№31, 28.07.2016 Ифтихор
МУСТАҚИЛЛИГИМИЗГА КЎЗ ТЕГМАСИН!
Мустақиллик шарофати билан мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча жабҳаларида улкан ўзгаришлар, асрларга татигулик ижобий ишлар амалга оширилди. Айниқса, юртимиздаги тинчлик-осойишталик, фаровонлик кўнгилларга хушнудлик бахш этади.
Истиқлол йилларида таьлим тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, таълим муассасалари моддий-техник баъзасини мустаҳкамлаш, таълим сифати ва самарадорлигини янада юксалишида муҳим аҳамият аҳамият касб этмоқда. Буни биргина ўзим фаолият юритаётган мактаб мисолида кўриб, ҳар қадамда ҳис этиб тураман. Энг замонавий жиҳозлар билан таъминланган кенг ва ёруғ синф хоналари, фан кабинетлари, стадион, спорт зали ўқувчилар ихтиёрида. Айни кунда 58 нафар тажрибали ўқитувчилар 600 нафарга яқин ўқувчига таълим-тарбия бермоқда.
Жорий йил ҳалқимиз, юртимизнинг ҳар бир фуқароси учун алоҳида қадрлидир. Чунки Мустақиллигимизнинг 25 йиллигини кенг нишонлаймиз. Шу кунларда ана шу қутлуғ санани муносиб кутиб олиш борасида маҳаллалар ҳамда меҳнат жамоаларида тайёргарлик ишлари қизғин олиб борилмоқда.
2015-2016 ўқув йилида мактабимиз жамоаси хам муайян ютуқларни қўлга киритди. Ўқитувчи ва ўқувчиларимиз турли танловлар, фан олимпиадаларида муносиб иштирок этди. Жумладан, бошланғич синф ўқитувчиси Дилфуза Мирзаева "Энг яхши дарс ишланмаси" танловининг вилоят босқичида 3- ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичида қатнашиш шарафига муяссар бўлди. Она тили ва адабиёти ўқитувчиси Бахтихон Шодмонова "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси" кўрик-танловининг вилоят босқичида 3-ўринни эгаллади. Тарих фани ўқитувчиси Назокат Шерматова томонидан семинар доирасидаги ўтган кўргазмали дарс намунали топилиб, вилоят миқёсида оммалаштиришга тавсия этилди. Мактабимиз ўқувчилари жамоаси эса "Биз ёшлар гиёҳвандликка қаршимиз" шиори остида ўтказилган расмлар кўрик-танловида фахрли ўринни эгаллаб, диплом билан тақдирландилар.
Таъкидлаш керакки, мактабимизда устоз-шогирд анъанаси яхши йўлга қўйилган Гулузрохон Каримова, Холисхон Исахонова, Замирахон Тоғаева каби олий тоифали, фахрий устозларимиз тез-тез мактабимизга келишиб, ўзларининг зарур тавсия ва маслахатларини бериб туришади, ёш ўқитувчиларга ўз тажрибаларини ўргатишади. Омадхон Ашурова, Султонхон Эргашева, Дилбархон Қувватова, Одинахон Хасанова каби ҳамкасбларимиз таълим-тарбия ишларини самарали йўлга қўйган, фаол ва намунали иш олиб бораётган ўқитувчилардир. Кўнгилларга ўзгача шукуҳ бахш этаётган юртимиз мустақиллигининг 25 йиллиги барчамизга муборак бўлсин. Истиқлолимизга асло кўз тегмасин, тинчлигимиз абадий бўлсин.
Гулсара ТОШМАТОВА,
Жалақудуқ туманидаги 25- умумтаълим мактаби ўқитувчиси.
|