№27, 30.06.2016 Кўнгил кечинмаси
УМИДБАХШ СЕВГИ
Ота-онамдан эрта айрилдим. Ҳали ёш бўлсам-да, ҳаётда кўп қийинчиликларни кўрдим. Дунёда яхши инсонлар, умид, меҳр-оқибат, севги деган туйғулар кишига қувончли кунларда ҳам, қайғули дамларда ҳам таскин берар экан.
Севги бу - менинг назаримда инсон қалби, юраги билан бир инсонга боғланиб қолиши, уни кўрганда, кўзлар тўқнашганда кўнгилларнинг ҳузурланиши экан. Севган инсонингиз билан кўришганингизда қанчалик уринманг, нимадир гап айтишга ожиз бўлиб қолар экансиз, севган инсонингиздан узоқлашсангиз ёки айрилсангиз кўнгил йиғлар экан. Уни севишингизни юрагингиз ҳис этади, агар сиздан воз кечса, юрагингиз, кўзларингиз унсиз йиғлайди.
Севги бу - муқаддас туйғу! Уни ҳар кимга ҳам изҳор этиб бўлмас экан.
Меҳр-оқибат жуда қиммат ва ноёб нарса, уни ҳаётга жиддий қарамайдиган, қатъиятсиз инсонлардан ҳеч қачон кутманг! Унутмангки, бу ҳаётда ким учундир азизсиз, ким учундир ортиқча. Борлигингиздан қувонганлар йўқлигингизда қидирганлар бўлади. Ҳаётдаги бир ҳақиқатни англадим, борлигида қадрламаган инсонни йўқотиб қўйганингизда қидирар экансиз.
Қизиқ, нега инсонлар бирдек бахтли яшолмайди? Бу савол мени жуда қийнайди. Ўзимча жавоб топишга уринаман. Менимча, сабаби улар кўпинча ўзини севган инсонни эмас, ўзи севган инсонни танлайди. Ҳақиқий севгини эмас, сохта, ёлғонлардан иборат шунчаки ҳавасни танлайди, аччиқ ҳақиқатни эмас, ширин ёлғон гапларни тинглашни истайди. Ўзи меҳр бермаса ҳам ўзгадан меҳр қидиради. Ҳаётда кимгадир сиз қанчалик меҳр бериб ардоқласангиз ҳам у сиздан-да яхшироғини излайди. Инсон ҳаёт йўлларида қоқилганда - уни қайта тикланишига фақат меҳрибон қўллар, севган инсонларигина ёрдам бера олар экан.
Севги - умидбахш туйғу. Шундай экан сизни севган, сизни йўқотишдан қўрққан инсонни қадрланг, асраб-авайланг, уни бахтли этишга ҳаракат қилинг. Чунки, тақдир бундай инсонни сизга такроран инъом этмайди!
Абдушукур ОБИДОВ,
Андижон шаҳри.
|