 10 декабрида юртбошимизнинг "Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ҳам ёш авлодни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялашга қаратилган. Қарорга мувофиқ чет тилларини ўрта мактабларнинг бошланғич синфларидан ўргатиш йўлга қўйилди. Бошланғич синфларнинг чет тили дарсларида таълим самарадорлигини ошириш масаласи, албатта, ҳар бир чет тили фани ўқитувчисидан катта масъулият талаб қилади. Бирор бир хорижий тилни ўрганиш ўта мураккаб жараёндир. Бошланғич синф ўқувчиларга чет тилини ўргатишда уларнинг диққатини бир жойга жамлаш, дарс машғулотларини турли ўйинлар асосида ўтказиш таълим сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Айниқса, чет тили фани бўйича 1- синф ўқувчиларига дастурдаги материалларни пухта ўргатиш анча машаққатли, ўқитувчидан сабрли бўлишни, фидойиликни талаб этади. Чунки ўқувчиларнинг саводхонлик даражаси хали тўла шаклланмаган бўлади. Уларни кўпроқ рангли нарсалар, ўйинчоқлар, мультфильмлар, эртак қаҳрамонлари қизиқтиради. Шунинг учун, ҳар бир дарс жараёнини айнан 1- синф ўқувчиларида маълум бир сценарий тарзида олиб бориш мақсадга мувофиқдир.
Осон касбни ўзи бўлмайди, албатта. Ҳар бир касб кишидан маҳорат ва масъулиятни талаб этади. Буни теран тушунган ҳар бир касб эгаси, айниқса, ўитувчилар ўз устида тинимсиз изланишлари, дарс жараёнида мавзуга мос турли ўйинлар, савол - жавоблардан ўринли фойдаланишлари, дарсни қизиқарли ўтишга алоҳида эътибор қаратишлари муҳимдир.
Дарсда фаол иштирок этган ўқувчиларни рағбатлантириш ўқувчиларнинг дарсга бўлган қизиқишларини янада оширади. Чет тилига оид қисқа шеър ва мақоллар кенг фойдаланиш ўқувчиларнинг фикри ва дунёқарашини янада кенгайишига ёрдам беради.
Мактаб - таълим-тарбия маскани. Юксак маънавиятнинг асоси ҳам таълим-тарбиядир.
Улуғ олим ва мутафаккир Абдулла Авлоний "Тарбия- ҳаёт-мамот масаласи" дея нечоғли тўғри фикр билдирганлигини эътироф этган ҳолда тарбия, ёш авлодга билим бериш масалаларига шунчаки ёндашиб бўлмайди. Бу ишга масъул киши албатта, фидойи бўлиши керак.
Садоқатхон ЗОКИРОВА,
Пахтаобод туманидаги
43 - умумтаълим
мактабининг немис тили фани ўқитувчиси.
|