№31, 28.07.2016 ЮРТИМНИНГ БАХТЛИ АЁЛИМАН
Ўттиз беш йилдирки, педагог сифатида таълим тизимида фаолият юритиб келаман. Жамоамизда Муҳаббат Аҳмедова раҳбарлигида 22 нафар олий тоифали ўқитувчи ҳамжиҳатликда иш юритиб, 300 нафардан зиёд ўғил-қизга сабоқ беради.
Мактаб-интернатимиз физика, математика, рус ва инглиз тили фанларига ихтисослаштирилган бўлиб, 4-синфни битирган мактаб ўқувчилари имтихон асосида қабул қилинади. Мактабимизда ўқувчиларнинг пухта билим олишлари учун барча шароитлар яратилган. Дарсларни илғор педагогик технологиялар, электрон дарсликлар, мультимедиа ва бошқа кўргазмали ва тарқатма воситалар орқали ўтишга алоҳида эътибор қаратилади.
Мен бугунги кун ёшларига жуда ҳавас қиламан. Чунки бугун уларнинг ўқиб, билим олишлари, ўз иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратилган.
Юртимиз мустақилликка эришгач, айниқса, таълим соҳасига, эртанги кунимиз эгалари бўлган ёшларга пухта билим бериш, малакали мутахассислар тайёрлаш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Бугун ёшларимиз барча соҳаларда дунёдаги исталган мамлакат ёшлари билан бўйлаша олади. Фанларни ўзлаштириш, спорт, санъат йўналишларида улар қўлга киритаётган ютуқлар, айниқса, хорижий тилларда бемалол гаплаша олишлари барчамизни қалбимизни фахрга тўлдиради.
Мен таълим соҳасини танлаганимдан асло афсусланмайман. Энг асосийси, касбимни жуда ёқтираман. Шукрки, меҳнатларим қадрланиб, нафақат ҳамкасбларим, балки эл-юрт орасида обрў-эътибор топдим. Камтарона хизматларим инобатга олиниб, 2002 йили "Халқ таълими аълочиси" нишони, 2006 йилда "Шуҳрат" медали билан тақдирландим. Қолаверса, мен ўқитган ўқувчилар юрт корига камарбаста, етук ва фидойи инсонлар бўлиб камол топаётганлигидан бошим кўкка етади.
Дилмурод Усмонов, Зафар Ибрагимов, Мирсаид Мирсаидов, Бегзодбек ва Бунёдбек Ибрагимов сингари кўплаб ўқувчиларим нуфузли халқаро университетларда таҳсил олишиб, турли ташкилотларда самарали меҳнат қилаётганлигидан, Саида Отабоева малакали педагог сифатида 2014 йилда "Халқ таълими аълочиси" унвонига эга бўлганидан, умуман, шогирдларимнинг ютуғларидан қувонаман.
Самарали фаолият юритишимнинг бош мезони - энг аввало, юртимиз ва оиламнинг тинчлигидан деб биламан. Раҳматли турмуш ўртоғим билан фарзандларимизни олий маълумотли қилиб, уйлаб-жойлаганмиз. Тўнғич ўғлим Бегзодбек, келиним Заҳрохон ҳозирда Тошкент давлат санъат ва маданият институтида ўқитувчи, қизим Хилола Абдуллаева Тошкент Ислом университетида таҳсил олди, ҳозирда хорижда малака оширмоқда. Кичик ўғлим Шерзодбек Тошкент техника университетини тамомлаб, ҳозирда туман электр таъминоти идорасида меҳнат қилмоқда.
Истиқлол берган имкониятлар касбий салоҳиятимни тўлақонли юзага чиқаришимга, севимли касбим эса жамиятда ўз ўрнимни топишимга ёрдам берди, оилам, фарзандларимнинг камоли ҳаётимга ўзгача сурур ва мазмун касб этади. Демак, мен юртимнинг бахти бекам аёлларидан бириман, деб бемалол айта оламан.
Фароғатхон МИРЗАЕВА,
Асака туманидаги 24-давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати инглиз тили фани ўқитувчиси.
|