№32, 04.08.2016 ТИЛИМИЗ ГЎЗАЛЛИГИ ГУНОҲДАН САҚЛАЙДИ
Аллоҳ таоло энг улуғ мавжудот - инсонга сон-саноқсиз неъматларни ҳадя қилди. Шунинг баробарида одамларни фақат эзгу ва яхши амалларни бажаришга чақирди. Шу билан бирга, инсон жисмидаги ҳар бир аъзога маълум вазифаларни бажаришлик масъулиятини юклади. Ана шу жараёнда аъзоларнинг соғлом бўлмоғлиги муҳимдир.
Умр ва ҳаёт инсонга берилган бир омонат ҳисобланиб, шариатимиз инсонга умрини хайрли ишлар қилишига, ёмонликдан сақланишига буюради. Кишига берилган азиз неъматлардан бири тил, сўзлаша олиш неъматидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ Таоло Қуръони каримда: "Ахир, Биз унга икки кўз, тил ва икки лаб (ато) қилмадикми?!" ("Балад" сураси, 8- 9- оятлар) дея Яратганнинг марҳаматига мушарраф бўлишда тилнинг ўрни катта эканлигига ишора қилади.
Инсоннинг сўзига, муомала маданиятига қараб, унинг инсонийлик мақомига баҳо берилади. Қолаверса, қалб ва тил гўзаллиги инсонийликни кўрсатадиган муҳим жиҳатлар ҳисобланади. Улардан бири хатога йўл бошласа, бошқа аъзолар ҳам у сабабли гуноҳга ботади. Тил ёлғон қасами билан охиратда бошқа аъзоларни жаҳаннам оташига дучор қилади. Айнан шу тилнинг ножўя ҳаракати аёлларни эридан, болани отадан, акани укадан айириши, дўстни душманга айлантириши, мўмин бандаларнинг қалбига озор етказиши мумкин. Мўминнинг қалби эса Аллоҳнинг назаргоҳидир. Ҳақиқий мусулмон нажот ва бахтиёрлик тилни ножўя сўзлардан тийиш ва ҳасад қилмасликда эканлигини яхши англайди.
Бир ривоятда ёзилишича, кечани ўтказиб, тонг отганидан сўнг тана аъзолари тилга шундай деб айтар экан: "Бизнинг ҳақимиз учун Худодан қўрққин, чунки бизнинг ихтиёримиз сендадир, агар сен тўғри ва ҳалол бўлсанг, бизлар ҳам тўғри ва ҳалол бўламиз. Агар сен нотўғри қадам қўйсанг, биз ҳам нуқсонли бўламиз". Шундай экан, тилни ёмон сўзларга одатланиб қолишдан сақлаш зарур.
Муоз ибн Жабал (р.а) бир куни Расулуллоҳ (с.а.в) билан саёҳатга чиққанида, Пайғамбаримиздан "Ё Расулуллоҳ! Мени жаҳаннамдан узоқлаштирадиган ва жаннатга яқинлаштирадиган бир амални айтинг", деб сўради. Улар: "Аллоҳга ибодат қилиб, Унга ширк келтирмайсан. Намоз ўқийсан, закот берасан, рамазон рўзасини тутасан, ҳажга борасан", деди ва "Сенга яхшилик эшикларини кўрсатайми?" деб сўради. Муоз ибн Жабал: "Ё Расулуллоҳ, кўрсатинг" дегач, Пайғамбаримиз (с.а.в): "Рўза жаҳаннамга пардадур, садақа хатоларни кетказади, ҳудди сув оловни ўчиргани каби кечаси ўқиладиган намоз яхшиларнинг белгисидир", дедилар. Сўнг ушбу оятни келтириб ўтдилар: "Уларнинг ёнбошлари (ибодат қилиш учун) ўриндиқларидан ажраб турар (оз ухлашади). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо қилурлар ва биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилурлар" ("Сажда" сураси, 16- оят).
Муҳаммад (с.а.в): "Бу диннинг боши Ислом, устуни намоз, чўққиси жидду жаҳддир. Буларни бутунлаштирадиган асос - шунга эҳтиёт бўл" дедилар ва қўллари билан Муоз (р.а)нинг тилини кўрсатдилар. Муоз (р.а) "Ё Расулуллоҳ! Биз гапирганларимиз учун жавоб берамизми?" деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в): "Эй, Муоз! Инсонларнинг бурунларидан тутиб, юзтубан оловга отилишларига сабаб уларнинг тиллари бўлмасдан нима?" деб хитоб қилдилар.
Дарҳақиқат, Муҳаммад (с.а.в) биз - умматларни тилни ножўя сўзлардан асрашга, иложи бўлмаганида, сукут сақлашга буюрганлар. Яъни: "Кимки Аллоҳ таолога ва охират кунига имон келтирган бўлса, фақат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин" дея марҳамат қилганлар.
Динимиз тилга, сўзлашишга алоҳида эътибор беришга ундашининг, уни бефойда ва гуноҳ бўладиган сўзларни айтишдан қайтаришнинг сабаби тил қалбга яқиндир. Қалб эса имон маскани ҳисобланади. Демак, инсон қанчалик иродали ва қай даражада соф ва маънавиятли бўлса, унинг тилидан фақат ширин сўзлар чиқади. Тил қанчалик ёмон гапларни кўп гапирса, инсоннинг қалби ҳам қорая бошлайди ва натижада имони сусаяди. Бу ҳақда Пай-ғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) Абу Зар (р.а)га қилган васиятларининг бирида: "Сукут сақлашни ўзингга одат қилгин, чунки сукут сақлашлик, биринчидан шайтонни қувади, иккинчидан, динингни сақлашингга ёрдам беради", деганлар.
Аллоҳ таоло барчаларимизга тили, дили бир ва гўзал ҳулқли, фақат яхши гапларни гапирадиган ҳамда ҳайрли ва эзгу амалларни бажарадиган бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб этсин.
Мифтохиддин РОЖИДДИНОВ,
Андижон шаҳридаги "Девонабой" жомеъ масжиди имоми.
|