№28, 07.07.2016 Дил туғёни
БУВИЖОНИМ
Баъзан ёдимиздан чиқиб қолса: Ҳой, бола сувни исроф қилма, жўмракнинг қулоғидан бураб қўй. Овқатга уннасак: Қани бир кўрайчи, масаллиқларни ўз ўрнида ишлатгин. Кавшанаётган набираларга қараб: ноннинг ушоғи ҳам нон. Уни ҳар ерга ташлаб кетсанг, уволи тутади, болам, деб бизни тартибга чақириб турадиган, насиҳатларини аямайдиган, барча ишимизга бош-қош бўлиб турадиган бувижоним, сизнинг қадрингиз мана энди билинмоқда.
Бугун туғилган кунингиз. Уйимизга барча қариндошлар йиғилган, аммо қалбларни бир алам тирнайди: сиз бу ерда йўқсиз... Бугун сизни жуда соғиндим.
Тушликка ёқтирган таомингизни пиширдик: палов. Бу таомни сизни ёдга олиб холажоним тайёрладилар. Сизни қўмсаб, сизни соғиниб, гоҳ кулиб, гоҳ ғам чекиб дастурхон атрофида сизни ёд этиб, суҳбатлашиб ўтирдик. Авваллари хато, камчиликларимизни айтиб, танбеҳ берганингизда сиздан ранжирдик, ҳафа бўлардик, ҳатто жаҳлимиз ҳам чиқарди. Энди билсак, бизни тўғри йўлга бошлаш, ҳаётда ўз ўрнимизни топишимиз учун куйиб-пишган экансиз. Энди насиҳатларга муҳтож бўлсак, билиб-билмай хато қилсак, бизни ким койийди, бизни ким тўғри йўлга бошлайди?
Бувижоним, бизни кечиринг, сўзингизни олмаганимиз, шўҳликларимиз учун. Хотирлаш кунимиз якунида жойларингиз жаннатда бўлишини тилаб, қўлимизни дуога очдик. Мен ҳам руҳингиз осойишта бўлишини тилаб, пичирлаб дуо қилдим.
Мубина МАМАСОЛИЕВА.
|