Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№2 дан: 07.01.2011

АЁЛ ҚАЛБИНИНГ МУСАВВИРИ

МАТЛУБА ЮСУФОХУН ИЖОДИГА БИР НАЗАР

Адабиёт - сўз санъати. Бу фикрга эътироз йўқ. Лекин унинг борлиғғи, моҳияти фақат шу билан тугалланмайди. Адабиёт айни чоқда ҳаёт инъикоси, сабоғғи. У киши руҳиятининг малҳами, қалбининг қуввати ва яна гўзал ахлоқ мажмуидир.

Журналист Матлуба Юсуф Охун айнан ана шу талаб ва масъулиятни юракдан ҳис этган ҳолда қалам тебратишини унинг қисса ва ҳикоялари, манзума ва бадиалари рўйи-рост айтиб турибди. Аслида аёл кишининг аксарияти ижод фазилати ила сийланган, десак янглишмаймиз. Иштибоҳ шундаки, ҳамма аёл ҳам ўзидаги бу ноёб хислатни вақтида илғғаб олавермайди.

Матлуба Юсуф Охун ҳам бу жараёнга қадам босгунча даставвал журналистика сир-асрорларини мукаммал эгаллашига, биз билган ва билмаган ҳаёт ҳақиқати мағғзини чақиш учун тинмай изланишига тўғғри келади. Тез ёнган аланганинг тафти сезилмагани каби, ярқ этган учқундан олов чиқавермайди. Матлуба Юсуф Охун адабиёт майдонига минг хадик ва истиҳола, қўрқув ва хавотир ила кириб келди. Унинг хадиги - ижод заҳматига, истиҳоласи-ўйлаб, қоғғоз қоралашга, қўрқуви-адибликни ибодат деб билишга ва хавотири-ўз устида қаттиқ ишлашга чорлади.

Тан олмоқ жоиз, у бугун Андижон адабий муҳитида ўз ўрни, ўз овози ҳамда мавқеига, услуби ва ўз йўлига эга ёзувчи сифатида шаклланди.

Яна бир нозик масала устида мушоҳада юритмоқ келди, деб ўйлайман. Бу - профессионал ёзувчи билан оммавий матбуот қаламкашлари ўртасидаги фарқ ва ўхшашликларга боғғлиқ фикрлардир.

Гоҳида газета ёзувчиларига нисбатан жўнроқ назар билан қараш, уларнинг асарлари умри қисқалиги, "бир марталик" эканлигини писанда этиш ҳоллари учрайди. Агар муаммога шу тахлит ёндошилса, таниқли адабиётшунос олим Дилмурод қуроновнинг "Адабий жараёнда", "Мом синдроми" китобида қайд этилгани каби, шахсий нуқтаи назаримизда юмшоқ айтганда, холислик, бағғрикенглик оҳанги сезилмай қолаётгандай туюлади.

Ким нима деса-десин, дунёда Нил каби серсув дарё бўлмагани каби адабиёт майдонидай беҳад ҳудуд йўқ. Бу майдонга қадам босувчиларни жиловлашга, йўлига ғғов бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ҳар бир ижод соҳиби, бу "жўшқин"га ўз ҳоли ва шуури даражасида ирмоқ бўлиб қўшилаверади. қайси ёзувчининг тафаккур маҳсули қанча умр кўришини олий ҳакам-вақт ҳал қилади. Вақтдан ўзиб, аввалдан башорат қилиш, билиб-билмай қайнаб чиқаётган чашма кўзини тўсиш билан баробар. Бу, елкага оғғриқ юк ортиш, эзгулик йўлини тўсиш, чироқни ўчириш каби кўнгилга ғғашлик солувчи армонга айланиб қолиши ҳеч гап эмас.

Бугун Матлуба Юсуф Охуннинг мухлислари бор экан, улар ёзувчи асарларини ютоқиб ўқишга иштиёқманд экан, бундай ҳолатни фақат олқишлашимиз, адабиёт қўрғғонига бош суққан ҳамкасбимизни чин дилдан қутламоғғимиз керак. Биз биламизки, қўлига китоб, газета олиб ўқийдиганлар ҳар бир ўқувчининг, албатта, ўзига яраша тафаккури, нуқтаи назари, қизиқиши бор. Демак, ана шу маънавий-руҳий эҳтиёж чанқоғғи қонмаса, у ўзи истаган муаллифни қидирмайди, асарларини кўзга тўтиё этмайди, интиқиб кутмайди.Матлуба Юсуф Охун эса ҳамиша ҳаяжон ила кутувчи кўп сонли мухлисларига эга.

Муаллифнинг бошқа ижодкорлардан ажралиб турадиган хислати-унинг аёл қалбидаги эврилишларнинг нозик қирраларини чуқур ҳис қила билишида деб ўйлайман. Яна, у оилавий ҳаёт, аёлларнинг ички дунёсини эринмай кузатади. Аёлнинг бахтсизликдан бахт излай олиши, зулматда ҳам нурга талпина билиши, ҳеч қачон умидсизликка тушмаслиги тўғғрисида ишонарли воқеалар орқали тафаккур юритади. У назаримизда қаҳрамонлар билан бирга яшайди, уларнинг ожизлигини бутун вужуди билан англашга интилади, турмуш сўқмоқларидан ёрқин келажак сари йўл кўрсатади.

Ҳа, айнан йўл кўрсатади. Сунъий равишда бошига бахт қушини қўндириб қўймайди, ҳаёт жараёнига аралашмайди. Агар шундай бўлганида, эҳтимолки, "Бахтсиз бека"нинг бахт йўли бу қадар машаққатли, оғғир ва изтиробли кечмас эди. қисса қаҳрамони Лайло мағғрур қиз. Ана шу мағғрурлик аста-секин виқорга, такаббурликка ўзгариб бораётганини ўзи ҳам билиб туради. Аммо рашк, қизғғониш каби инсон руҳиятини кемирувчи иллат қаршисида ожизлик қилади. Шу биргина нуқсон унинг тақдирида ҳал қилувчи рол ўйнайди.

Агар муаллиф қаҳрамонидаги бу камчиликларни рўйи-рост ифодаламаганида, уни шу ҳолича, борлиғғича юрагига яқин тутмаганида, балким асар бу даражада муваффақиятли чиқмаслиги мумкин эди.

Матлубахоннинг "Соғғинч" бадиасини юрагида бир чимдимгина меҳр-муҳаббати бор инсон хотиржам ўқий олмайди. "Соғғинч", аслида соғғинчгина эмас, у фарзанднинг чин дунёга учиб ўтган падарига нисбатан тийиқсиз туғғёни, ҳижрон оташидаги изтироби, беғғубор болалик эркаликларини қўмсаши. "Ҳурларга қўшилган қиз" ҳикояси фарзандидан эрта ажралган ота-оналарни юпатувчи ажиб бир таскин, десак янглишмаймиз.

"Номус"даги воқеа янгилик эмас. Аммо муҳаббат эски нарса, бироқ ҳар бир юрак уни янгилайди, деганлари каби, афсуски, хиёнат ҳам тоабад севгини таъқиб этиши бор гап. Ҳикояга бир ҳақиқат моҳирона яширинган: хиёнатчи абгор бўлар, ўлар, хиёнат кутилмаганда ўзини эслатиб тураверади.

"Сабр соҳибаси"да бир умрлик ҳикмат мужассам. Агар инсон ибтидосида интиҳоси қай тарзда якунланишини билганида, эҳтимолки, бугун одамларни доимий таъқиб этгувчи-димоғғдорлик, такаббурлик, кибр, ўзгаларни менсимаслик, баландпарвозлик каби қусурлардан ақл танибоқ мосуво бўлармиди.

Афсуски, ҳаётда бундай эмас.

Албатта, ёзувчининг ҳамма асарлари ҳам бирдай мукаммал, қизиқарли ва адабиётнинг юксак талабларига ҳамоҳанг, деган фикрдан йироқмиз. Муаллиф бизнингча, тил устида жиддий ишлашни давом эттирмоғғи, маълум бир ҳолатни ифодалаётганда қаҳрамонларнинг ички дунёсини ўша замон ва макон нуқтаи назаридан тасвирламоғғи, эҳтиросларни бадиият билан ясантирмоғғи мақсадга мувофиқдир.

Мухтасар фикр шуки, Матлуба Юсуф Охуннинг ҳар бир ҳикояси назаримизда ҳаёт сабоқларига ўхшайди. У кундалик турмушимиздаги бир қарашда майда, арзимаган воқеани қаламга олиб, пировардида ундан чуқур ижтимоий хулоса ясайди, ён-атрофга тийрак назар билан нигоҳ буришга даъват этади. Мудроқ қалбларни уйғғотиб, ўқувчини ўйлашга, борлиқ ҳақида жиддий мулоҳаза юритишга чорлайди.

Абдумутал АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди