№36, 01.09.2016 АЁЛЛАР МУВАФФАҚИЯТЛИ КАРЬЕРАСИНИНГ МУҲИМ ҚОИДАЛАРИ
Аёл киши учун карьера қилиш осон кечмаслиги барчамизга маълум. Кўпчилик аёлларнинг фикрича, карьера қилиш учун улар ҳамкасб эркакларга қараганда уч карра кўпроқ ишлашига тўғри келади.
Профессионал жиҳатдан ўсиш ва хизмат пиллапояларида юқори чўққиларни забт этиш учун аёлларга қуйидаги қоидалар билан танишиб чиқишни тавсия қиламиз.
1. Асосийси - натижа
Биринчи қоида -кўпроқ натижаларга эришинг! Қандай ташкилот бўлмасин, унинг раҳбарияти учун аниқ кўрсаткичлар: лойиҳаларни амалга ошириш, битимлар тузиш, даромад кабилар муҳим саналади. Шу сабабдан ана шу йўналишларда ижобий натижага эришиш касбий фаолиятда ўсиш учун муҳимдир.
2. Ўз-ўзини мақташ
Карьера қилиш учун фақат юқори натижаларнинг ўзи кифоя қилмайди. Ўз муваффақиятларингиз ҳақида сўзлашни ҳам ўрганинг. Топширилган ишни муддатидан аввал якунлаган бўлсангиз, бу ҳақда раҳбарингизга маълум қилишдан уялманг. Сизни малакали мутахассис ва ўз мақсади сари дадил интилувчан ходим сифатида билишсин.
3. Иш жадвали
Жамоангизгиздаги иш тартибига қатъий риоя қилинг. Ишга турли сабабларга кўра ҳар куни кечикиш сизнинг обрўингизга путур етказади. Шунчаки кўп жавоб сўрамасликка ҳаракат қилинг, агар иложсиз бўлсангиз, сизнинг ўрнингизга ишлаб бериши мумкин бўлган кишини олдиндан аниқлаб олинг.
4. Иш вақтида - иш ҳақида
Ҳамкасбларингизга ҳеч қачон шахсий муаммоларингиз бўйича шикоят қилманг. Ишга алоқаси бўлмаган мавзудаги суҳбатларни дугонангиз билан ишдан ташқаридаги учрашув учун сақлаб қўйинг.
5. Танишларингиз кўп бўлсин
Иш жараёнида фойдали алоқаларни йўлга қўйиш билан шуғулланинг. Ишдан ташқарида, касбингизга фойдаси тегадиган дўстлар орттиринг. Қимматли алоқаларга эга бўлган мутахассис ҳамиша қадрланади.
6. Идорадаги дўстлик
Жамоада ҳамкасбларингиз билан яхши муносабатларни йўлга қўйиш муҳимдир. Ҳеч қачон бир ўзингиз тамадди қилманг. Идорада биргаликдаги тушлик дўстона мулоқот учун айни муддаодир. Ҳамкасбларингизнинг фақат яхши жиҳатларини кўришга ҳаракат қилинг. Уларга ёрдам беришга доим тайёр туринг.
7. Ишингизни яхши кўринг!
Энг муҳими, карьерангизда илдам илгарилашни, яхши мутахассис бўлишни истасангиз, ишингизни чин дилдан яхши кўринг, фаолиятингиз билан боғлиқ ҳар қандай ишни ихлос ва қунт билан бажаринг!
Кўпроқ муваффақиятга эришиш кўп жиҳатдан ўзингизга боғлиқ эканлигини унутманг.
МЕҲРИНИГОР тайёрлади.
|