Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№27, 30.06.2016

Қилмиш қидирмиш

ЧЕГАРАНИ БУЗИБ ЎТИШ - ЖИНОЯТ

Аёл - оила зийнати, миллатнинг ор-номуси ва юзидир. Улар ҳамиша ардоққа, ҳурматга муносиб. Бироқ орамизда шундай аёллар борки, уларнинг қилмишлари аёл деган юксак номга доғ бўлиб тушмоқда. Улар ўзларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари билан мавжуд қонунларимизни бузаётганликлари, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминловчи мезонларга беписандлик билан қараётганликлари биздан ундай ҳолатларга нисбатан хушёр бўлишни, огоҳликни талаб этади.

Ф. Яқубова ўзининг ножўя хатти-ҳаракатлари билан амалдаги қонун талабларини бузган аёллардан бири. Асли Избоскан тумани, Чувама қишлоғининг Тошкечик маҳалласида туғилиб вояга етган. Тақдир тақозоси билан Қирғизистон Республикаси, Жалалобод вилояти, Ноокент тумани, Урганди қишлоғига келин бўлиб тушди. Чиққан қизнинг чиғириқдан ташқарида бўлишини билса-да, аммо қўшни давлат фуқаролигини олмаган Феруза турмуши давомида 3 нафар фарзандли ҳам бўлди. Турмуш ўртоғи Отабекнинг худа-беҳуда жанжаллари жонига текканида, ота уйига кетиб бир муддат "дам" олиб қайтадиган аёл учун кейинги йилларда уйига келиб-кетиш анча машаққатли бўлиб қолди. Чунки қўшни давлатга бориб-келиш фақат қонун доирасида, қатъий назорат остида олиб борилаётгани Ф. Яқубова учун кўп қийинчиликлар туғдирар эди. Ўша куни ҳам одатдагидек жанжал арзимаган баҳонадан чиқди. Ф. Яқубова жаҳл устида онасиникига йўл олди. Аёл қонуний йўл билан чегара постидан ўтишга сабри чидамай, кўзига осон кўринган йўлни танлади. Бу билан гўёки тезроқ манзилига етиш ва "кетиб қолиш" орқали турмуш ўртоғидан ўч олишга эришмоқчи эди. Аммо у хато йўлни танлаган эди.

Ф. Яқубова Жалалободнинг Урганди қишлоғидан айланма йўллар орқали Пахтаобод туманининг Маданият қишлоғи ҳудудига чегара сим тўсиқлари орқали ўтишга уринади. Чегарада ҳеч ким йўқ деб ҳаракатни бошлаган Феруза чегарачиларимиз томонидан қўлга олинади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси тўғрисидаги қонуннинг 12- моддасида кўрсатилган "Давлат чегараси орқали шахслар, транспорт воситалари, товарлар, бошқа мол-мулк ва ҳайвонларни ўтказиш белгиланган ўтказиш пунктлари орқали амалга оширилади" деб белгиланган тартибни бузган, қонунларимизга ҳурматсизлик билан қараган Ф. Яқубовага нисбатан қилмишига яраша жазо тайинланди.

Яна бир худди шундай ҳолат асли Пахтаобод тумани, Уйғур қишлоғининг Соҳил маҳалласида яшаб, Қирғизистон Республикаси, Жалалобод вилояти, Бозорқўрғон тумани, Чек маҳалласига келин бўлиб тушган С. Даниярбекова билан ҳам содир бўлган. У ҳам Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисидаги қонунининг юқорида кўрсатилган тартибини бузган ҳолда Пахтаободнинг "Дукур" айланма йўли орқали қўшни республикадан юртимизга ўтишга уринган вақтда чегара посбонлари томонидан қўлга олинган.

С. Даниярбекова судда ўз айбини турли баҳоналар билан ёпишга уринди. Тўғри, қариндошлик алоқаларини узиб бўлмайди. Аммо бу алоқалар қонунларимизда белгиланган тартибларни бузиш эвазига бўлмаслиги керак. Буни ҳеч ким унутмаслиги лозим.

Инсон турли кўнгилсиз ҳолатларга тушиб қолишига кўпинча ўзи сабабчи бўлади. Унинг оқ ёки қора йўлни танлаши аслида унинг қилаётган ишларига боғлиқ. Биргина қора доғ бутун бир гардсиз умрни ювиб кетиши мумкин. Шундай экан, ҳар бир қадам ўйлаб босилмоғи, ҳар бир иш мулоҳаза билан келажакни ўйлаб қилинмоғи керак. Шундагина у билиб-билмай қилинган хатолар жабридан азият чекмайди.

Садоқат ОРИФ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди