№30, 21.07.2016 БОЛАЖОНЛАРНИНГ СЕВИМЛИ МАСКАНИ
Фарзанд тарбияси, аввало ота-она, қолаверса, педагог-мураббийлар зиммасидаги муҳим вазифадир. Боланинг дунёқараши оилада, кейин эса мактабгача таълим муассасасида шаклланиб борар экан, улар бу ёшда барча нарса ҳақида билишга, оламни ўзларича тасаввур этишга интиладилар.
Боланинг муайян билимга эга бўлиши, идрокининг ривожланишида у тарбияланаётган муҳит алоҳида аҳамият касб этади. Бу борада туманимиздаги мактабгача таълим муассасаларида ҳам белгиланган ишлар самарали олиб борилмоқда.
Жумладан, бизнинг халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман бўлими тасарруфидаги 12- мактабгача таълим муассасасида ёш авлодни ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол вояга етказиш масаласига алоҳида эътибор ва катта масъулият билан қаралади. Айни кунда 6 та гуруҳда 110 нафар кичкинтой тарбияланаётган масканимизда таълим-тарбия ишлари намунали йўлга қўйилган. Болажонларга ўз ишини севадиган, тажрибали 22 нафар мутахассис ва ходимларимиз бугунги кун талаби даражасида тарбия бермоқда. Уларнинг барчаси ўз ишининг усталаридир. Айниқса, Мақсудахон Акбарова, Матлубахон Ҳомидова, Одинахон Эралиева, Гулбаҳор Зокирова, Саидахон Муталибова сингари ходимларимиз, ҳамшира Саидахон Алқосимовани ўз ишининг фидоийлари десам, янглишмаган бўламан.
Муассасада мактабга тайёрлаш, рақс, рус, инглиз тили тўгараклари ташкил этилган. Инглиз тили машғулотини Гулзодахон Ўрмонова жуда чиройли олиб боради. Турли-туман юмшоқ ўйинчоқлар, эртак қаҳрамонлари, машғулотлар учун кўргазмали қуроллар буларнинг бари болажонларимизни баркамол ва билимдон ўсишларига хизмат қилади. Шу боис ҳам, муассасамиз болажонларнинг севимли масканига айланган.
Ҳар бир хонага қўл меҳнати билан ясалган гуллар, буюмлар ўзгача чирой бахш этган. Бу ерда болалар ҳамиша турли машғулотлар билан банд. Рақс тўгараги раҳбари Гулсанам Аҳмедова кичкинтойларга рақс сирларини маҳорат билан ўргатади. Туманимизда ўтказиладиган кўплаб байрам тадбирларида тарбияланувчиларимиз бадиий дастурлари билан фаол иштирок этади.
Бу йил болажонларнинг қизиқишларини инобатга олиб, муассасада спорт ва гимнастика тўгараклари ҳам иш бошлади. Уни мураббий Нигорахон Қўлдошева олиб бормоқда, 50 нафардан ортиқ кичкинтойлар спорт тўгараги машғулотларида фаол қатнашмоқда.
Айниқса, "Зумрадойлар давраси" тўгараги фаолияти тар¬бия¬ланувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Тўгарак машғулотларини қизиқарли суҳбат, турли ўйинлар, қўл меҳнати, саҳналаштирилган лавҳалар шаклида олиб борилиши жажжи қизчаларда уйда, жамоат жойларида ўзини тутиш одоби, меҳнатсеварлик, тўғрисўзлик, меҳрибонлик каби инсоний фазилатларнинг шаклланишига ёрдам бермоқда.
"Зумрадойлар давраси" тўгараги аъзолари бўлган муассасанинг катта гуруҳ тарбияланувчи қизлари иштирокидаги "Балли, қизлар" кўрик-танловида қизалоқлар ўзларининг ижобий фазилатларини, пазандалик маҳоратларини намойиш этиб, оналарига ёрдамчи эканини кўрсатиб бердилар.
Бу каби тадбирлар ёш авлод тарбиясида шубҳасиз, муҳим аҳамият касб этади.
Мактуба РАЗЗОҚОВА,
муассаса мудираси.
|