Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№35, 25.08.2016

Бизнинг суҳбат

ЧЕМПИОННИНГ ОНАСИ

Она учун фарзанд камолидан ортиқроқ бахт йўқ дунёда. Етмиш икки томир оғриқларига дош бериб дунёга келтирган дилбанд ортидан кўкрак кермоқ, чинакам бахтиёрликни ҳис қилмоқнинг ўзи жуда улкан бахт. Айниқса, халқ, Ватан ишончини оқлаб, юрт байроғини кўкка кўтараётган фарзанд ютуғи ҳар қандай ота-она учун чексиз фахр-ифтихордир.

Бугун андижонликларнинг кўкси баланд, қадамлари янада мағрур, ифтихорлари осмонга етгудек. Чунки Андижон фарзандлари Ҳасанбой Дўстматов ва Руслан Нурутдиновлар олис Бразилиянинг Рио де Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган ХХХI ёзги олимпияда ўйинларида шохсупанинг энг баланд поғонасидан жой олиб, ўзбек ўғлонлари нималарга қодирлигини, ҳеч кимдан кам эмаслигини бутун дунёга кўрсата олдилар.

Андижон давлат университети талабаси Ҳасанбой Дўстматов бокс бўйича олимпиада ўйинларининг вазни 49 килограммгача бўлган спортчилар ўртасида ғолиб бўлиб, юртимиз шуҳратини юксакларга кўтарди. У финалга қадар мексикалик Хоселито Венескасни, шунингдек, жаҳон чемпиони, қозоғистонлик Биржан Жакиевни, ярим финалда Америка Қўшма Штатлари вакили Нико Эрнандесни мағлуб этди. У ҳал қилувчи беллашувда барча рақиблари устидан ишончли ғалаба қозониб, финалга етиб келган колумбиялик Юберхен Мартинес Ривасдан устун келиб, ғолиблик шохсупасига кўтарилди.

Мухбиримиз Булоқбоши туманидаги Кулла қишлоғида бўлиб, чемпионнинг онаси, тумандаги 9- умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Дилнозахон Ҳайитбоева қувончига шерик бўлди. У билан ўғлининг спортга кириб келиши, қизиқишлари ва албатта, финал ўйини таассуротлари билан ўртоқлашди.

- Дилноза опа, аввало, фарзандингиз Ҳасанбойнинг улкан ғалабаси билан газетамиз муштарийлари, вилоятимизнинг барча аёллари номидан муборакбод этамиз. Ҳозир қалбингизни қандай туйғулар чулғаган?

- Она учун фарзанднинг камолидан, у эришган ютуқларни кўришдан ортиқ бахт бўлмаса керак. Мен дунёдаги энг бахтиёр онаман. Чунки фарзандим ана шу ғалабаси билан нафақат ота-онаси, яқинлари, устозлари, балки бутун халқимиз ишончини оқлади, она Ватанимиз - Ўзбекистон шуҳратини кўкларга кўтарди. Очиғи, бундай оламшумул ғалабадан қалбимни чексиз қувонч-ифтихор туйғуси эгаллаган, буни сўз билан таърифлашга тил ожизлик қилади. Мана шундай бахт барча-барча оналарга насиб этсин, Ўзбекистонимиз чемпионлар юрти бўлсин, деб ният қиламан.

- Ҳасанбойнинг спортга бўлган қизиқишини дастлаб бобоси Дўстмат ота ва бувиси Буойша аялар қўллаб-қувватлаган экан...

- Албатта, улар набираларига жуда эътиборли, ҳар бир қараш ва қизиқишларига жиддий ёндашишган. Ўғлимнинг спортчи бўлиб вояга етишида биздан кўра уларнинг хизматлари кўпроқ бўлган десам, асло муболаға бўлмайди. Ўғлимнинг спортга бўлган иштиёқини пайқаган бобоси уни 5 ёшидан қишлоғимизда ташкил этилган каратэ ва кикбоксинг тўгаракларига олиб бориб юрдилар. Кейинроқ бувисининг ўзи Ҳасанбойни Андижон олимпия захиралари коллежига ўқишга етаклаб борди. Ҳасанбой ўшанда эндигина 12 ёшда эди.

- Устозлари ҳақида гапириб берсангиз.

- Ҳасанбойнинг чемпион бўлишида устозларининг ўрни жуда катта. Айниқса, биринчи устозлари Алимардон Зуфаров, Зиёвутдин Тойғанбоевларга алоҳида миннатдорчилик билдиргим келади. Уларнинг меҳнатлари, талабчанликлари сабаб ўғлим ўз устида тинимсиз ишлади, спортни ҳаётининг мазмуни деб билди ва халқнинг ишончини оқлади.

Шу қувончли кунларда Ҳасанбойнинг спортга эндигина кирган пайтларини эсга олмоқчиман. У илк машқларини каратэ тўгарагида бошлаган. Бир куни машқ қилаётиб менга "Ая, "лапа"ни (машқда ишлатиладиган қўлқоп) ушлаб туринг", деди. Шунда "Ҳасанбой, машҳур бўлиб кетганингда, биринчи устозинг ким дейишса, онам дегин-а!" десам, менга бир қарадию, "Э, ая" деб уялганди.

Тўғри, ўғлимнинг истеъдоди, интилиши, ғалабага бўлган ишончи ниҳоятда кучли бўлган. Лекин унинг муваффақиятларига ўғлим каби ёшларни ўз фарзандларим деб, қўллаб-қувватлаган, уларга кенг имкониятлар эшигини очиб берган давлатимиз раҳбарининг эътибор ва ғамхўрлиги муҳим омил бўлган десам, янглишмаган бўламан. Яратиб берилган шарт-шароитлар, рағбат туфайли ҳам ўғлим, қолаверса, у каби жуда кўп ёшлар ана шундай юксак натижаларга эришмоқда. Бунинг учун президентимиздан чексиз миннатдорман.

- Ўғлингизнинг чемпионликни қўлга киритган онлардаги ҳаяжонларингиз...

- Ҳасанжоним Олимпиадага кетишидан аввал мен, албатта ғолиб бўламан, сизларнинг, Президентимизнинг ишончини оқлайман, деган эди. Хонадонимизда у ўтказган финал жангни кўпчилик бўлиб томоша қилишди. Қилишди деяётганимнинг боиси, рости, она фарзандининг биров билан муштлашаётганини кўриб, чидаб туролмас экан. Ютишига ишонсам-да, чидолмадим, ҳовлига чиқиб кетдим. Лекин, руҳан мен ҳам Бразилияда, ўша рингда бўлдим. Ичкаридан "яшавор, яна", деган овозлар келганида, беихтиёр кўзларимга ёш олдим. Ўша кун оиламизга катта қувонч олиб келди. Уни олқишлагани йиғилган қўни-қўшни, яқинларимизнинг ҳайқириқларидан ҳис қилардимки, ўғлим мардона жанг қилмоқда. У юзимизни ёруғ қилади. Улар жим бўлиб қолишгандаги ҳолатимни эса... айтиб беролмайман. Ниҳоят, кутилган онлар келди. Ҳасанбой - чемпион. Менинг фарзандимни бутун Ўзбекистон олқишларди.

Ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилиб, Ҳасанбойнинг шарафига Ватанимиз байроғи ҳилпираб, мадҳиямиз янграганида қувончдан кўз ёшларимни тўхтата олмадим. Менимча, унинг ғалабасини нафақат яқинлари, балки бутун Ўзбекистон халқи катта ҳаяжон, қувонч билан қарши олди.

- Чемпионнинг онаси сифатида газетамиз мухлисларига, опа-сингилларимизга тилакларингиз.

- Менимча, ҳеч бир она фарзанд тарбиясида адашмаслиги ва албатта, фарзандининг қизиқиш ва интилишларига эътиборсиз бўлмаслиги, уни ҳамиша қўллаб-қувватлаши керак. Шундагина фарзанди ўз салоҳиятини тўлақонли намоён эта олади, шубҳасиз, ота-онасига раҳматлар олиб беради. Мен учун ниҳоятда қувончли шу кунларда барча опа-сингилларимга, аёлларга фарзандлари менинг Ҳасанбойимдек камида чемпион бўлишини, одоб-аҳлоқи, чиройли ишлари билан ота-онасига раҳмат келтирадиган инсонлар бўлиб камол топишларини тилайман. "Иқбол" газетаси ижодкорлари эса оналарнинг ана шундай бахтини, қувончини юртга кўз-кўз қилишдан чарчамасинлар.

- Суҳбатингиз учун ташаккур.

Суҳбатдош: Муборак ТАЛАБОЕВА.

Суратда: чемпионнинг оила аъзолари.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди