Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№7 дан: 10.02.2011

БУГУННИНГ ГАПИ

ТЎЙ - ТЎЙДАЙ БЎЛИШИ КЕРАКМИ?

Халқимизнинг узоқ йиллик удумларидан бири - бу тўйдир. Биз яхши ниятлар билан пул йиғғамиз "тўйга"деб, сандиққа лата ташлаймиз "тўйга" деб, бозорлардан уй жиҳозлари қидирамиз "тўйга" деб. Аммо баъзида бу удумларимизга маҳлиё бўлиб, одамгарчиликни, соғғлиғғимизни, керак бўлса, никоҳланувчи икки ёшнинг кейинги ҳаётини, соф ва самимий муҳаббатини унутиб қўямиз. Юрганимизда ҳам, турганимизда ҳам тўйнинг ташвишини қиламиз. Ваҳолангки, тўй бир кунлик тантана ўтади, кетади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 28 октябрда эълон қилинган "Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни, мар-ҳумлар хотирасига бағғишланган тантаналарни тартибга солиш тўғғрисида"ги ПФ-2100-сонли Фармони ҳам айнан шу масалага қаратилган. Яъни, тўй ва маъракаларни ихчам қилиб ўтказиш, ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймаслик.

Аммо шунча тарғғибот-ташвиқот ишлари ўтказилишига қарамай ҳали ҳам баъзи одамларнинг онгида дабдабали тўй қилиш, азани зиёфатга айлантириш, кўчани ЗАГС машиналари билан тўлдириш каби орзу-ниятлар йўқ эмас. Бу орзу-ниятлари кимга фойда-ю кимга зиён келтириши билан эса заррача ҳам иши йўқ. Аммо уларнинг манманлиги, мақтанчоқлигини қандай баҳолаш мумкин? Келинг, шу ҳақда турли касб эгаларининг фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашайлик.

Тўхтахон ХАМДАМОВА, Улуғғнор тумани "Оқ олтин" маҳалла фуқаролар йиғғини диний маърифат ва маънавий ахлоқий тарбия масалалар бўйича маслаҳатчиси:

- Тўй - яхши удум. Яхши тантана. Аммо шу ўринда бир нарсани унутмаслик керак. Тўй маҳалла билан кенгашилган ҳолда ўтказилади. Маҳалланинг отаси, яъни шу ҳудуддаги МФЙ раиси, маслаҳатчилари бор. Ахир халқимиз бекорга маслаҳатли тўй тарқамас, деб айтишмаган-ку. маслаҳат билан пишган тўй ҳамма ҳавас қиладиган даражада чиройли ўтиши мумкин.

Президентимиз Фармонига кўра юртимизда тўйлар ихчам, бир кунда ўтказилиши кўзда тутилган. Бунинг нимаси ёмон? Ахир бу халқ манфаати кўзланганлигию аҳоли иқтисоди билан боғғлиқлиги эмасми?

Биз маҳалламиздаги тўй қилмоқчи бўлган қуда-андалар билан суҳбатлашганимизда энг аввало гапни "Тўйни ихчамлаштиринг. Меъёрни унутманг. Исрофгарчиликнинг кераги йўқ" деб бошлаймиз. Чунки бизнинг асосий мақсадимиз ҳам бизга кириб келаётган ёт удумларни қайчилаб туришдан иборат.

Шуҳрат БОБОЕВ, ҳайдовчи:

- Бундан бир неча йил муқаддам бир масъул раҳбарга ҳайдовчилик қилдим. Биласиз, идорада ҳайдовчининг алоҳида хонаси бўлмайди. Йўлакчада, баъзан эса қоровулхонада вақтини ўтказади. Мен ҳам кўпроқ вақтимни қутидеккина келадиган қоровулхонада ўтказаман. Шундан пайтларда ташкилот қоровулининг ҳатти-ҳаракатларини кузатдим. Ҳар куни туш пайтида бир тўғғрам нон билан бир чойнак чой ичиб қўя қолади. На сомса, на иссиқ овқат ейиш бор. Мен хайрон бўлардим. Наҳотки, шу тушлик билан кечгача юрса... Ёки ўнлаб ўғғил-қизи, дунёча ташвиши бормикин...

Орадан ҳеч қанча ўтмай ўша қоровул тоғғамиз ҳаммамизни тўйга таклиф қилди. қиз узатаётган экан. Жамоа билан бордик. Шунда нима учун яхши тушлик қилмаганлигининг боисини билдим. Тўйга шунақанги катта новвос олибдики, унинг хайбатидан фил ҳуркийди. Дастурхондаги ноз-неъматлар, бир-бирига уланаётган карнай-сурнайлар, қудалар томонидан бир-бирига кўз-кўз қилинаётган сарполар...Ақлим бовар қилмайди. Шунда ўйлаб қолдим. Шунча нарса шартмикин?.. Емай-ичмай тўй қилишдан кимга наф? Бунда одамларимизнинг гўзал удумларидан бўлмиш тўй-соғғ-лиқнинг кушандасига айланиб қолмайдими?..

Ўйлаганимдай бўлди. қоровул тоғға тўй ўтгач, касалликка чалинди. Шифокорларнинг аниқлашларича, бу касаллик яхши емай-ичганликнинг асорати экан. Бора-бора аҳволи оғғирлашиб, тўшакка михланиб қолибди. Айтишларича, озиб кетганмиш. Аммо шуни аниқ биламанки, ўша тўйга кетган сарф-ҳаражатларнинг бирортаси унинг дардига малҳам, "данғғиллама тўй қилишинг шарт" деган одамларнинг бирортаси эса унга тиргак бўлолмади. Шунинг учун меъёрни унутмасак, мақсадга мувофиқ бўлармиди...

Рустамжон ШАМШИЕВ, ёш сураткаш:

- Яқинда уйланмоқчиман. Онам ўтиб кетган. Отам билан бирга яшаймиз. Куни кеча аммаларим мен ёқтирган ва синахта бўлиб қолган қизнинг уйига совчиликка боришди. Аммо улар бизнинг шароитимизни билиб туриб катта шартлар қўйишибди. Бу ҳам етмагандай қизнинг саксон ёшли бувиси "Менинг сураткашга берадиган неварам йўқ", дебди. Айтишича, онахон набирасини тагида машинаси бор, чўнтагида эса доимо катта пул олиб юрадиган йигитга узатармиш.

Бўлғғуси қайнотам билан ҳам суҳбатда бўлдим. Аммо улар ҳам тўй юкини менга юклаяпти. ЗАГСга энг зўр русумдаги машиналар олиб чиқишим, катта қўй беришим, тўйни ресторанда ўтказишим, тилла-тақинчоққа пул беришим шарт экан. Бусиз тўй бўлмасмиш. Мен бироз ноқулай бўлса-да, тўй харажатларини бироз енгиллатишни илтимос қилдим. Аммо улар кўнишмаяпти. Бу ҳам етмагандай иш жойимга қизнинг онаси келди. Менга тўйни қайси ресторанда ўтказишни, унга уч миллион сарф қилишим кераклигини айтди. Бундан ташқари, улар томонидан қилинадиган тўй ҳаражатлари-ю ресторан ижара пуллари ҳам менинг зиммамда экан. Мен уларга ётиғғи билан "Тўйга бир миллион сарф қилиб, қолган икки миллионини тўйдан кейинги харажатларимизга сарф қилмоқчи эканлигимни айтдим. Аммо бўлғғуси қайнонам кўнмади. Тўй карнай-сурнай, куй-қўшиқлар билан дабдабали ўтиши шарт экан. Аммо...

Менинг алоҳида уч хонали уйим бор. қолаверса, келин олиб келиши керак бўлган барча уй жиҳозларини(сандиқ, тўшакдан ташқари) олиб қўйганман. Ҳаттоки, яхши ниятлар билан болаларга мўлжалланган кроватлар ҳам олганман.

Мен севган қиз оилада тўнғғич фарзанд бўлиб, 22 ёшда, ундан кейин эса яна учта синглиси навбат кутиб турибди. Шундай экан, тенги чиқса текин бер, деганларидай бизнинг тўйимизга оқ фотиҳа беришса, яхши бўлармиди?

Аммам яна бир марта совчиликка бормоқчи. Агар яна эски шартлар такрорланса, мен уларнинг шарофати, ҳою ҳаваси эвазига севгимдан воз кечишимга тўғғри келади. Аммо уларнинг шартини сўзсиз бажарган бошқа куёв менинг суйганимни бахтли қилармикин? Наҳотки, бахт пул, давлат билан ўлчанса? Наҳотки, ёши катталар биз ёшларнинг бахтини ўйлашмаса?..

* * *

...Ҳа, бундан кўриниб турибдики, баъзи одамлар ҳали ҳам эскича урф-одатларга ружу қўймоқдалар. "Мен сендан камми?" қабилида чираниб юриб тўй-томоша қилмоқдалар. Аммо бу ниманинг эвазига? Кимнинг парчаланган бахти-ю, саробга айланган соғғлиги эвазига? Буни чуқурроқ ўйлаб, мулоҳаза қилишимизга тўғғри келади. Шундай эмасми?

Улуғғбек АБДУСАЛОМОВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди