№35, 25.08.2016 СОҒЛОМ ОНАДАН СОҒЛОМ ФАРЗАНД ТУҒИЛАДИ
Хонобод шаҳар тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги 2 та қишлоқ врачлик пункти, кўп тармоқли марказий поликлиникада фаолият юритаётган жами 485 нафар тиббиёт ходимларининг 398 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.
Бош шифокор Ғайратбек Юсупов раҳбарлигида аҳолига сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш, айниқса, оналар ва болаларни соғломлаштириш, соғликларини муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишлар салмоғи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги "2014-2018 йилларда Ўзбекистон аҳолисининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида"ги қарорининг ижросини таъминлаш, ана шу йўналишдаги ишларни такомиллаштириш мақсадида тиббиёт бирлашмамиз томонидан барча чора-тадбирлар, тиббий кўриклар, соғломлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Бугун аҳоли, хусусан, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш масалалари давлатимиз сиёсатининг устивор йўналишларидан бирига айланган. Ана шундан келиб чиқиб, бирлашмамиз шифокорлари хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш, фертиль ёшидаги аёлларни тиббий кўрикдан ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу борадаги ишларни ташкил этишда бирлашмамиз бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раиси Лолахон Матқосимова, бош ҳамшира Фаридахон Мамарасулованинг ташаббус-коригини алоҳида эътироф этиш лозим. Шунингдек, шифокорларимизнинг маҳалла фуқаролар йиғинлари қошидаги "Саломатлик сектор"лари аъзолари билан ҳамкорликда олиб бораётган ишлари ҳам намунали йўлга қўйилган.
Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, фуқароларнинг тиббий маданиятини юксалтиришга қаратилган тарғибот-ташвиқот тадбирлари мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жорий йилда шифохонамиз янги таъмирдан чиққани, замонавий, такомиллашган тиббий асбоб-ускуналар келтирилгани шаҳримиз аҳолиси учун янада кенг қулайлик яратади.
Аёл соғлом бўлсагина, соғлом фарзандни дунёга келтира олади. Бинобарин, фарзандларимиз сааломатлиги миллатимиз равнақини белгилайди. Бу борада тиббиёт бирлашмамиз ходимлари ўз зиммасига юклатилган вазифани сидқидилдан адо этади.
Маъмурахон ЮСУПОВА,
Хонобод шаҳар тиббиёт бирлашмасининг
оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича бошлиқ ўринбосари.
|