№31, 28.07.2016 Юртимизда хотин-қизлар тадбиркорлигига кенг йўл очиб берилган,
- дейди тадбиркор, Асака туманидаги "Тибет даволаш маскани" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Барнохон Султонова.
Асли мутахассислигим фармоцевт. Дастлаб меҳнат фаолиятимни туман марказидаги дорихонада сотувчи сифатида бошлаганман. Истиқлол берган имкониятлардан фойдаланиб, ўз бизнесимни йўлга қўйдим. Аҳолига қулайлик яратиш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида хусусий дорихона очиб, иккита иш ўрни яратдим.
Кейинги йилларда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга кенг йўл очиб берилганлиги фаолиятимни янада кенгайтириш имконини берди. Масъулияти чекланган жамият ташкил этдим. Ўтган йили туман шошилинч тиббий ёрдам марказидаги бўш турган бинодан фойдаланиш бўйича ўтказилган тендерда ютиб чиқдик. Бинони қисқа муддат ичида таъмирлаб, қайта жиҳозладик. Жорий "Соғлом она ва бола йили"да ана шу жойда хусусий тиббий муассаса ташкил этиб, яқинда фаолиятимизни бошладик.
Бир вақтнинг ўзида 100 нафардан зиёд мижозга хизмат кўрсатиш имконига эга муассасамизда ташҳис қўйиш, беморларни даволаш учун зарур барча шароитлар яратилди. Беморлар учун алоҳида хоналар, ёзги ва қишги ошхона, бир неча турдаги таҳлиллар олиш имконига эга лаборатория, дам олиш хоналари замонавий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланди. Айниқса, люкс хоналаримиздаги қулайлик ва яратилган шароитлар кўпчиликка манзур бўлишига ишонамиз.
Тиббий масканимиз ҳудудига турли мевали, манзарали кўчатлар экилган, беморлар ҳамда ходимларимизга шахмат-шашка, стол тенниси билан шуғулланишлари учун шароитлар яратилган, шунингдек, кутубхона, савдо шохобчаси хизмати йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, хотин-қизлар, айниқса, оналар саломатлигини тиклаш, ўсмир қизларни турмушга тайёрлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш мақсадида муассасамизда гимнастика ва шейпинг заллари ҳам ташкил этилди. Муассасамизда даволанувчилар ҳамда ҳудудимиздаги опа-сингилларимиз бўш вақтларида бу ерга келиб бемалол шуғулланишлари мумкин.
Муассасамизнинг ишга тушиши билан 60 та янги иш ўрни яратилди. Доимий иш ўрнига эга бўлганларнинг 20 нафари касб-ҳунар коллежи битирувчиларидир.
Шифохонамизнинг самарали фаолият олиб боришида хирург-кардиолог Ғуломжон Аҳмедов, гинеколог Нодира Мамажонова, невропатолог Жалолиддин Арпаев, шифокорлар Гавҳарой Комилова, Мадина Эгамбердиева, иш юритувчи Илҳомжон Акбаров, таъминотчи Музаффар Жўраевларнинг хизматларини алоҳида эътироф этишим жоиз.
Аёл кишининг бахтли ва жамият ишида фаол бўлиши учун энг аввало, оиласининг ишончи, яқинларининг кўмаги зарур. Ана шу нарсаларга эриша олган аёл шубҳасиз, улкан ишларни бажара олишга қодир.
|