Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№31, 28.07.2016

ИСРОФ ҚИЛИШ - ГУНОҲ

Аллоҳ таоло инсонга ақл-идрок, фаҳм-фаросат ато этиб, уни барча маҳлуқотлардан устун қилиб қўйди. Шу билан бирга, берган неъматларига шукр қилишни, ҳаётимиз давомида улардан ўз ўрнида, исроф қилмай фойдаланишни буюрди.

Ҳадисларнинг бирида: "Тежамкор одам ҳеч қачон қашшоқлик кўрмайди" дейилади. Яна бир ҳадисда эса "Ишларнинг яхшироғи-ўртачасидир" деб айтилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг юқоридаги ҳадисларидан инсон ҳаётида, қилаётган ишларида исрофга йўл қўймаслиги, тежамкор бўлиши кераклиги, тежамкорлик - олий фазилатлардан бири эканлиги аён бўлади.

Афсуски, кейинги пайтларда инсонлар орасида исрофга йўл қўяётганлар ҳам тет-тез учраб турганлиги кўнгилларни хира қилади. Айниқса, тўй ва бошқа тадбирларни кузатиб, баъзи бир кишиларга инсоф тилаймиз. Чиндан-да халқимиз ҳаётини тўйсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Аллоҳ берган фарзандни уйлаш ёки қизини турмушга узатишдек тантаналарни ўтказамиз, Чунки улар миллий қадрият сифатида қон-қонимизга сингиб кетган. Лекин ана шу маросимларни ихчамлаштириш, камчиқим қилиб ўтказиш ўрнига уларни дабдабага айлантираётган, ортиқча исрофгарчиликларга йўл қўяётган баъзи бир кишиларнинг борлиги барчамизни бирдек ташвишга солади.

Тўйни манманлик ва риёкорлик билан ўтказиш, одамлар мени тўй қилганимни, қўша-қўша қозонларда ош дамлаганимни гапирсинлар деган мақсадда қилаётганлар ортиқча сарф-харажат қилиш билан гуноҳкор бўлаётганликларини англаб етишлари керак.

Тўйлар ихчамлаштириш ўрнига дабдаба билан ўтказилаётганлиги динимизда ҳам қораланади, қолаверса, ҳаётий қарашларимизга ҳам зиддир. Мисол учун, оддий расмий никоҳдан ўтиш маросимига ўн-йигирмата машинада чиқилиши, куёв болани усти ҳар хил егуликлар билан безатилган махсус сўрига ўтказишлик бу риёдан ўзга нарса эмас. Ана шу каби салбий одатларни урфга айлантираётганлар билсинки, бундай кўз-кўз қилиб тўй ўтказиш гуноҳдир.

Айниқса, бугунги кунда қиз чиқарган томон анча қийинчилик ва жабр кўрмоқда. Келин олаётган томон бизга сизларнинг ортиқча нарсаларингиз керак эмас, деб айтиш ўрнига фалон-фалон нарсангиз кам экан, дейишлик билан овора. Кейинги пайтларда келиннинг сепига қўшиладиган буюмлар сони ҳам кўпайиб кетди. Ахир бу нарса қудаларнинг бир-бирларини қийнашдан ўзга нарса эмас. Ана шу буюмларни келин-куёв ҳаётлари давомида меҳнат қилиб, маблағ топиб, ўзлари олса, мақсадга мувофиқ бўлмайдими? Ўша нарсанинг қадрига етмайдими?

Шаръий нуқтаи назарда йигит киши бир аёлни никоҳига олса, уни нафақаси ва кийим- бош билан таъминлаши унинг вазифаси ҳисобланади. Тўғри, йигитларимизнинг аксарияти ана шу бурчни бекаму кўст адо этмоқда. Аммо айрим йигитлар борки, келиннинг ортидан бир кунда уч маҳалдан келадиган маъзарга, ҳатто, махсус овқатларни буюриб, ўша таомларга кўз тикиб ўтиришни ўзларига эп кўраётганлиги дилимизга оғриқ солади. Наҳотки, улар уят, орият деган туйғулардан узоқ бўлса, деб ўйга толамиз.

Ахир бизнинг ота-боболаримиз ақл-заковатли, ғурури мустаҳкам, орияти баланд ҳамда таъмадан йироқ инсонлар бўлган. Наҳотки, бугунги авлоднинг айрим вакиллари ана шундай муқаддас қадриятларимизни унитиб қўйишган бўлса? Наҳотки, айрим опа-сингилларимиз келиннинг одоб-аҳлоқи, тарбияси, уқувидан кўра, унга берилган матолар, кийим-кечаклар, кайнонасига қилинаётган сарполарни баланд қўйса? Ўғлининг, қизининг бахтини шу мато ва буюмларга тенглаштираётган ота-оналаримиз, айниқса, оналаримизни асло оқлаб бўлмайди.

Тўйдан олдин қудалар ўзаро маслаҳатлашса, ортиқча олди-бердиларни йўқотишни, маҳалла фаоллари, ёши улуғ инсонларни чақириб, тўйни исрофгарчиликларсиз, тежамкорлик билан ўтказишни келишиб олсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди. Демак, ҳаддан ошиш, исроф, "фалончидан мен камми", деб манманлик ва риёкорлик билан тўйларга, маросимларга керагидан ортиқча сарф-харажат қилиш ҳам ақлан, ҳам шаръан тўғри эмас, яъни гуноҳ ишлар сирасига киради.

Аллоҳ таоло барчаларимизни имонли, инсофли, гуноҳдан қўрқадиган, тавба қиладиган, қилаётган ишларимизда, амалларимизда исрофгарчиликка йўл қўймайдиган бандаларидан бўлишлигимизни насиб этсин.

Шаробиддин МУСАБОЕВ,

Андижон шаҳридаги

"Абу Хурайра" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди