№29, 14.07.2016 Ибратли оилаларимиз
ТОМОРҚА - ОИЛАМИЗНИНГ ДАРОМАД МАНБАИ,
- дейди уста боғбон Сафарали ака Отахонов.
Бўз туманининг Яккатол маҳалласида мўъжазгина боғ бор, ҳудди дам олиш масканига ўхшайди. Ҳавоси тоза, гўзал бу боғ заҳматкаш инсон Сафарали Отахонов ва у кишининг турмуш ўртоғи Матлубахон ая томонидан барпо этилган.
Соддадил ва оқ кўнгил хонадон эгалари қишлоқдаги собиқ жамоа хўжалиги далаларида узоқ йиллар меҳнат қилдилар. Аввалига кичкинагина ҳудудда олча боғи ташкил этишди. Ўшанда кўпчилик боғда пишган олча меваларидан баҳраманд бўларкан, боғ яратганларга раҳмат айтишди. Кенг далалар каби кўнгли ҳам, феъли ҳам кенг бу инсонлар кейинчалик олча боғини кенгайтиришди. Фарзандлари кўмагида бу ерни олма, ўрик, гилос, шафтоли, анжир, бодом сингари мева кўчатлар билан тўлдиришди. Умид билан ўтқазилган кўчатлар ҳосил беришни бошлаганига ҳам анча йиллар бўлди.
Ота касби боғбонликнининг устаси бўлган Сафарали ака мевали дарахт кўчатларини пайвандлаш бўйича ҳам уста мутахассис. Бу йил у оддий гилос кўчатларига эртаки гилос новдаларини улаб, юз тупдан зиёд янги, эртапишар, йирик донали гилос кўчатини етиштирди. Насиб этса, уч-тўрт йилда ҳосилга киради. Бундан ташқари, томорқага 50 минг дона терак қаламчалари ўтқазди. Ҳозирда бир текисда саф тортган терак қаламчалари ниҳолга айланиб улгурди. Кафтдекгина томорқадан унумли фойдаланаётган хонадон соҳиблари томонидан ёш ниҳолларнинг эгат пуштасига экилган турли резаворлар барқ уриб ўсаётгани кўриб, беихтиёр Сафарали ака сингари инсонларга раҳматлар айтасиз.
Ҳалол меҳнатлари эвазига турмуши фаровон хонадон соҳиблари асаларичилик билан ҳам шуғулланишади. Қарийб 50 дона уяда парваришланаётган асалари оиласидан йилига икки маротаба асал олинади. Асаларичиликдан келадиган даромад рўзғор тўкинчилигига сарфланади. Қолаверса, табиий, шифобахш асал маҳсулоти бозорларимиздаги серобгарчиликни, нарх-навонинг меъёрда бўлишини таъминлашга хизмат қилмоқда. Рўзғорда саранжом-саришта Матлубахон ая ҳозиргача тиним билмайди. Жонсараклигидан бекор ўтиргиси келмайди. Сафарали акага боғ ишларида кўмаклашади. Ўғиллари - Алишер, Отабек, Сардорбеклар, келинлари билан дам олиш кунлари боғда бўлишиб, ота-онасининг ишини оладилар. Боғ ва томорқа ишларини аҳилликда бажарадилар. Қизлари - Ферузахон, Жумагул, Дилнозахон ва Дурдонахонлар билан эса бу маскан янада файзга тўлади. Ота-она ёнида ўғил-қизлар, келинлару набиралар жам бўлганларида эса хонадон бамисоли тўйхонага айланади.
Очиқ чеҳра, ширинсўз, дилкаш бу инсонларни ҳизрга, фариштага қиёслагим келади. Улар каби меҳнаткаш, яратувчи кишилар бор экан, юртимиз янада обод, ҳаётимиз фаровон, дастурхонларимиз тўкин бўлаверади.
Илҳомжон ТОЖИБОЕВ.
|